«ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАЯНЧ ТОҒЛАРИДАН БИРИ»

Ёки фарғоналикларнинг ибратли ишлари ва ташаббуслари ҳақида

Ҳар бир шаҳар ёки вилоятга таъриф берилганда унинг ўзига хос жиҳатлари эътироф этилади. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд, Бухорои шариф, Тошкент шарқ дарвозаси...

Фарғонага «гўзал» сўзи қўшиб айтилади. Бу сўз чиндан-да Фарғонага муносиб, Фарғонага ярашади. «Гўзал Фарғона» бу номни эшитишимиз билан баҳри дилимиз очилади. Гўзал Фарғонанинг сўлим боғлари, кўркам қишлоқлари ва шаҳарлари кўз ўнгимизга келади. Тепасида доимо қор турадиган, бағри зангори гилам билан қопланган, пойида зилол сувлар шарқираб оқаётган, ранг-баранг гуллар қийғос очилган, минг хил шифобахш гиёҳлар термилиб турган, булутлардан бўса олмаётган пурвиқор тоғлар...

Жуда қадим китобларда номлари қайд этилган Марғилону Қўқоннинг шонли ўтмиши, синовларга тўла кечмиши, дунёга маърифат улашган замонлари, мустақиллик йилларида эришган ютуқлари... Эҳ-ҳе... Фарғонанинг таърифи, табиати бир ён, одамлари бир ён. Асл фарғоналикларнинг кийиниши, юриш-туриши, гап-сўзи ҳам ўзига хос. Дўпписига қараб фарғоналикни дарров таниб оласиз. Ёки хушмуомаласидан, истараси иссиқлигидан ёки «жижга» деган шевасидан биласизки, бу инсон фарғоналик...

Фарғонада кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалиги ва саноатда эришилаётган ютуқлар, одамлар турмушини фаровонлаштириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида кўрсатилаётган ташаббуслар ва айниқса, Марғилонда ўтказилган халқаро фольклор мусиқа фестивали, сўнгра Қўқонда ўтказилган халқаро ҳунармандлик фестивали барчамизга қувонч бағишлади.

...Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган медиа-тур иштирокчилари Қўқон темир йўл вокзалида фарғоналик ижодкорлар ва жамоатчилик томонидан хушнудлик билан кутиб олинди. Ҳамроҳларимизнинг ўзаро гурунгларидан маълум бўлдики, кимдир узоқ йиллардан сўнг яқинда бу шаҳарда бўлган ўзгаришлардан лол қолган, кимдир 3-4 йил илгари келгани, аммо шаҳар ўзгариб кетганини айтади. Дарҳақиқат, кенг ва равон кўчаларни, йўл четидаги турфа гуллар, тартиб билан шакл берилган, дарахтларни кўриб, кўз қувнайди. Бир-биридан муҳташам биноларга қараб, Қўқоннинг мустақилликнинг бошидаги аҳволи хотирага келади. Ер билан осмонча фарқ бор. Одамлар қанчалик ғамга ботиб, бош эгиб юрганидек, бу қадим кўкси яро шаҳар ҳам ғарибона кўринишда эди. Бугун одамларнинг чеҳраси очиқ, юзида табассум бўлганидек шаҳар ҳам чирой очган, гўзал-кўркам...

Автобусга чиққанимизда «Алломалар музейи»га боришимиз эълон қилинди. Шаҳарнинг ҳуснига завқланиб-завқланиб тикилиб, кўнглимизда Қўқондек мўътабар, гўзал шаҳримиз борлигидан ғурурланиб, айтилган манзилга етиб келдик. Кенг ва равон йўлнинг ўнг томонида «Алломалар музейи», чап томондаги 5-қаватли замонавий уйнинг пештоқида «Санъаткорлар уйи» деган ёзувга кўзимиз тушди. Маълум бўлишича, музей ёнгинасида Қўқон драма театри жойлашган экан. Бу уй Президентимиз топшириғига кўра қурилиб, театрда хизмат қилаётган санъаткорларга бепул берилган. Беихтиёр қувонасан, киши. Санъат, театр, маданият кишиларига кўрсатилган бу эътибор ва ғамхўрлик замирида катта маъно-мазмун бор, албатта.

«Алломалар музейи» ичкарисига қадам қўйишингиз билан руҳингизни ажиб бир ҳис-ҳаяжон чулғаб олади. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Муқимий, Увайсий, Нодира каби улуғ аждодларимиз сиймосига тикилиб, хаёлга чўмасиз, фахр-ифтихор қиласиз. Айни чоғда улар олдида қарздорлигингни, уларга муносиб бўлиш масъулиятини англайсан. Бу музей кишига билим беради, ҳузур бағишлайди, катта орзу-ниятларга даъват этади.

Қўқондаги ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан танишиш учун бир кун етмаслигини айтишди.

Медиа-тур дастурига кўра, Қўқондан тўғри Риштонга кулолчилар масканига йўл олдик.

Риштонликлар қадимдан кулолчиликни ҳунардан санъат даражасига олиб чиқишган. Бу ерда кулолчиликнинг ривожланишини тупроқ билан боғлашади. Тупроқ майин, таркиби ўзига хос. Бир замонларда вилоятнинг турли ҳудудларидан кулоллар келиб, Риштондан тупроқ олиб кетишган. Кейинчалик шу ернинг ўзида кулолчилик ривожланиб борган. Ҳозир туманда мингдан зиёд оилавий устахоналар бор бўлиб, етти минг нафардан ортиқ киши ишлайди. Уларнинг ҳар бири учун меҳнат дафтарчаси юритилади.

Устахоналардан бирига кирдик, икки қаватли бинонинг биринчи қаватида оддий тупроқ ва сувдан чойнак, пиёла, коса, лаган, гулдон ўнлаб хил буюмлар ясалмоқда... Фарҳоджон деган уста йигитнинг қўллари чаққон-чаққон ҳаракатланади, кўз ўнгимизда бир зумда чойнакнинг асосини ясади. Қизлардан бири Заргул чойнак жўмрагини ясамоқда. Гулнора, Нилуфар, Маҳлиё ва Обида чойнак-пиёлага гул солмоқда. Ранглар қаердан олингани билан қизиқдик. «Бу рангларда кимё йўқ, дарахтлар пўстлоғи, барглар, гуллар, мевали дарахтлар данакларидан ранглар олинади», дейишди. Яна қўшимча қилишди: «Бизнинг чинниларнинг Хитойникидан фарқи – биз табиий ранглардан фойдаланамиз, барча ишларни қўлда бажарамиз. Хитойда асосий ишларни техника бажаради.

Иккинчи қаватга кўтариламиз, Оҳ-ҳо.. кўз қамашади. Бири-биридан нафис, гўзал турли-туман чинни, сапол буюмлар... Ҳар бирини санъат асари дейсиз. Бу устахона маҳсулотлари 24 мамлакатга экспорт қилинар экан. Дили пок, қўли пок, қалбида самимият, гўзаллик яшаган кишилар бундай асарларни яратиши мумкин. Айтишларича, ҳозир Фарғонага келаётган хорижий туристларда бундай устахона катта қизиқиш уйғотиб, буюмларни иштиёқ билан харид қилишар экан.

Яқин ўтмишда ҳунармандлар тазйиққа учраган даврлар ёдга тушади, улар яширинча қўрқиб ишлашарди. Қўлга тушганлар, жаримага тортиларди, буюмлари тортиб олинарди. Энди ҳунармандчиликни, хусусан, кулолчиликни ривожлантириш бўйича қарорлар чиқмоқда, ҳунармандлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Улар завқ билан меҳнат қилишмоқда. Яна бир жиҳати, ҳунармандчиликни ривожлантириш билан янги иш ўринлари яратилмоқда, маҳсулот чет элга экспорт қилинмоқда. Ҳунармандлар устахоналари туризм йўналишларига киритилмоқда. Буларнинг ҳаммаси фақат фойда келтиради, одамлар манфаатига хизмат қилади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Риштон нафақат кулолчилик, балки бошқа соҳаларда ҳам қувонарли ютуқларга эришмоқда. Бозор янгитдан қурилди, бозор ичида китоб дўкони очилгани ибратли ташаббус бўлди. Ғалла ва пахтадан мўл ҳосил олинмоқда, бунёдкорлик ишлари авжида. Йўллар таъмирланди, уй-жойлар қурилди, канализация ўтказилди, электр тармоқлари янгиланди. Химия ва математика чуқур ўргатиладиган хусусий мактаб, шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаси қурилди. Ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Кўп қаватли уйлар қурилмоқда...

Бир сўз билан айтганда, Риштоннинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, шаҳар тусини олди. Бу ўзгаришлар, табиийки, одамларнинг ҳаёти, давлатга бўлган муносабатини ҳам ўзгартирмоқда...

Олтиариқ туманидаги фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродованинг дала шийпонида учрашув бўлишини эшитиб, ҳаммамиз бирдан қувондик. Чунки жорий йилда бу юксак мукофотга сазовор бўлган Лола Муродова ҳақида кўп яхши гаплар эшитган эдик. Унинг ўзи билан учрашиб, юзма-юз суҳбатлашиш ҳар биримиз учун қизиқарли эди, албатта.

Бағдод тумани далаларидан ўтиб, Олтиариққа боряпмиз. Бодринги, турпи билан машҳур Олтиариқ далаларида, йўллар бўйида батартиб ишлов берилган узумзорларни кўрдик. Эрта баҳорда пахта, буғдой ерларидан 3000 гектари қисқартирилиб, узумзор ташкил этилибди. Яна денг, узумнинг энг яхши навлари етиштирилмоқда – «Келин бармоғи», «Ризамат ота», «Кетмонсопи»... Узумчилик сердаромад соҳага айланиб бормоқда.

Тўғриси, Лола опа билан учрашувдан асосий мақсад ижодкорлар бир бўлиб, уни қаҳрамонлик унвони билан табриклаш, сўнгра бугунги ишлари, режалари ҳақида ўзидан эшитиш эди.

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, халқ шоири Анвар Обиджон, ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, таниқли тилшунос олим, профессор Низомиддин Маҳмудов ва бир гуруҳ бош муҳаррирлар, журналистлар, шунингдек, бизга ҳамроҳлик қилган фарғоналик машҳур ижодкор, Сенатор, халқ шоири Энахон Сиддиқова, Фарғона вилояти журналистлари уюшмаси раиси Муҳаммаджон Обидов каби ижодкорларни кўриб, қаҳрамонимиз хурсандчилигини яширмади.

Медиа-тур аъзолари номидан сўзга чиққан Анвар Обиджон, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад Лола Муродовани қаҳрамонлик унвони билан табриклашди, кўплаб хайрли ишларини эътироф этишди, хирмонига барака тилашди.Қаҳрамонимиз хўжалиги 300 гектар, 410 нафар киши меҳнат қилади. 95 гектар ерда пахта етиштирилган. Иккинчи терим тугамай, режа ошириб бажарилган. Мўлжал – режани 150 фоиз қилиб бажариш.

– Ернинг ёмони бўлмайди, чўлми, қумлоқми, инсон қўлига, меҳнатига боғлиқ, – деди Лола Муродова. – Ерга хиёнат қилмасанг, Худо ҳам бераркан.

Бу сўзлар ҳалол меҳнатидан барака топиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган қаҳрамоннинг ҳаётий хулосалари.

Фарғона вилояти Тадбиркорлар маркази мажлислар залида халқаро матбуот маркази вилоят бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов бошчилигида «Сўз эркинлиги масъулияти» мавзусида тадбир ўтказилди. Маҳаллий журналистлар иштирок этган бу мулоқот қизғин баҳс-мунозара билан ўтди. Сўз эркинлиги, фикр эркинлиги бўйича танқидий фикрлар айтилди, таклифлар билдирилди. Сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, қонунларга эътиборсиз қараш номаъқул ёндашиш экани айтилди. Танқид холис, асосли, маданиятли бўлиши лозимлиги таъкидланди.

«Водий тулпорлари» от комплексида жуда қизиқарли маълумотларни эшитдик. Қайси бир асрларда Хитой императори элчиси томонидан Фарғонанинг қора байир отларидан бир нечтаси Хитойга олиб кетилиб, кўпайтирилган экан. Ҳозирда Пекин ва Урумчидаги от заводларида қора байир отлари етиштирилар экан.

Бугун Фарғонанинг ўзида ҳам бу ноёб отларни кўпайтириш йўлга қўйилган. 8 гектар майдонда отлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, 48 та от боқилмоқда. Той 4 йилда от бўларкан, 10-12 ёшда кучга тўларкан. Бу отлар спорт клубларига, чегарачиларга, Миллий гвардияга етказиб берилади.

Қисқа икки кун орасида кўрган, билганларимизнинг ҳаммасини бир мақолада айтиш қийин, албатта. Аммо бизнинг илтимосимиз билан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида тайёрланган маълумотномалардан айрим рақамларни келтирмасак бўлмайди.

2019 йил сентябрь ойи якуни билан 23724,8 миллиард сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот яратилиб, ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 106,1 фоизга ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми (14348,2 миллиард сўм) 107 фоизни, истеъмол моллари (4557,7 миллиард сўм) 108,7 фоизни, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти (13767,9 миллиард сўм) 104 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 67,6 фоиздан иборат бўлди.

Қайси соҳани олманг, ўсиш, ривожланишни кўрасиз. Айниқса, ташқи иқтисодий алоқаларда эришилган натижалар кишини қувонтиради. Вилоятниг ташқи савдо айланмаси ўтган 9 ой мобайнида 1037,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан экспорт – 436,1 миллион АҚШ доллари, импорт 601,1 миллион АҚШ долларидан иборат бўлмоқда.

Экспортга расмийлаштирилган товарлар ҳажми 408, 6 милллион АҚШ долларини ташкил этди ва ўтган йилга (403,7 миллион АҚШ доллари) нисбатан 409 миллион АҚШ долларига ёки 11,5 фоизга кўпайди. Ҳисобот даврида 22,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги саноат маҳсулотлари 28 давлатга экспорт қилинди. Энг катта улушни Россия, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатлари ташкил этди. Асосан нефть маҳсулотлари, хўжалик моллари, пахта целлюлозаси каби товарлар экспорт қилинди.

Деҳқончиликда фарғоналиклардан ўтадиганини топиш қийин. Узумми, бодрингми, турпми, гилосми – қайси навларини экиш, етиштиришни улардан ўрганиш керак.

Бу йил пахтачиликда ҳам фарғоналик деҳқонлар ибрат кўрсатишди. 26 иш кунида режа бажарилган. Ниманинг ҳисобига бу ютуққа эришилди? Вилоятдаги жами 82,1 минг гектар пахта майдонларининг 9 тумандаги 63,2 минг гектари (77 фоиз) 9 та пахтачилик кластерига бириктириб берилди. 2800 гектар майдонда ғўзани томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.

Олим ва мутахассислар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластер корхоналар таклифлари ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароити, сув таъминоти ҳисобга олиниб, чигит навлари танланди. «С – 8290», «Наманган –77», «Султон», «С– 6524» навлари экилди. Ғўза парваришидан бошлаб йиғим-терим ишларигача аниқ режа асосида олиб борилди... Уларнинг ҳаммасини бориб кўриш, ўрганиш, ибрат олиш керак, деб ўйлаймиз.

Энг муҳим вазифалардан бири – бандликни таъминлаш масаласида ҳам режа октябрь ойигача 105,8 фоизга бажарилган. Яъни, январь-сентябрь ойлари давомида 30431 янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган бўлиб, 8268 лойиҳани амалга ошириш натижасида 32190 иш ўрни яратилган.

Бир пайтлар туман ёки вилоят раҳбари фаолиятига пахта ва ғалла режаси қандай бажарилганига қараб баҳо бериларди. Аниқроғи, бу икки масала ҳокимлар тақдирини ҳал этарди. Энди замон ўзгарди, сиёсат ўзгарди, ҳокимларга талаб ҳам ўзгарди, кучайди.

Энг биринчи савол: одамларни ҳаётдан рози қилиш учун қандай шароит ва имкониятлар яратилди? Инсон манфаати билан боғлиқ Давлат дастурлари қандай бажарилмоқда? Бу саволларга Фарғонада ижобий мисоллар кўплаб топилади. Ҳар бир соҳада ривожланишни кўрасиз. Бу ютуқларга ўз-ўзидан эришилмаган, албатта. Ҳар бир рақам ортида қанчалаб кишиларнинг фидойи меҳнати ётипти.

Фарғонадан қайтаётиб, ўйладик: фарғоналиклар қадим-қадимдан санъат соҳасида ҳам ибрат кўрсатиб келишган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддинқори Ёқубов, Тамарахоним, Гавҳархоним, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Саодат Қобулова, Берта Давидова... Бугун ҳам уларнинг муносиб шогирдлари анъанани давом эттиришмоқда...

Фарғоналик шоирлар – Муқимий, Увайсий, Нодира, Амирий, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон... Ҳар бири буюк, улуғ.

Илм-фан соҳасида ҳам фарғоналик олимларнинг муносиб ўрни бор. Қанчалаб Марғинонийлар, Фарғонийлар етишиб чиқиб, ўлмас асарлар, кашфиётлар яратишган.

Фарғоналик спортчилар ҳам дунё майдонларида мана-ман деганларни доғда қолдириб келмоқда. Боксчилар Элшод Расулов, Бектемир Мелиқўзиев, велоспортчи Сергей Логутин, таэквондочи Акмал Эргашев... Улар кўп, янада кўпаяди.

Бугун қишлоқ хўжалигида ҳам, саноатда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу улкан ютуқларнинг, кўп соҳаларда пешқадамликнинг сабаблари нимадайкин? Фарғонанинг табиатиданми ёки одамларининг табиатиданми? Эҳтимол, Фарғонада ўзбекона урф-одатлар, қадриятлар нисбатан кўпроқ сақланиб қолганидадир?.. Ҳар ҳолда бугун фарғоналиклар кўп ишларда ибрат кўрсатишмоқда. Одамларнинг чеҳраси очиқ, юзида табассум. Кўнгли хотиржам одамнинг чеҳраси очиқ бўлади. Фарғонанинг гўзал манзаралари билан одамларнинг юз-кўзидаги қувонч, файз бир-бирига уйғунлашиб кетгандек...

Муаммолар, қилинажак ишлар ҳам оз эмас, албатта. Бандлик масаласи, аҳолини уй-жой билан тўла таъминлаш, сув таъминоти, маданий ва спорт иншоотлари бунёд этиш, қишлоқ хўжалигига инновацион ғояларни кўпроқ татбиқ этиш...

Булар ҳаммаси бирма-бир бажарилади, албатта. Фарғонада бугун шитоб билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, дадил қадамлар бунга кишини ишонтиради.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 
← Рўйхатга қайтиш