Кешбэк яширин иқтисодиётдан қутқарадими?

 

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб харид чекини «Soliq» мобиль иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқарога харид суммасининг 1 фоизи қайтарила бошлади. Бундан ташқари, харид чекида сиз сотиб олган маҳсулотларингизнинг рўйхати бўлиши керак. Тез орада одамлар қайси харид чеки ҳақиқий ҳисобланади, харид чекини рўйхатдан ўтказиш ва кешбэкни банк картасига тушириш билан боғлиқ масалаларни ўрганиб олди.

Бундан ташқари, Президент қарорига мувофиқ, 1 январдан бошлаб, рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субектлари учун онлайн-НКМ ва виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) мажбурий фойдаланиш талаби ўрнатилган.

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибининг бузилиши бўйича белгиланган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади. Мукофот фуқаронинг банк картасига ўтказиб берилади. Ўтган вақт давомида ушбу тизим қандай ишлаяпти? Бюджет тушумида ўзгаришлар кузатилдими?

 

Мутахассис нима дейди?

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, татбиқ этилган «кешбэк» ва «солиқ ҳамкор» тизимлари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Жисмоний шахсларга харид суммасидан 1 фоизни қайтариш (кешбэк) амалиётининг жорий этилиши савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаб, яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.

Истеъмолчилар бугунги кунга қадар 19,5 миллионта чекни рўйхатдан ўтказган. Уларнинг умумий харид суммаси 17,3 триллион сўмдан зиёд. Ушбу чекларга 173,7 миллиард сўм кешбэк ҳисобланган. Йил бошидан бугунги кунгача истеъмолчиларга 72,5 миллиард сўм кешбек тўланган бўлса, апрель ойида 427 минг нафар фойдаланувчи томонидан шакллантирилган 67,0 миллиард сўм 25 май санасига тўлаб берилади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳалол тадбиркорлик учун тенг рақобат шароитларини яратиш, инсофли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган чоралардан яна бири солиқ органларига солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни мукофотлаш амалиётидир.

Фуқаролар 2022 йил 1 январдан бошлаб «Soliq hamkor» тизими орқали ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганда ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофотланмоқда. Яъни, назорат-касса техникаси ва тўлов терминалларини қўллаш тартиби бузилса, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти ёки тўлов терминаллари орқали сотиладиган товарларнинг нархини сунъий ошириш ҳолатлари кузатилса ариза юборилади. Мурожаатни ўрганиб чиқиб, белгиланган миқдорда чора кўрилмоқда.

Бугунги кунга қадар, 11400 нафардан зиёд фуқаро томонидан «Soliq hamkor» орқали 56293 та мурожаат йўлланган. Шундан 53858 таси (92 фоизи) чек бермаслик ҳолатига тегишли. Банк пластик картаси орқали тўловни қабул қилишни рад этиш бўйича 2079 та, пластик картага маҳсулот нархини қимматроқ сотиш бўйича 231 та мурожаат тушган. Яна 2243 таси бошқа турдаги солиқ ҳуқуқбузарликлари юзасидан юборилган.

Айни пайтга қадар мурожаатларнинг 29925 таси ўрганилган ва уларнинг 97 фоизи ёки 29074 таси ўз тасдиғини топган. 851 та мурожаатда қайд этилган ҳуқуқбузарлик тасдиқланмаган. «Soliq hamkor» орқали мурожаат юборилган 11803 ҳолат бўйича фуқароларга 6,8 миллиард сўм мукофот тўлаб берилган.

Юқорида қайд этилган тадбирлар ўз навбатида маҳаллий бюджетлар даромадини сезиларли даражада ошишига сабаб бўлиб, I чоракда айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 622,4 миллиард сўмни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 бараварга, Фарғонада 1,7 ва Хоразмда 1,5 бараварга ошди.

 

«Анъана» кешбэкда ҳам давом этмоқда

Харид суммасининг 1 фоизини қайтариб олиш имконини берадиган харид чек онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассаларидан чиқарилган фискал белгили матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлиши керак. Бу ҳақида ҳамма юртдошимиз биладими? Марказий шаҳарлардан ташқарида аҳвол қандай?

 

Дилноза ЙЎЛДОШЕВА,

(Андижон):

— Бизнинг қишлоқда QR кодли чек бериш у ёқда турсин, оддий чеклар ҳам берилмайди. Аввало, сотувчилар харид чекини ўзлари бериши керак. Акс ҳолда, харидор талаб қилишга ҳақли. Бироқ одамларнинг ўзлари бу масалага бепарво. Шу сабабли муддати ўтган ёки сифатсиз маҳсулот сотиб олганда буни исбот қилиб бера олмайди.

Пойтахтда яшайдиган жияним ойлик харидларнинг бир фоизи харидорга қайтарилишини айтгандан кейин чек сўрай бошладим. Шунда ҳам чеклар кодли бўлиши кераклигини билмагандим. Чекларни расмга олиб, жиянимга юборгандим. Андижон шаҳридан китоб сотиб олган эканман, 2021 йилнинг декабрь ойида. Шуларда штрих код бор эди. Бошқалари оддий чеклар. Фақат шундагина QR код бўлиши кераклигини билдим. Қандай қилиб рўйхатдан ўтказишни ҳам сўраб олдим. Лекин қишлоғимизда ҳали бирор бир дўконда бундай чек берилмади. Мен ҳам сўрамайман.

 

Чингиз НОРҚУЛОВ,

(Самарқанд):

— «Soliq hamkor» тизими ҳақида эшитганман. Аввалига шов-шув бўлди. Кейинчалик «фоизи жуда кам экан», деб одамлар қизиқиш билдирмади. Харидор ўзи чекни талаб қилмагандан кейин сотувчи ҳам эътибор бермайди. Чунки қанча кам чек берилса, шунча кам солиқ тўлашини у жуда яхши билади. Фуқаролар эса бундан бехабар.

Шундай бўлса ҳам, баъзи юртдошларимиз чек сўраганини кўряпман. Айрим ҳолларда уларнинг талаби қондирилмаяпти. Қарабсизки, дарҳол ариза юборяпти. Лекин чекни ўзи олмай туриб, «ҳуқуқим бузилди», деб мурожаат йўллаётган айрим кимсаларни қоралайман. Ўзим ҳам шахсан бир нечтасига гувоҳ бўлдим. Менимча, бу тизимни яна бир кўриб чиқиш ёки назоратни кучайтириш лозим.

 

Қаҳрамон МЎМИНОВ,

(Сурхондарё):

— Музрабод туманида яшаймиз. Ҳеч унақа чек ҳақида эшитмаган эканман. Туманимизда ҳам, қишлоғимизда ҳам кодли чек у ёқда турсин, оддий чек ҳам берилмайди. Одамлар ҳам сўрамайди. Сотувчи ўзи инсоф қилиб, чек узатса, қайтармаймиз, албатта. Лекин қишлоқнинг содда одамлари сўраб олишга одатланмаган.

Ёлғон бўлмасин, бир-икки марта телевизорда кўзим тушди. Қанақадир солиқдаги янгиликлар ҳақида гапиришди. Қандайдир чекни талаб қилиш, бермаса, қайсидир рақамларга мурожаат қилиб, ҳолатни билдириш ҳақида тушунтирди. У қадар эътибор қаратмадим. Бу ҳам кимнинг манфаатигадир-да, деган хаёлга бордим. Давлат учун бўлса, албатта, сўраш керак, бефарқ бўлмаслик керак.

 

Илтимос, чекингизни олинг!

Бекзод АЛИЕВ,

сотувчи (Тошкент):

— Айрим харидорлар чек чиқаргунимизча кутиб турмайди. Нарсаларини олади-да, тез кетворади. Шахсан бизга харидорларнинг чеки керак эмас. Шу сабабли огоҳлантирувчи ёзувлар ҳам илиб қўйганмиз. Чунки айрим виждонсиз кишилар чекни олмай чиқиб кетади-да, солиқ иловасига устимиздан арз қилади. Чек берилмаганда дўкон эгалари катта миқдорда жаримага тортилиши ва сумманинг 20 фоизи мурожаат эгасига берилиши белгиланган. Бу эса айрим шахсларга қўл келиб, йўқ ердан катта-катта жарима тўлашимизга тўғри келяпти. Касса аппаратимизга киритилган, чек чиқарилган. Шунда ҳам биз жавобгар, биз ноҳақ бўлиб қоляпмиз.

 

Дилдора МАҲМУДОВА,

сотувчи (Тошкент):

— Дўконда оилавий ишлаймиз. Акам, опам, баъзан онам ҳам кассада ўтиради. Тўғрисини айтсам, кодли чек берадиган аппаратни ишлатиш тизими бироз мураккаб. Ёшлар буни эплаймиз, лекин катталар тушунмайди. Агар шунақа пайтда ҳақини талаб қиладиган харидор келиб қолса, тушунмовчилик бўлади. Онам тушунмаслигини айтса, мижоз баҳона, деб қабул қилади. Дарров солиқ иловасига ариза беради. Қарабсизки, жаримага тортиламиз.

Кўпчилик кодли чек сўрамай қўйди. Биз ўзимиз чек керакми, деб сўраймиз. Чунки йирик супермаркетлардан фарқли равишда бизда дўкондаги ҳар бир маҳсулотнинг номи, нархи қўлда киритилади ва чек беришда ҳам шу тариқа қидириб топишимизга тўғри келади. Бу бироз вақт олади. Одамлар эса кутишни истамайди. Бир-икки марта шунақа бўлгач, чек сўрамай ҳам қўйишади ёки кутишни истамаган одам ҳам устимиздан арз қилади. Демак, яна жарима.

 

Режалар ҳам бор

Маълум бўлишича, сервис соҳасида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Чора-тадбирларда сервис соҳасидаги рақобат муҳитини бузадиган имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиниши, жисмоний шахслар фаолияти легаллаштирилиши (1 млн.дан ортиқ), логистика соҳаси, божхона брокерлари фаолияти, курьерлик ва риэлторлик хизматлари тартибга солиниши белгиланган.

Шунингдек, сервис соҳасида фаолият юритаётган, 2021 йил учун «Ноль» ҳисобот топширган 6 мингта қўшилган қиймат солиғи тўловчилар фаолияти ўрганилади ва кўмак берилади. Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қарор билан жорий этилган имкониятларни тадбиркорларга етказиш орқали норасмий ишчилар расмий фаолиятга ўтказилади.

Айтиш керакки, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланган.

 

Демак…

Кичик ўрганишларга қараганда, «Soliq hamkor» тизими республикамизнинг барча ҳудудида ҳам бирдек оммалашмаган. Ушбу илова асосан марказий шаҳарларда қўлланилаётгани инобатга олинса, имкониятларни янада кенгайтириш ҳамда бюджет тушумини ошириш мумкин. Ана шунда яширин иқтисодиёт кўрсаткичларини бироз бўлса-да камайтиришга ҳисса қўшилган бўларди. Зеро, халқаро консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда аниқланишича, Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт кўрсаткичи 48 фоиздан 62 фоизгача экан. Бу ҳақида жорий йил февраль ойида АОКАда бўлиб ўтган брифингда таъкидланган эди. 2021 йил учун бу борадаги аниқ рақам очиқланмаган бўлса-да, ҳануз кескин ўзгариш бўлганига умид йўқ.

Яна бир масалани унутмаслик керак. Аксарият фуқаролар пластик картадан савдо қилади. Ундан ечилган пул ҳақида чек берилади. Кўпчилик шу чекни харид чеки билан адаштириши мумкин. Шу сабабли ҳам талаб қилмайди. Сотувчилар учун эса бу қўл келади. Баҳона тайёр: «ўзи сўрамади-ку». Яширин иқтисодиётга барҳам беришнинг ҳар қандай усули маъқул. Бунда эса одамлар фаолроқ бўлиши, ҳақни ноҳақдан ажрата олиши, ҳуқуқини талаб қила олиши зарур.

Ҳалолидан бўлсин!

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 18.05.2022, №20

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш