Туркий давлатлар ташкилоти: Янги мақсадлар сари интилмоқда

 

Дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнида ҳар бир давлат қўшни ҳамда ҳамкор давлатлар билан ҳар томонлама, икки томонлама муносабатларини кучайтириши зарур. Мазкур муносабатлар халқаро ҳуқуқ нормалари, миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган талаблар доирасида амалга оширилиш лозим бўлади.

Туркий давлатлар ташкилотининг мақоми йил сайин ортиб бормоқда. Унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас. Негаки мазкур ташкилотнинг мақсад ва вазифаси, фаолият йўналиши, ўзаро муносабатларда тенглик ҳамда ишонч масалаларига қаратилганини таъкидлаш лозим.

Дарҳақиқат, халқларимизнинг умумий тиллари ва қадриятлари асосида ташкил этилган мазкур ташкилот доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йил Озарбайжонинг Нахичеван шаҳрида тегишли давлат раҳбарлари иштирокидаги саммитда ташкил этилган бўлиб, 2021 йил ноябрида мазкур Кенгашнинг Туркиянинг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Туркий давлатлар ташкилоти, деган янгидан номланди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битими ташкилотнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йил сентябрь ойида қўшилди. Ҳозирда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар сирасига Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон кирадиган бўлса, кузатувчи давлатлар қаторига эса Венгрия ҳамда Туркманистон давлатлари киради. Унинг асосий мақсади сифатида иштирокчи давлат ўртасидаги ўзаро савдо, инвестициявий, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият ҳамда бошқа соҳалардаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш вазифаларини кўрсатиш мумкин.

Шу вақтга қадар Президентимизнинг 20 дан ортиқ таклифлари мазкур ташкилот томонидан инобатга олиниб, амалиётга жорий қилинди. Мисол тариқасида, Ўзбекистонда ёш тадбиркорлар форумини ўтказиш, транспорт ва божхона тизимида рақамлаштириш лойиҳасини жорий қилиш, табаррук зиёрат лойиҳасини ишлаб чиқиш, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни жорий қилиш, экология, ахборо технологиялари соҳасида халқаро конференциялар ташкил қилиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг июль ойида Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси бўйича ташаббусни юқори савияда ташкил этиш, соҳадаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида “Туркий давлатлар билан туризим соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Албатта, мазкур қарор ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Ташкилот доирасида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 20 октябрь куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотлари раҳбарлари кенгашининг низоми имзоланди. Мазкур ҳужжат туркий халқлар тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, муштарак қадриятларни кенг ёйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли соҳалардаги алоқаларни янада равнақ топишига хизмат қилади.

Жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпон-Ота шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти парламент ассамблеясининг 11-ялпи анжумани бўлиб ўтди ва анжуман якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилоти ХII Бош Ассамблеясининг Чўлпон-Ота декларацияси қабул қилинди. Шунга ўхшаш бошқа кўплаб ўзаро ҳамкорлик келишувларини санаб ўтиш мумкин.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 349-бандида йирик тадбирларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда глобал ташаббусларини илгари суриш масаласи белгилаб қўйилган бўлиб, бу орқали Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон раислигини самарали ва фаол амалга оширишни ташкил этишни назарда тутмоқда.

Назаримизда, Туркий мамлакатлар янги ташкилотининг асосий вазифаси шундайки, энди сон эмас, балки сифат устида иш олиб борилади. Айтиш мумкинки, Туркий давлатлар ташкилоти қардош халқларнинг умумий фаровонлиги ва равнақига хизмат қилишига ишонамиз.

Самарқандда ўтказилиши кутилаётган саммит давомида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қатор устувор йўналишлар бўйича кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича тарихий қарорлар қабул қилинишига шубҳа йўқ.

 

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,

Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори.

«Ўзбекистон овози», 9.11.2022, №45

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш