Туркий давлатлар бу туркий тилида сўзлашувчи халқлар яшайдиган минтақалардир. Уларнинг тили бошқа бўлиши, турли ҳудудларда истиқомат қилиши асл ҳақиқат, яъни илдизлар бирлиги, мақсадлар муштараклигига таъсир қилмайди. Бир мушт бўлиш эса дунё тамаддунига ҳисса қўшган туркийларнинг кучини, нималарга қодирлигини намойиш этади. Зеро, ер юзидаги билим ва маданиятнинг риовжланишида, ҳозирги нуқтага келишида ҳам туркий халқларнинг беқиёс ўрни бор.
Туркий халқларнинг маданияти, урф-одатлари, дунёқараши кўп нуқталарда кесишади. Хусусан, кино оламида ҳам яхши натижалар кўрсатиш мумкин. Сабаби, бугун шундай бир даврки, жаҳондаги айрим кучлар кино орқали оқни қора, қорани оқ, мазлумни золим, золимни эса мазлум қилиб кўрсатишга уринмоқда. Тарихда бўлгани каби баъзи уринишлар туркийларни доим қолоқ ҳолатда намойиш этишга қаратилган. Энди туркий халқлар дунёга ким ваҳший, ким маданий эканини, ўзи ҳақидаги ҳақиқатни кўрсатиб бериши зарур.
Туркияга сафаримиз чоғида ушбу фикрлар тез-тез қулоққа чалинди. Вазирлару мутахассислар ҳам буни ишонч билан таъкидлади. Биз билан суҳбатда бўлган Туркия — Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Осман Местан ер юзидаги тараққиётда туркийларнинг ҳиссаси ҳақида гапирди.
— Бугунги кун ёшлари ҳаётда бўлмаган қаҳрамонларни бордек кўрсатишлар, уринишлар акс этган фильмларни кўриб улғаймоқда, — деди Осман Местан. — Афсуски, улар кияётган либосларда ҳам ана шундай сохталик акс этган. Лекин бизнинг тарихимиз Жалолиддин Мангуберди, Селжуқ, Эртуғрул, Усмон ғозийлар, Ғазнавий Маҳмуд, Фатиҳ султон Маҳмуд, Амир Темур сингари ҳақиқий қаҳрамонлар билан тўла. Бундан ташқари, Манас, Оғуз ота, Қорқут ота каби эпосларимиз ҳам улар ҳаётдан олинган шахсларни ифодалайди. Улар мавжуд бўлган. Туркий халқлар санаб адоғига етиб бўлмайдиган алломаларига эга. Улар – цивилизация асосчилари. Улар – бизнинг аждодларимиз. Эндиликда янгидан бу ҳақиқатни юзага чиқариш, дунёга ким эканимизни кўрсатиб қўйиш вақти келди. Халқларимиз айнан ушбу мақсадда бирлашмоқда.
Йиллар давомида арзимас сабаблар билан бир-биримиздан узоқлашиб кетдик. Туркий халқлар муносабатларида бир муддат узилиш кузатилди. Яъни, айрим сабабларга кўра истасакда ҳамкорлик қилолмадик. Бу йилларнинг ўрнини тўлдириш керак. Иккинчи томондан эса шундай бир улкан дунё борки, биз уларга ўз маданиятимизни тушунтириб беришга мажбурмиз ва буни биргаликда амалга оширишимиз зарур. Ишонаманки, Қозоғистон бўладими, Озарбайжонми ёки бошқа туркийлар бўлган ҳар қандай ҳудудда улкан ишлар амалга оширилади.
Дарҳақиқат, мамлакатларимиз бирлиги бугунги таҳликали замонда муҳим аҳамият касб этади. Бунда эса бевосита халқларимиз бирдамлиги, дўстлигини мустаҳкамлаш лозим. Аввало ўзаро борди-келдини кўпайтириш керак. Айниқса, оддий одамлар бир-бири билан кўпроқ ҳамсуҳбат бўлиши, яқин қўшнилари, яъни қардошларини таниши, яқиндан билиши жуда муҳим.
Кейинги йилларда жаҳон сиёсатида туркий давлатлардаги ижобий ўзгаришларга, ривожланиш тенденцияларига, шунингдек, ўзаро алоқалар эволюциясининг моҳияти ва кейинги тараққиётига нисбатан қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида тез-тез таъкидланмоқда. Аслида ҳам шундай. Бироқ буни халқ қанчалар ҳис қиляпти, умуман, одамларга бу ўзгаришлар, дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиши қанчалар муҳим? Ана шундай ўй-хаёллар оғушида қўшни мамлакатлардан келган ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашамиз. Уларнинг кўзлари ёниб турганини ва бу ифода қалбни намойиш этаётганини англаш эса у қадар қийин бўлмайди.
Озарбайжонлик журналистлар билан гаплашар эканмиз, улардан бири эътироз билдирди. Нега туркий халқлар бўла туриб, бир-биримизга рус ёки инглиз тилида фикримизни ифодалашимиз кераклиги ҳақида сўраб қолди. Дарҳақиқат, бу бир парадокс эди. Аслида туркийларнинг бирдамлиги, дўстлиги ва алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа кузатувчилари ўз тилларида мулоқот қилиши керак, деган қарорга келинди. Шундай бўлди ҳам. Қарабсизки, кимдир ўзбекча, яна биров қозоқча, хуллас, ҳамма ўз тилида, туркийда гапирди. Муҳими, ҳар ким ўз тушунчаларини ўз тилида ифода этаётганида янада кўпроқ диққатни тортди. Шунда тушундимки, биз чиндан ҳам бир дарахтнинг шохларимиз. Биз, туркийлар бир-биримизга қараб, кимлигимизни билиш вақти келди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА.
«Ўзбекистон овози», 9.11.2022, №45