Марказий Осиёнинг янги кун тартиби

 

Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва халқаро экспертлар мулоқот майдонини яратиш масаласи Тошкентда ўтказилган форумда муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасида икки томонлама муносабатлар йўлга қўйилган эди. Аммо, тан олиб айтиш керакки, кўптарафли ҳамкорлик деярли йўқ эди. Марказий Осиёда муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, юқори даражадаги ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Авваллари давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувлар, ўтказилган мулоқотлар ҳақида ҳисоботлар берилар эди. Эндиликда уларни санаб адоғига етиб бўлмаяпти. Сабаби, улар тизимли характер касб этди.

Дастлабки босқичда кичикроқ муаммолар ҳал этилишига эришилган бўлса, энди бизни янада жиддий масалалар кутмоқда. Яратилаётган алянс орқали биздан халқларимиз, давлатимиз нима кутаётганини белгилаб, ана шу асосда чора-тадбирларни йўлга қўйиш лозим. Мазкур альянс доирасида келгусида Марказий Осиё давлатлари экспертларининг бирлашиши ҳамда минтақанинг ягона тақдир эканини англаши, буни жамиятга тушунтира олиши каби фаолликлар юзага чиқади. Чунки экспертлар жамияти ҳар қандай жамиятдан бироз устунроқ ҳисобланади.

Интеграция ва яқинлашув жараёнлари янги кун тартибини шакллантиради, янги масалаларни ўртага ташлайди. Ҳукуматлар, парламентлар ва бошқа тузилмалар томонидан муайян тармоқни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқишда мутахассислар кўмаги талаб этилади. Бунда Марказий Осиёда фаолият юритаётган «ақл марказлари» салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Форумда миллий ва хорижий экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда таҳлилий-тадқиқот марказларининг иштирокини кўриб чиқди. Уларнинг фикрича, минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, замон чақириқларига умумий ёндашувни ишлаб чиқишда «ақл марказлари» (think tanks) муҳим ўрин тутади. Марказий Осиёдаги вазиятни таҳлил қилишда минтақавий мустақил экспертлар вазирлик ва идоралар, давлат «ақл марказлари» томонидан илгари суриладиган «биринчи фикр (ёки қараш)»га «муқобил фикр (ёки қараш)»ни ҳам бериши мумкин.

Минтақадаги нодавлат экспертлар баҳосига ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида Форум иштирокчилари «Марказий Осиё мустақил экспертлар альянси» платформасида экспертлар тармоғини яратиш ташаббуси билан чиқди. Тармоқнинг ўзига хослиги Марказий Осиёдаги асосий жараёнларни умумминтақавий даражада ўрганиш бўлади.

Тадбир якунида минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари сурувчи Марказий Осиё эксперт-таҳлилчилари тармоғини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мутахассислар, шунингдек, 20-30 йилга мўлжалланган режаларни тузиш кераклигини таъкидлади. Минтақа тақдирини белгиловчи муҳим қарорларни қабул қилиш, Марказий Осиё ўз стратегиясини ўзи яратиши зарур, деган тўхтамга келинди.

Ўзбекистонлик эксперт Камолиддин Раббимов дунёдаги сиёсий жараёнлар ва уларнинг минтақага таъсири, Марказий Осиёнинг интеграциялашуви, ривожланиши ҳақида гапирар экан, жумладан, минтақа давлатлари сиёсий бошқарувда непотизмдан воз кечиши кераклигига урғу берди. Бу давлатлар ривожланишни истар экан, республикачилик тизимини ривожлантириши лозим.

 

Раббимов, шунингдек, ҳар томондан ўраб олинган минтақада жойлашган мамлакатларнинг умумий тақдирига дахл қилувчи муҳим қарорларни модуллаштириш таклифини илгари сурди.

Форумда минтақа мамлакатларидан 100 дан ортиқ жамоат ва сиёсий арбоблар, экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари вакиллари конструктив мулоқот форматида минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва вазифаларини муҳокама қилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 16.11.2022, №46

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш