Сиёсий эслатма

 

Бундан 15 йилча аввал, матбуотнинг қаттиқ нонига ризқимиз қўшилаётган пайтларда таҳририятда шошилинч йиғилишга чақиришди.

Ўртага катта телевизор жойлаштириб, фильм десак бўлмас, видео қўйиб беришди. Унда турли таҳририятларда ишлаган ходимлар ўша пайтдаги миқдорга кўра 1 тадан 10-15 тагача тушликка етадиган миқдорда ноқонуний пул олгани ҳақида ҳикоя қилинди. Мусиқалари қўрқинчли кинолардагидек эди.

Видео тугади, ўзини жиддий тутадиган собиқ идора ходими (у ҳам бегона эмас, матбуотдан чиққан) қовоғини осилтириб, насиҳат қилган бўлди. Қўрқишимизни истагани билиниб турарди.

Шу воқеадан кейин кўп ўтмади, тўрт қатор журналистик матн ёзиб, ўтказиш қийин бўлиб қолди. Масалан, “Кампиртепа” деган маҳалланинг 100-200 йиллик номи ишлатилгани учун ҳам шубҳа остига олишлар бошланди.

2 та жумлани келиштириб ёзолмайдиганлар “папка-папка” мақолаларни ўқиб берадиган ҳолатлар бўлди. Матбуот ходимларини ёппасига муттаҳамга чиқаришни истовчи шарпалар кўпайди. 37-йиллар қаҳратони қайтиб келгандек туюлди.

Совет даврида ҳам прокурорлар билан ҳақиқат учун талаша олган, устозимиз, хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов ўша йиллари нимадир сабаб бўлиб, менга бир гап айтди. “Ҳеч қачон қаттиқ қўрқманг, эҳтиёт бўлсангиз етарли, бу кунлар ўтади, лекин ҳозир қўрқсангиз, қўрқув қонингизга ўтириб, кейин болаларингизга ҳам ўтади. Қўрқув генга ўтириб қоларканда…” Бу гаплар нимагадир охирги кунларда хаёлга келадиган бўлиб қолганди.

Қўрқув ҳисси жамиятга ўтириб қолиши қандай оғир оқибатларга олиб бориши мумкинлиги ҳақида китоб бўладиган гаплар ёзишнинг ҳожати йўқ. Шусиз ҳам ўша пайтда жамиятда қандай мудҳиш руҳият ҳукм сурганини билганлар яхши билса, эсласа керак. Бундан ким нима ютганини англаб етиш қийин, лекин Ўзбекистон нималар ютқазгани ҳақида бир нечта китоб ёзса бўлади.

Бугунги кунларга қайтсак. Йил бошида бир-икки нафар журналистика ичида юрган шахслар ҳибсга олинди. Қонун бўйича иш кўрилаётгани ҳақида баёнот берилди.

Орадан кўп ўтмай, Адлия вазирлиги, унга боғлиқ манбалар кетма-кет эслатма, огоҳлантириш бера бошлади. Сарлавҳалари камида қизиқ: “Журналист матбуот эркинлигидан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳақли эмас!”. “Журналистларга эслатма: товламачилик, фирибгарлик, ўғрилик – буларнинг фарқи нимада?”

Вазирлик нотўғри талқинларга муносабат билдирди. Бу ҳам керак. Лекин фикр талқини ва фикр таҳрири орасидаги чегара жуда нозик.

Кўп гапирмайлик, шу саволнинг ортидан яна бир савол. Бир пайтлар қоракўз мухбирларга қўйиб берилган видео билан ҳар хил эслатма ва огоҳлантиришларнинг ўзаро ўхшаш хусусияти борми? Бу саволга вазирлик ёки бошқа идораларимизнинг жавоб бериш эҳтимоли кам.

Бўлмаса, бошқа савол ҳам бор. Охирги пайтларда прокуратура, миллий гвардия, суд, ички ишлар ходимлари пора билан қўлга тушаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам жуда камайиб кетгани йўқ. Нега, масалан, “суд мустақиллигидан, прокурор қонун устуворлигидан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳақли эмас”, деган огоҳлантиришми, эслатмами берилмаяпти?..

Қонун ҳамма учун тенг. Суд қарорига кўра, жиноятчи журналистми, прокурорми ёки ундан каттароғими – жазосини олиши шарт. Бўлди, бошқа масала йўқ. Матбуотга аралашиб юрганларнинг ҳаммаси фаришта эмас, бошқа соҳадагиларнинг ҳаммаси фаришта бўлмагани каби.

Тадбиркорлик ёки бирор ҳунарни ўрганаётган одам қонунчиликдаги нозик жиҳатларни билмагани учун шартта жазоланмаяпти, тиқиб қўйилмаяпти. Ҳозирги сиёсат яхши ниятда юриб, бир нарса яратаман деб ҳаракат қилаётганларни билиб-билмаган хатоси учун жазолаш эмас, тушуниш, хатоларни тузатишга имконият беришдек оқил йўналишга тушиб олган. Буни унутмаслик муҳим.

Бу билан асло бошқа нарса демоқчи эмасман. Журналист айбдор бўлса, албатта, қаттиқ жазоланиши зарур. Лекин битта-иккита кишини кўрсатиб, қолганларга қош чимиришга уринилса, бу жуда эски, обрўси қолмаган усул бўлади.

Ҳар хил бўлмағур хаёлларга чўмиб юрганимизда, Президент, гўё сезиб тургандек, Қашқадарёда туриб, аниқ тушунтириш, эҳтимол кимларгадир сиёсий эслатма, ОАВ ходимларига эса далда берди.

“… Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?.. Шунинг учун эркинлик нафаси, оммавий ахборот воситаларини дўст билиб, нур устига нур, гапирсин, адолатли гапирсин…”

Бу гапларнинг замирида аччиқ, чуқур хулосалар, катта ва кенг маънолар бор. Ҳар ким ўзига керагини, ўзига аталганини ҳам олади.

Кўп гапга не ҳожат. Икки фарзандим бор, минг шукр, энг катта ниятим улар қўрқишини истамайман.

Генимизга ўтириб қолмаган, деб умид қиламан.

Бугун баҳорнинг биринчи куни экан. Яшасин, эркинлик нафаси!..

 

Тўлқин Тўрахонов

«Ўзбекистон овози», 1.03.2022, №8

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш