Ўзбекистон фуқаролари Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда бормаслиги қатъий тавсия этилади
 
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга биноан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати кўраётган қатъий чораларга қарамасдан коронавируснинг янги шакли (2019-nCoV) тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Вирусни юқтирганлар сони 6 мингдан кўпроқни ташкил қилиб, касалликдан вафот этганлар сони эса 130 нафардан ошди. Бундан ташқари, касалга чалинганлар қатор бошқа давлатларда ҳам аниқланди.
 
Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Бош консулхонаси Ухан шаҳри ва карантин жорий қилинган бошқа шаҳарлардаги ҳамюртларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда марказий ва маҳаллий ҳукумат идоралари билан биргаликда юзага келаётган муаммолар, шу қаторда маиший масалаларни тезкорлик билан ҳал қилмоқдалар.
 
Ватандошларимизнинг соғлиғига бўлган эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароларига Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда ташриф буюришдан тийилиб туришлари қатъий тавсия этилади.
 
Январь ойида Ухан шаҳридан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалар зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишлари зарур.
 
Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига +86 135 1102-4242 (Бобур Яҳяев), +86 139 1175-4476 (Шуҳрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255-5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 
 
← Рўйхатга қайтиш