ЖАМОЛ АКА ҚУРАЁТГАН ИМОРАТЛАР

замонавий, мустаҳкам ва кўркам

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида Қамаши туманининг Ёртепа ҳудудида бўлган кучли зилзила атрофдаги туманларнинг биноларига ҳам катта зарар етказган эди. Яккабоғ шаҳридаги бир мактабнинг эски спорт зали деворлари қулаб тушгани ёдимда. Қарангки, Шаҳрисабз туманидаги «Шовкан» қишлоғида етмишинчи йилларнинг охирида қурилган қўш қаватли уйлар, 32-мактаб, болалар боғчаси, хўжалик идораси бинолари деворига бирорта ҳам дарз кетмабди. Уларни машҳур бинокор Олимжон ака Комилов бригадаси қурган экан. Биз у кишининг шогирдларидан бири бугун қураётган бинолар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

 

...Бу бино билан таниша бошлаганимда, аввал ҳайратландим. Кейин эсимга қадимий Қурия давлати ҳақида ҳикоя қилувчи кўп қисмли бадиий фильм тушди. Унда оддий раққосадан туғилган ҳукмдорнинг бешинчи ўғли табиат бағрида улғайиб, кўп илмларни мустақил эгаллайди. Бод касалига учраган подшо — отаси ётадиган хонанинг оёқ остини ташқаридан ўт ёқиб, иситиладиган қилиб беради. Бу воқеага қарийб минг йиллар бўлган экан.

Бугун Жанубий Корея жаҳоннинг тараққий этган давлатларидан бири — юртимизнинг яқин ҳамкори. Мен кўздан кечираётган ушбу бино шу мамлакатнинг намунавий лойиҳаси асосида қурилаётган болалар мактабгача таълим муассасаси экан. Пол иситилар экан, бошқа кўплаб қулайликлар бор.

— Иккинчи қаватга ҳам чиқинг, — дейди ҳамроҳим – Яккабоғ туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Собир ака Арипов. – Зиналар, эшик-деразалардан бирор қуср топа олмайсиз.

— Мен қурилишлар ҳақида кўп ёзганман, — дейди ҳамроҳим – туман газетаси муҳаррири Бозоржон Азизов. – Бинокорлар бошқа тумандан бўлгани боис, ушбу иморатни бир неча бор келиб, кўриб кетдим. Битгач, эринмай, барча ишларини «тафтишдан» ўтказдим. Кўнглим тўлди. Қани энди, бошқалар ҳам шундай ишласа.

— Рости, 120 болага мўлжалланган бу муассаса биноси қурилишини ким олиб боради, қандай бўларкин, деб чўчиганмиз, тан олади туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари Матлуба Рўзиева. – Йўқ, қурувчилар меҳнатини кўриб, хавотиримиз тарқаб кетди. Мана қаранг, болалар дам олиши, ўйнаши, овқатланиши, ўқиб-ўрганиши учун барча шароит ҳозирланган. Ошхона табиий газга уланган. Ҳаво айланиши, санитария тизими соз. Барча хоналарга кузатиш камералари ўрнатилган. Қурувчилар, уларнинг раҳбари Жамол акадан розимиз. Бу ташкилот ҳозир туманимизда янги ёпиқ сув ҳавзасини қураяпти...

Мен ҳам журналист сифатида кўплаб қурилиш объектларида бўлганман, ёзганман. 90-йилларнинг охирида Яккабоғ қурғони ва Китоб шаҳри марказида қурилган коллежларнинг лойиҳаси пала-партиш тайёрлангани, ўта сифатсиз тикланганини ёзганман. Ўтган йили вилоят газетасида биноларга жуда сифатсиз ғиштлар ишлатилаётгани ҳақида суратли танқидий мақолалар чоп этилганди. Ана шулар ҳақида мурожаат қилганимда, қурилишлар экспертизаси бўйича вилоят бўлими раҳбари (у киши узоқ йиллар вилоят ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган) Эркин ака Мамадиёров шундай деганди:

— Замоннинг қанчалик ўзгарганини кўряпсизми? Ҳозир вилоятда юзлаб ғишт, темир-бетон, қум-шағал, буёқ ва бошқа ноёб қурилиш ашёлари ишлаб чиқараётган корхоналар бор. Лойиҳалар-чи? Одамлар ўзлари борган мамлакатларда кўрган биноларга ўхшатиб, уй қуриб беришни усталардан талаб қилишмоқда. Ўзимизда, маҳаллий шароит, миллий анъана ва замонавий меъморчиликни пухта эгаллаган лойиҳачилар етишиб чиқмоқда. Мен ҳам қурувчиман, бинолар лойиҳаси, сифатига катта эътибор бераман. Жамол Ғаффоров вилоятдаги энг тажрибали қурувчилардан бири. Шунинг учун буюртмачилари кўп, одамлар ундан рози. Жамолбек қураётган иншоотларнинг ҳаммаси гўзал, нафис ва пухта...

Эркин аканинг гапларидан кейин қурилишларга ўзгача назар ташлайдиган, буюртмачиларнинг фикрини сўрайдиган бўлдим. Эсимда, Китоб шаҳрининг катта йўлга туташ қисмида икки-уч йилдан буён ободончилик ишлари давом этаяпти. Ёшлар учун кўп қаватли иккита бино тикланди. Ип-йигирув корхонаси қайта жиҳозланиб, хорижга маҳсулот экспорт қилиняпти. Корхонанинг теннис корти таъмирланиб, ёнида мини футбол майдончаси бунёд этилди. «Воҳа гулшани» хусусий корхонасининг қўш қаватли кўркам биноси қад ростлади. Шу жойда анча бўш майдон бор эди. Бу ерда икки йил ичида катта қурилиш ишлари олиб борилди. Ёпиқ бассейн ўтган йил апрель ойида фойдаланишга топширилди.

Ўрта бўй, оққувадан келган, мулойим гапирадиган Жамол ака Ғоффоров спорт мажмуасининг ички қисмини кўрсатди. Совуқ кунларда бино ва ҳовуз суви иситиларкан. Барча хоналар дид билан жиҳозланган. Қопламалар нафис гиламга ўхшайди. Қониқиб, рози бўлиб ташқарига чиқаман. Оппоқ гуллаган ўрик дарахти тагидаги стулга ўтириб, атрофга разм соламан. Артизан қудуқ ковланибди. Анча ерга тартиб билан гуллар экилибди.

— Жамол ака, мана шу чинорларга қараб юрагим увишди, кейин қувондим, гап бошлайман. Нега дейсизми? Қарши, Шаҳрисабз, шу Китобда ҳам анча чинорлар кесилиб кетди. Айтинг-чи, қайси тиббиёт институти тадқиқотчилари чинорлар нафас буғиш ва бошқа касалликларни тарқатишини илмий жиҳатдан исботлаган? Тўғриси, бунга ишонмайман. Қанча чинорларга қирон келтирилди. Дунёда беш минг йил яшайдиган дарахтлар бор. Чинор ҳам умри узоқ дарахт. «Хўжаилмкони» қишлоғида 1200 йиллик чинор яшаябди. Хуллас, чинор дарахти – табиатнинг тенгсиз обидаси. Шунинг учун дарахтларга озор етказмай, иш олиб бораётганингиздан қувондим.

— Ҳа, гапингизда жон бор, — дейди Жамол ака анча уйланиб. — Шаҳар ва қишлоқларимиздаги азим дарахтларни ҳуда-беҳуда кесиш — инсофсизлик. Иморатларнинг олди очилсин, деб дарахтларга асоссиз тиғ ураётганларга қўшилмайман. Шамолларга бардошли, узоқ яшайдиган дарахтларни кўкартирсак, одамлар жазирама иссиқдан сақланади. Мана, бу ўрик дарахтлари учта экан. Техника ишлатиш қийин бўлди, аммо кесишга йўл қўймадим, қаранг, шиғил мевага кирган. Биз янгидан қураётган мактаб, боғча ҳовлисига турфа дарахт кўчатлари ўтқазиб бераяпмиз. Япония ҳақида ўқигандим чоғи, юз қаватли иморатларнинг томида ҳам гул ва дарахт ўстиришаркан...

— Ҳамфикр топганимдан жуда хурсандман, — дейман юрагимни очиб. – Кўпдан буён чинор ва унинг хусусиятлари ҳақида маълумот тўплайман, бирор мақола ёзилар. Ҳа, айтгандай, шу кўчадан кўп бора ўтганда, сизлар қурган спорт мажмуаси нимага ўхшаркин, деб ўйлардим. Ҳозир миямда бир нарса ярқ этди, бу иморат ташқаридан каттакон бешикка ўхшаркан. Нима дедингиз?

— Рост, ўхшашлиги бор, тасаввурингиз зўр экан, — жилмаяди Жамол ака ўзлари қурган бинога боққанча, кейин оҳиста қўшиб қўяди: — Китоб шаҳри мен учун бешик бўлган... Эҳ, қандай кунлар ўтди-я...

Уларнинг ҳовлиси Китоб шаҳрининг «Чуқурчашма» маҳалласида эди. У чашмалардан кўп бора сув ичган. Отаси ширинликлар тайёрлайдиган кичик корхона раҳбари, онаси уй бекаси эди. Оилада тўрт ўғил ва тўрт қиз улғайди. Уларнинг олтитаси олий маълумотли бўлди. Жамол болалигидан тортинчоқ, раҳмдил эди. Отаси талаба фарзандларини қийналиб ўқитаётганини юраги ҳис қиларди. Етмиш иккинчи йили мактабни битиргач, ўзи хоҳлаб қурилиш ташкилотига ишга кирди, кейин ҳарбий хизматга чақиришди. Армиядан келгач, политехника институтининг қурилиш ишлари факультетининг кечги бўлимида ўқиб, кундузи Тошкент бош қурилиш бирлашмасида меҳнат қилди.

— Етти йил умрим азиз пойтахтимиз Тошкент билан боғлиқ, — дейди Жамол ака ўша йилларни эслаб. — Тошкентни жондай яхши кўраман. Қачон бориб қолсам, ўзим қурилишида қатнашган биноларни бориб кўраман. Очиғи, шу шаҳар менга қурувчиликни ўргатди. Институтни битириб, «Қашқадарёсувқурилиш» бошқармасига қарашли Китобдаги механизациялашган ташкилотга ишга келганман. 1982 йилда Китобдаги ип-йигирув фабрикасини қурганимизда, мен иш бошқарувчи бўлганман.

— Бир гал Варганзани тилга олгандингиз, — эслатаман унга. – Тоғдаги қишлоқни бориб кўрдим, янги сув иншооти қурилаяпти.

— Ўшанда жамоамиз воҳадаги кўп сув иншоотларида меҳнат қилганди, ҳикоя қилади Жамол ака. – Қанча каналларга бетон қопладик, қанча очиқ ерларга сув чиқардик. Анор етиштирадиган Варганза хўжалиги ва қишлоғи адирларига сув етказадиган 2 та насос станциясини саксон тўққизинчи йилда ишга тушириб бердик, 400 гектар янги ер ўзлаштирилган эди. Ҳозир ҳам ишлаб турибди.

— Биласизми, сув чиқариши камайибди, — дедим унга. – Шахсан Президентимизнинг кўрсатмаси билан «Варганза 1-2» насос станцияларини таъмирлаш, қарийб 3.5 километрга сув узатадиган янги «Оқбой» насос станциясини қуриш ишлари бошланиб кетган. Яна 400-500 гектар узумзор, анорзор ташкил этилибди.

— Буни эшитгандим, — дейди Жамол ака мамнун бўлиб. – Бундай иншоотлар ниҳоятда зарур.

Жамол ака вилоятдаги кўплаб қурилишларда қатнашди. Мустақиллик йилларида хусусий ташкилот тузиш эҳтиёжи туғилди ва «Авангардгидроэкспресс» МЧЖ фаолият кўрсата бошлади. Моҳир бинокорлар жамланди, яхши техникалар олишди, бўёқ ишлаб чиқариш цехига эга бўлишди. Касби, Ғузор, Чироқчи туманларидаги кўп қурилишларда қатнашишди.

Қадимий Шаҳрисабз шаҳрини обод қилиш, марказий кўчаларини тузаш, юзлаб кўп қаватли бинолар, савдо, маиший хизмат шохобчаларини қуриш муҳим вазифалар эди. Инсоният барпо этган нодир обидалардан бири — Оқсаройнинг сақланиб қолган қисми тўлиқ таъмирланди, олдидаги майдон 80 гектардан ортиқ. «Авангардгидроэкспресс» МЧЖ жамоаси 2014 йилдан буён шаҳардаги қурилиш-ободончилик ишларида фаол қатнашади.

— Иш кўп ва ниҳоятда мураккаб эди, дея эслайди илгари Шаҳрисабз туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган, яқинда Яккабоғ тумани ҳокими этиб сайланган Абдурасул Сафаров. – Бир томонда канализация, сув қувурлари тортиб келинаяпти, бир томонда янги уйлар тикланаяпти. Ростини айтаман, кўплаб ташкилотлар орасида Жамол ака Ғаффоров жамоаси пишиқ, сифатли ишлари билан ажралиб турарди. Амир Темур бобомизнинг муаззам ҳайкали атрофини обод қилишда уларнинг ҳиссалари кўп. Мен ҳар куни у киши билан учрашиб, муҳим ишларни маслаҳатлашардик. Катта тажрибага эга моҳир қурувчи Жамол акадан кўп нарсаларни ўрганганман. Устозим, деб биламан...

Жамол ака билан Шаҳрисабзнинг бош майдонига келдик. Оқшом тушган, турли шаклдаги фавворалар дилга ҳузур бағишлайди, енгил шаббода дарахтлар шохларини секин силкитади. Қора қарағай, дуб ва бошқа дарахтлар бўй чўзмоқда. Бир эман дарахтини Жамол ака эккан экан. Ўсишидан доим хабар оларкан. Ҳозир қадимий шаҳарнинг бош майдони яшнаб турибди. Нодир обидалар қатори замонавий қўш қаватли биноларга миллий безаклар жуда ярашган. Гуё ўтмиш ва ҳозирги меъморлар ўзаро беллашгандай.

– Ҳов анави, икки қаватли иморатдаги уч хонали уйнинг соҳиби Темурбек деган йигит билан суҳбатлашдим, — дейман унга. — Бу уйларни сизни ташкилотингиз қурганини биларкан. Пастки қаватида ҳунармандлик кичик корхонаси жойлашган, миллий либослар тикиб, экспорт қилишаркан. «Уй эмас, меҳмонхона, истаган хорижлик сайёҳни бемалол кутиб оламиз», дейди у.

— Буюрсин ва фарзандларини янги уйда улғайтирсин, — тилак билдиради. Ҳалол ишлашни бизга устозимиз – Олимжон ака Комилов ўргатган. У киши қурган иморатлар ҳозир ҳам пишиқ ва кўркам. Энди Шаҳрисабзга келсак, шаҳарда 40 миллиард сўмликдан ошиқ қурилиш ишларини бажардик. Жами 108 хонадон учун 6 та кўп қаватли уйни қурдик. Иморатларнинг сувоғи, канализацияга улаш, электр ўтказиш ишларини ҳам ўзимиз бажарганмиз. Чаласи йўқ...

— Эсингиздами, ўтган йили халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгилангач, Бош майдонда ишлар тезлашиб кетганди, — эслатаман унга. – Сизни ва қурувчилариингизни мана шу санъат саройини таъмирлаш пайтида учратганман. Жуда улкан иморат, энг кўп иш шу жойда эди. Ишбошилар тинмай келиб турганини кўриб, «илоҳо, улгурсинлар, бирорта жазо олиб қолмасинлар», деб қайғурганман. Масъулият оғир эди, шундай эмасми?

— Юрак ҳовучлаган кунларимизни эслатдингиз, — кулади Жамол ака маҳобатли оппоқ санъат саройи биносига ўзгача меҳр билан боқиб. – Халқаро анжуман куни белгилангач, таъмирлаш фурсати кескин қисқарди. Ўзиям тун-кун тинмадик. Президентимиз ташаббуси билан яратилган мақом санъати музейи жойлашган хоналарни жиҳозлаш, турфа экспонантларни жойлаштириш ишларини ҳам бажардик. Худога шукрки, уддаладик, улгурдик...

Турли давлатлардан келган санъаткор ва меҳмонлар обод хиёбонда яйраб сайр қилишди, нодир обидалар, замонавий биноларни маҳлиё бўлиб томоша қилишди.

— Анча йилдан буён Жамол ака билан бирга ишлаймиз, — дейди жамоанинг иш юритувчиси Жамшид Саломов. – Ютуқларимиз бошлиғимизнинг маҳоратига боғлиқ. Жамол ака самимий, жуда меҳрибон. «Нима керак бўлса, айтинглар, пул одамдан азиз эмас», дейди ҳамиша. Қанча ходимимиз у кишининг беғараз ёрдами туфайли уйлар қуриб, тўйларини ўтказди. Шундай меҳрибон раҳбар билан ким бирга ишлашни истамайди?..

Жамол ака умр йўлдоши — болалар шифокори Фароғат ая Темирова билан беш ўғил ва икки қизни улғайтиришди. Улар иқтисодчи, қурувчи, шифокор бўлиб етишди. Энг кенжалари Мадина ўқувчи, уч ўғли отаси билан бирга қурилишда. Оила бекаси Фароғат ая Китоб шаҳридаги болалар поликлиникасида ҳозир ҳам шифокор. Бу тиббиёт масканига анча йил раҳбарлик қилган Саттор Раҳматов ҳозир Олий Мажлис депутати.

Яқинда Саттор Раҳматов Фароғат опага Тошкентдан қўнғироқ қилибди. Ўғиллари — Ҳасан яна ўғилли бўлгани билан табриклабди. Бу хушхабардан мен ҳам қувондим, Фароғат опамни қутладим. Жамол акага қўнғироқ қилиб, тилакларимни айтдим. Илоҳим, «Умри билан берган бўлсин», деди у хурсандчилигини яширмай.

Қурувчилар сулоласи яна бир кишига кўпайибди. Эҳтимол, у ҳам моҳир қурувчи бўлар. Бошқа касбни танласа ҳам бобосига муносиб набира бўлсин, деган тилак дилимдан ўтди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

← Рўйхатга қайтиш