Жасур ИБРАГИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фрацияси ижрочи котиби:
— Мустақиллик байрами бутун халқимиз, ҳаммамиз учун муқаддас ва азиз байрам ҳисобланади. Ватанимизнинг мустақиллик куни ота-боболаримизнинг оғир ва машаққатли курашлари, синовли кунлари эвазига қўлга киритилган.
Бобомдан шу ҳақида кўп сўрардим. “Олдинги даврлар қандай бўлган, болалигингиз қандай ўтган, гапириб беринг”, дея ҳоли-жонига қўймасдим. Бобом баъзан кўзида аламли кўз ёш билан ўтган даврларни хотирлар эди. Бугунги тинч, осуда ва фаровонликда ўтаётган кунлар учун шукрона келтирганда ҳам кўзи ёшланарди. Кейин англасам, бу шу кунларни кўргани учун қувонч кўз ёшлари экан.
Бобомнинг айтишича, мустақилликдан олдин, яъни ўтган асрнинг 90-йилларида халқимиз оғир шароитларда кун кечирган экан. Кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, нон, ёғ, гўшт, шакар учун дўконларда навбатга ёзилиб кутилар эди. Озиқ-овқат маҳсулотлари оиладаги кишилар сонига қараб тақсимлаб бериларди. Умуман олганда, халқ ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолган, қадр-қиммати, дину диёнати топталган эди. Мустақиллик бизни ана шундай оғир шароитлардан, қийин кунлардан қутқарди, деди бир куни бобом.
Хаёлан ўша пайтларни ҳозирги замон билан солиштирдим. Ҳамма шароитларга эга, кўркам ҳовли-жойларда яшаяпмиз, бозорларимиз, савдо дўконлари пештахталари маҳсулотлар билан лиқ тўла. Хоҳлаган нарсангни, хоҳлаган миқдорда сотиб олиш мумкин. Мана, кеча эрки ўз қўлида бўлмаган халқ бугун ким бўлди...
Ана шундай фаровон кунлар учун халқи бир аср мобайнида курашди. Лекин ана шундай қийин даврда ҳам бой тарихи, юксак маънавияти, қадимий урф-одатларини, ўзлигини йўқотмади.
Эътибор берадиган бўлсак, мустақиллигимиз эълон қилинган дастлабки кундан бошлаб юртимизда инсон манфаати энг асосий масала сифатида қўйилган. Ижтимоий ҳимоя масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида қатор ислоҳотлар олиб борилди. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти барпо этиш ғояси изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энг муҳими, ана шу сиёсат, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эътибор, одамлар фаровон турмуш кечириши учун яратиб берилаётган шароитлар амалда ўз самарасини берди.
Тўғри, халқ орасида ечимини кутаётган муаммолар, жавоби изланаётган саволлар кўп. Бу табиий ҳол. Чунки одамнинг эҳтиёжлари тугамайди. Орзу-ҳаваслар ортидан янгидан-янги режалар пайдо бўлади. Эскирган уйни янгилаш, неча йиллар бизга хизмат қилган йўлларни таъмирлаш вақти келган... Хуллас, ана шу эҳтиёжлар ҳудудларда қилиниши керак бўлган ишлар учун йўл очади. Назаримда, қилиниши керак бўлган ишлар ҳамма жойда, ҳамма масканда бўлади. Улар изчиллик билан амалга оширилади. Энг муҳими, халқнинг озод ва эркинлиги, ота-оналар ва болалар осуда яшаётганлигида.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оилалар фаровонлигини ва даромадларини оширишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда ҳам парламентда қонун ижодкорлиги жараёнида оила даромадлари манбаларини кенгайтириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида бу масалалар партиямиз дастурий мақсадлари билан чамбарчас боғлиқлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
Ҳамма нарса инсон учун, унинг манфаати учун. Ана шу тамойил ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. Масалан, бундан бор-йўғи 3-4 йил аввал Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларига фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар, шикоят аризалар ва бошқа таклифлар аксарияти пенсия таъминоти билан боғлиқ эди. Пенсионерлар пенсия олишда кўп қйинчиликларга дуч келаётгани, маошлар пластик карталарга ўз вақтида тушмаётгани, пластик карталарни ишлатиш бўйича анча ноқулайликлар борлигидан норозиликларини айтишарди. Олис қишлоқларда яшовчи пенсионерлар пластик карталаридаги пулларни нақд пулга алмаштириш учун шаҳарга бориб, маълум миқдорда устама ҳақи беришга мажбур бўлишган. Бу йўналишдаги муаммолар бартараф этилди.
Президентининг 2017 йилнинг 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва шу асосида бошқа норматив ҳужжатларга, қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда пенсияларни ўз вақтида етказиб берилиши, уларнинг 91 фоизи нақд пул шаклида қолган қисми пенсионер розилигига қараб пластик карталарга тушириш тизими ишга туширилди. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида “пенсия тўлови бурчаклари”ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларига бу масала борасида деярли мурожаатлар бўлмади.
Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларида жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Айтиш керакки, мустақиллик йилларида партия электорати бўлган ногиронлар манфаатини ҳимоя қилиш борасида ҳам кўпгина ишлар амалга оширилди. Аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ногиронлар давлат томонидан текин уй жой билан таъминланмоқда. Қонунчилигимизда назарда тутилган ногирон фарзанд тарбиялаган оналарни пенсия ёшигача етганда, камида 7 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши амалиёти бекор қилиниб, уларга ҳеч қандай иш стажисиз ижтимоий нафақа тўланиши, олий таълим муассасаларга ногиронлиги бўлган шахслар қўшимча давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди.
Куни кеча Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари томонидан моҳокама қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит - бинолар, транспорт, ахборот ва алоқалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг турли хилдаги турларидан фойдаланиш учун имкониятларни яратиш каби масалалар қамраб олинган. Демак, инсон манфаатларини ифода этган ислоҳотлар изчил давом этаверади.
Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик, тотувлик туфайли. Мамлакатимизда олиб борилаётган тинчликсевар сиёсат халқимиз ҳаётининг фаровонлигини таъминлаб келмоқда.
Шунинг учун, ўйлайманки, ҳар биримиз Мустақилликни мустаҳкамлаш, тинчликни асрашни ўз бурчимиз, деб ҳисоблашимиз керак.