ФАОЛ АЁЛЛАР: ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ҲАЛ ЭТИЛИШИГА ҚАНДАЙ ҲИССА ҚЎШЯПМИЗ?

Шу йилнинг март ойида давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи доирасида “Жорий йил охиригача аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, жиноятчилик содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак”, дея таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, аёлларни ўйлантириб келаётган ижтимоий масалаларни ечиш, уларни ишга жойлаштириш, саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиляпти. Бу ишга сиёсий партиялар ҳам камарбаста бўлиб, бир қатор амалий ишлар олиб бормоқда.

Бухоро вилоятининг чекка тумани Қоровулбозорнинг “Нефтчилар” маданият саройида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан “Аёллар ижтимоий ҳимояси- ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида форум ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши, партиянинг туман, шаҳар кенгашлари масъуллари, Қоровулбозор туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда депутат аёллар, Соғлиқни сақлаш бошқармаси,“Соғлом авлод учун” Халқаро Хайрия фонди, “Маҳалла” жамоат фондининг жойлардаги масъул ходимлари, банк ходимлари, Бандликка кўмаклашиш маркази, Ногиронлар жамияти, Ергеодезкадастр туман бўлими вакиллари, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар, пенсионерлар иштирок этди.

Форум қуруқ маърузалардан иборат бўлмади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилди.

Тадбир эрталаб соат 7:00 да хотин-қизлар ўртасидаги веломарофон билан бошланди. Ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун кўмаклашиш мақсадида туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда Ёшлар Иттифоқи туман кенгашлари билан ҳамкорликда мусобақа ўтказилди. Унда 50 нафардан ортиқ маҳаллалардаги хотин-қизлар ва ёшлар жалб қилинди. Биринчи ўринни Амир Темур кўчасида яшовчи Нилуфар Сатторова, иккинчи ўринни Маданият кўчасидан Шакарой Музаффарова ҳамда учинчи ўринни Ибн Сино кўчасида истиқомат қилувчи Севинч Мустафоева эгаллади. Уларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг совға-саломлари ва фахрий ёрлиқлари топширилди.

– Мен Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлганимга икки йилдан ошди, – дейди Шакарой Музаффарова. – Партиямиз томонидан бизнинг туманимизда ана шундай катта тадбир ўтказилаётганидан беҳад мамнун бўлдим. Чекка ҳудудларда яшовчи аёлларга эътибор берилаётгани, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳал этилаётгани айниқса, қувончлидир. Бугунги форумни кузатиб, ЎзХДПни танлаб, адашмаганимга амин бўлдим. Очиғини айтганда кутмагандим. Барчага рахмат.

Лойиҳа дастуридан бир қатор амалий тадбирлар ўрин олган эди. Хусусан, чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган кам таъминланган, кўп болали, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, оналар ва болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Вилоят, туман марказидан мутахассислар, малакали шифокорлар жалб қилинди ва уларнинг репродуктив саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикка вилоят, туман марказларидан шифокорлар, тиббий техника воситалари, кўчма амбуланс хизматлари жалб қилинди. 580 нафар аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди, уларда 109 та касаллик аниқланди. Уларнинг 8 таси бўйича соғликни тиклаш мақсадида йўлланмалар берилди. 59 та аёлларга гижжага, кам қонликка, шамоллашга қарши ҳамда қувватловчи витамин дори-дармонлар берилди. Кам таъминланган ижтимоий ҳимояга мухтож 10 та хонадонга 6 турдаги дори-дармон ва соғломлаштирувчи оёқ кийимлари берилди.

Форумнинг иккинчи босқичи бошланди... У аёллар жиноятчилигини олдини олишга бағишланган семинар билан бошланди. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи уйда ўтирган, уюшмаган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Семинарда сўзга чиққан Қоровулбозор туман ИИБ бошлиғи Файзулло Исмоилов тумандаги аёллар ўртасида 2018 йилнинг 6 ойи мобайнида 7 нафар хотин-қизлар томонидан 11 та жиноят содир этилган бўлса, 2019 йилнинг 6 ойи мобайнида умуман жиноят қайд этилмаганини қайд этиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, улар учун қонунларда белгиланган имтиёзлар тўғрисида тушунчалар берилди. Ўзбекистон ХДПнинг бу борада олиб бораётган ишлари ҳақида маълумотлар берилади, шу орқали уларнинг ҳуқуқий, сиёсий билимлари оширилди.

Шунингдек, форум доирасида Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Марказ ходимлари ҳудудда мавжуд 48 та корхонанинг 258 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Касаначилик меҳнатини ташкил этиш имконияти бор корхоналар тўғрисида батафсил маълуотлар беришди ва ишлаш истагини билдирган 25 нафар хотин-қизлар мурожаатидан 11 нафарига корхона ва ташкилотларга ишлаш учун йўлланмалар берилди. Улардан Умида Шерова “Агрокимёҳимоя” корхонасига, Насиба Шарипова, Ўлмасойлар Жалолова “Nano vekor” МЧЖга гул кесувчи вазифасига, Моҳинур Рофиева ободонлаштириш туман бўлимига жамоат ишларига жалб қилинди. 14 нафар хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган оилавий шароити қийин аёлларга бошланғич тўловларсиз кредит олиш масаласи шу ернинг ўзида ҳал этилди ва тегишли мутасаддилар томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олинди. Тадбирда Агробанк томонидан Раҳима Авезовага иссиқхона очиши учун, Саноат қурилиш банк томонидан Дилшода Қўчқоровага чорвачилик йўналишида, Турон банк томонидан 1 нафар аёлга балиқчиликни ривожлантириш учун 8%ли имтиёзли кредитлар ажратилди.

Партия дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишдаги ташаббускорлиги учун 11 нафар фаол хотин-қизлар ТАШАККУРНОМАлар ва партиянинг эсдалик совғалари билан мукофотландилар. 30 нафар хотин-қизлар партия сафига қабул қилиниб гувоҳномалар топширилди.

Форум якунида яшаш шароити қийин, ёлғиз кексалар, иш билан таъминланмаган ҳамда ногиронлиги бўлган аёллар ҳолидан хабар олинди. Фуқаро Феруза Ғаниевага ногиронлик аравачаси тақдим этилди.

Тадбир якунлангач, иштирокчиларга қуйидаги савол билан мурожаат қилдик:

— Семинар сизга нима берди, ундан қандай таассурот олдингиз?

— Очиғи, саёз, номига ўтган айрим тадбирларда қатнашсангиз, ундан ўзингиз учун фойдали ҳеч нарса ололмай, вақтингиз беҳуда кетганига ачинасиз, — дейди Севинч Мустафоева. — Кейин бошқа тадбирга таклиф этишганда, боргингиз келмайди. Бугунги тадбир эса анча жонли ўтди. Хусусан, форумнинг эрта тонгданоқ марафон билан бошланиши бизни жуда хурсанд қилди. Бундан ташқари партиянинг аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган ғоялари акс этган бепул тиббий кўрик акцияси ҳамда вақтинча ишсиз фуқароларнинг ишга жойлашишига кўмаклашишга қаратилган амалий тадбирлар менда катта таассурот қолдирди. Ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд хотин-қизлар қўллаб-қувватланди. Ўйлашимача, ана шундай амалий руҳдаги тадбирларни кўпайтириш керак. Партиянинг эҳтиёжманд қатламга катта ёрдами тегди. Буни ҳаммамиз тадбир давомида кузатиб турдик...

– Анчадан бери ўз ишимни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб юрардим, – дейди Раҳима Авезова. – Томорқада ишлашга қизиқаман, ҳовлимизда ҳам озгина бўш ер кўришим билан нимадир эксам, ундан самарали фойдалансам дейман. Режаларимни қоғозга туширдим, иссиқҳона очиш, турли хилдаги полиз экинларини экиб, оилам даромадига улуш қўшиш ҳақида фикр келди. Чунки бу иш қўлимдан келади, бунга ўзим ҳам жуда қизиқаман. Бугунги форумда бизнес режам билан келдим. Агробанк ходимлари уни яхшилаб ўрганиб чиқишди. Менга иссиқхона очиш учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Менга ишонч билдирилди, энди ўз меҳнатим билан ўзимни кўрсатишга жон-дилим билан интиламан, ҳаракат қиламан. ЎзХДПга шу каби амалий ишлар учун миннатдорчилигимни билдираман....

– 2-гуруҳ ногирониман, тумандаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини, “Ўзбекистогн” кўчасида яшайман, – дейди Феруза Изделева. – Турли хилдаги пишириқлар, овқатлар пиширишга қизиқаман. Жисмоний имкониятим чекланган бўлсада, нимадир билан машғул бўлишга ҳаракат қилардим. Тўғрида, бекорчиликда вақт ўтказгандан ҳеч кимга наф йўқ. Оиламиз кам таъминланган бўлгани учун анчадан бери печь олиш муаммо бўлиб турган эди. Бу менинг ўз ишимни йўлга қўйишим учун керак эди. Бугун ЎзХДП ва қатор ҳамкор ташкилотлар ўтказган форум доирасида бу муаммо ҳал этилди. Менга тадбиркорлик фаолиятимни бошлашим учун печь совға қилишди. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Энди бемалол буюртма асосида турли пишириқлар пиширишим мумкин. Оилам даромадига улуш қўшсам мендан бахтли одам бўлмайди.

— Форум доирасида ўтказилган ҳар бир тадбир иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бериши, уларнинг дунёқарашини бойитишга хизмат қилиши лозим. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирлар одамларда қизиқиш уйғотади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири Гулшан Асатолва. — Бу ерда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш борасида депутатлар ваколатларидан самарали фойдаланишга ҳам жиддий эътибор қаратдик. Уларнинг ишга жойлашиши, имтиёзли кредитлар ва уларни расмийлаштириш, иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида кўп маълумотлардан хабардор бўлишди. Бундай тадбирлар жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда мунтазам ўтказиб бориш бўйича аниқ режаларни белгилаб олдик.

 

Ўзбекистони ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш