Бугунги куннинг долзарб мавзуси Тошкент вилоятига давлат раҳбари ташрифи буюргани, янги лойиҳалар тақдим этилиб, минглаб янги иш ўринлари очилиши истиқболи белгилангани ҳисобланади.
Давлатимиз мустақиллигига ўттиз икки йил бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳозирги кунда жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда, жамият ўзгарди, халқимиз фикри ўзгараяпти.
Янги Ўзбекистонни қуриш, янги ислоҳотларни амалга ошириш учун барчамиз шу Ватан учун баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан ишлаш давр талаби, деб ўйлайман.
Давлат раҳбари ташрифи Оҳангарон тумани, Ангрен шаҳри ва Оҳангарон шаҳрида жойлашган "Ангрен" эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар ва янги лойиҳалар фаолияти билан танишишдан бошланди.
Мазкур иқтисодий зонасида юзлаб корхона ва уларда минглаб аҳоли ишламоқда. Яқинда чўл ва дашт бўлган бу ерлар бугунга келиб, обод ва саноат инфратузилмаси ривожланган ҳудудга айланмоқда. Янги имкониятларни ишга солиш орқали Оҳангарон туманида йил якунигача қўшимча 180 миллион долларлик 100 та лойиҳани бошланиши кутилмоқда.
Умуман, Тошкент вилоятида ишларни самарали ташкил қилиш орқали йил якунига қадар 2 миллиард долларлик янги лойиҳаларни бошлаш, бюджетга қўшимча 1 триллион сўм тушириш учун барча имкониятлар борлиги қайд этилди.
Ташриф давомида вилоятдаги янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларини ишга тушириш маросими ўтказилди. Бу корхоналарда цемент, ип-калава, тўқимачилик, фармацевтика, бойитилган каолин, кимё маҳсулотлари, томчилатиб суғориш шланглари, рангли металлар ишлаб чиқарилади. Умуман, мазкур корхоналарда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, бандлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири саналади.
Кейинги йилларда бу борада қатор саъй-ҳаракатлар, кўплаб лойиҳалар, дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Тошкент вилояти ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш асосий вазифа бўлиб долзарблигича қолмоқда.
Бу вазифаларни бажаришда биз, депутатларнинг зиммасида катта масъулият турибди, буни ҳеч биримиз эсдан чиқармаслигимиз зарур. Ташриф доирасида кўтарилган масалаларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳамоҳанг масалалар ҳисобланади.
Акмал Умаралиев,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Тошкент вилоят кенгаш раиси