Депутатликка номзод Янгийўл шаҳар сайловчилари ҳузурида

 

Барчамизга маълумки, Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси мамлакатимизда давлат ва жа­мият­нинг манзилли ижтимоий муҳофаза ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Меҳрож Дархоновнинг Сайловолди дастури айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларга асосланади. Бу номзоднинг Янгийўл шаҳар сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам алоҳида эътироф этилди.

Учрашувда номзод мамлакатда амалга ошириладиган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Бунда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иш билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Одамларнинг муносиб иш ўрнига эга бўлиши жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаши, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигига кенг йўл очишини қайд этди.

Самимий мулоқот руҳида, эркин савол-жавоблар асосида ўтган учрашувда сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сўзга чиққанлар депутатликка номзоднинг Сайлов­олди дастурида белгиланган мақсадлар, илгари сурилган ғоя ва таклифларнинг ҳаётийлигини эътироф этишди.

Шунингдек, депутатликка номзод Зангиота тумани Ўртаовул маҳалласи сайловчилари билан ҳам учрашди. Номзоднинг Сйловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар, ҳаётий таклифлар сайловчиларни бефарқ қолдирмади.

Учрашув давомида сўзга чиққанларнинг барчаси Меҳрож Дархоновнинг Сайловолди дастури мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга ошириб келинаётган кучли ижтимоий сиёсат, инсонпарвар демократик ислоҳотларнинг бош мақсадига мос келишини таъкидлашди. Шунинг учун сайловчиларни ундаги ғояларни қўллаб-қувватлашга, номзодимизга овоз беришга чақиришди.

Сайловчиларнинг дастурдаги устувор йўналишлар ҳақидаги саволларига депутатликка номзод атрофлича жавоб берди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш