Ташвиқот тадбирлари қизғин ўтмоқда

Олот тумани 15-сонли мусиқа мактабида 28-Пойкент сайлов округидан ХДП дан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Латофат Бобаева, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Сайидқули Оққиев ва туман кенгаши депутатлигига номзод, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Неъматова, 31-ихтисослаштирилган мактаб-интернати инглиз тили фани ўқитувчиси Муҳайё Юсупова сайловчилар билан учрашув ўтказишди. Учрашув жараёнида номзодлар йиғилганларга ўз сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга тўхталишди.

Таъкидландики, партия дастурида олис қишлоқ жойлардаги аҳолининг имкониятлар тенглигини таъминлаш мақсадида мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга малакали, бой тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш, уларга шароит, моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича аниқ механизмларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш каби масалалар ўз аксини топган. ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ муҳим йўналишларда 20 дан ортиқ қонун қабул қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутиляпти. Хусусан, аҳолининг кам таъминланган ва бошқа заиф қатламларига бепул ижтимоий хизматлар тақдим этилишини таъминлайдиган “Минимал давлат ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилаш учун “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ташаббуслари шулар жумласидан.

Ижтимоий муҳофаза муҳтож кишилар ва оилаларни аниқлашда муаммоли ҳолатлар жуда кўп. Партиянинг барча ҳудудлардаги Жамоатчилик қабулхоналарига шу масала билан боғлиқ мурожаатлар бўлмоқда. Депутатлар мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун турли ташкилотлар, ваколатли идораларга мурожаат этганда, асосан бир масалага дуч келади. У ҳам бўлса, тегишли меъёрий ҳужжатларда оиланинг кам таъминланганлигини аниқловчи мезонлар аниқ белгиланмаган. Натижада нима бўляпти? Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳар доим ҳам ўз манзилига, ҳақиқатда муҳтож кишиларга етиб бормаяпти. Бу эса бошқа муаммолар келиб чиқишига сабаб бўляпти. Бундан партиямиз ҳимоя қилиши керак бўлган қатлам азият чекяпти. Шу боис партия ижтимоий муҳофазага муҳтожликни белгилаш мезонларини қонунчиликда содда ва тушунарли тарзда акс эттириш учун қатъий ҳаракат қилиши алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг, номзодларнинг ишончли вакиллари сўзга чиқиб, уларнинг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар ҳаётий ва халқчил эканлигини аниқ мисолларда изоҳлаб беришди.

Номзодларнинг сайловолди дастури аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш