Халқ демократик партияси парламентдаги позициясини мустаҳкамлаш учун қатъий ҳаракат қилади

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловнинг дастлабки натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинди. Шу муносабат билан Халқ демократик партияси бирифинг ўтказди.

Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов бу йилги сайлов ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан юқори даражада ташкил этилгани, ғоя ва ташаббусларини сайловчиларга етказиш учун барча партияларга кенг ҳамда тенг имкониятлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлади.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши мазкур сайлов кампаниясининг аввалгиларига кўра қизғин, баҳс-мунозарага бой тарзда ўтказилишига асос бўлди.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 18 та депутатлик ўрнини эгаллади.

У.Иноятов бундай натижа партияни қаноатлантирмаслигини, такрорий овоз бериш ўтказиладиган округларда кўпроқ ўринларни қўлга киритиш, партиянинг парламентдаги позициясини яхшилаш долзарб вазифа эканини таъкидлади.

– Сайловда партиямиз учун қониқарсиз натижа кузатилганининг асосан иккита сабаби бўлиши мумкин. Биринчидан, партиямиз илгари сураётган ғоя ва ташаббусларнинг жозибадорлигини ошириш масаласи, – деди партия етакчиси. – Биз бунинг устида ишлашимиз керак. Икккинчидан, айрим номзодларни танлашда уларнинг жамоатчилик орасида қанчалик қўллаб-қувватланиши масаласига ҳамма ҳудудларда ҳам етарлича эътибор қаратилди, дея олмаймиз.

Албатта, Халқ демократик партияси сайловнинг дастлабки натижаларини халқимизнинг хоҳиш-иродаси, деб қабул қилади ва унга ҳурмат билан қарайди. Сайловда фаол қатнашган юртдошларимизга, партия ғояларини қўллаб-қувватлаганларга ва барча даражадаги номзодларига катта миннатдорлик билдиради.

Такрорий овоз бериш ўтказиладиган округларда устунликка эришиш учун қатъий ҳаракат қилинади.

 

Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш