Kun.uz: «ХДП камида учинчи ўринни кўзлаганди» — Улуғбек Иноятов партиянинг сайловлардаги муваффақиятсизлигини изоҳлади

Халқ демократик партияси лидери Улуғбек Иноятов сайловнинг якуний натижаларидан хурсанд эмас. У ва партия вакиллари ҳеч бўлмаганда 3 ўринни эгаллашни мақсад қилиб курашларга қўшилган. Бу ҳақда у Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига ўтган сайлов якунлари бўйича матбуот анжуманидан сўнг Kun.uz мухбирига маълум қилди.

«Бугунги натижалар, албатта, биз кутган натижа эмас. Ҳеч бўлмаганда олдинги сайловдаги учинчи ўринда қолсак керак деган ниятда эдик. Иккинчи ўринга чиқиш нияти ҳам йўқ эмасди.

Албатта, ҳамма биринчи ўринга ҳаракат қилади, лекин биз имкониятларимизни чамалаб шу натижани кутгандик.

Иккинчидан, натижаларга мен ўзимни айбдор деб ҳисоблайман. Чунки мен партияга раҳбар бўлиб келганимга олти ой бўлди. Олти ой ичида ташкилий масалаларда кўп иш қилдим, балки тажрибасизлигим панд бергандир. Бу менинг айбим.

Учичидан, бизнинг партия парламентдаги энг тажрибали партия. Балки халқимиз бизнинг дастур ва ғояларимиздан қониқмагандир», дея Улуғбек Иноятовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

 

www.kun.uz

← Рўйхатга қайтиш