Бугун сайловнинг дастлабки натижалари бўйича хулосаларга бағишлаб Халқаро пресс клубнинг навбатдаги кўрсатуви суратга олиниши жараёнида бошловчи Ғулом Самадов юртимиздаги кўплаб мактабларда ошхона, спорт заллар йўқлиги масаласини кўтарди.
“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров эса мактабларда спорт заллари ва ошхоналар йўқлигида собиқ Халқ таълими вазири ва амалдаги вазирни айблашга уринди.
Бунга жавобан Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов мактабларда ошхона ва спорт заллар қурилиши мактаб директорлари, ўқитувчиларнинг бевосита зиммасидаги вазифа эмаслиги, бунинг учун аввало давлат бюджетидан маблағ ажратилиши кераклиги, мактаб директорлари ва ўқитувчилар асосан фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига масъул экани, уларга хўжалик ходими сифатида қараш, айбдор қилиш мутлақо нотўғрилигини таъкидлади.
Лекин Халқаро пресс клуб бошловчиси Халқ таълими вазирлигини “Миллий тикланиш” партияси тасарруфига олиши кераклиги ҳақида асосланмаган фикр билдирди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Халқаро пресс клуб продюссери Ғулом Самадов журналистиканинг холислик тамойилига амал қилмагани, арзон тортишувлар юзага келтириш орқали ном чиқаришга ишқивозлиги яна бир бор сезилиб қолди.
“Адолат” СДП раҳбари Наримон Умаров ҳам бошловчи жараённи адолат билан бошқармаганини алоҳида таъкидлади.
Эслаш жоиз, Халқаро пресс клуб продюсери Ғулом Самадовнинг нохолислиги биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас. Куни-кеча сайловнинг дастлабки натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори матбуот анжумани ўтказаётган пайтда бюллетенларни санаш жараёнидаги адолатсизлик ва қонунбузилишлар ҳақида савол берган номзод ва блогерга Ғ.Самадов ўзича дакки бермоқчи бўлгани ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Умуман, Ғ.Самадовнинг холислиги, профессионаллиги анча шубҳали масала, деб ўйлаймиз. Чунки, у жонли эфир вақтида бир неча бор сиёсий партияларни обрўсизлантирмоқчи, томошабинларни чалғитмоқчи бўлган ҳолатлар кузатилган ва унга эфир вақтида эътироз билдиришга ҳам тўғри келган. Афтидан, ушбу кимса ўша вазиятлардан аламзада бўлган кўринади.
Халқ демократик партияси холис ва дангал ОАВ ходимлари ҳамда блогерлар фаолиятини юксак қадрлайди, улар билан доим очиқ ва холис мулоқотга тайёрлигини билдиради.
Халқ демократик партияси
Марказий Кенгаши Ахборот хизмати