Такрорий овоз беришда барча имкониятлардан фойдаланиш зарур

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида маҳаллий партия кенгашлари, депутатликка номзодлар иштирокида видеомулоқот ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижалари, такрорий овоз бериш ўтказиладиган округларда тарғибот ишларини кучайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 18 та депутатлик ўрнини эгаллади. Партия етакчиси Улуғбек Иноятов бундай натижа партияни қаноатлантирмаслигини алоҳида таъкидлади.

– Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, сайловолди тарғиботи давомида партиямиз ғояси ҳамда дастурий мақсадларини мамлакатимиз жамоатчилиги, сайловчиларга кенгроқ тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратилди. Бу жараёнда партиямиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини янада юксалтиришни устувор йўналиш қилиб олди.

Айтиш жоизки, сайловчилар билан ўтган мулоқотлар ва учрашувлар давомида партиямизнинг қатор ғоялари бугунги кун талабларига мос эканига яна бир бор амин бўлдик, ишончимизни мустаҳкамладик. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эса сезиларли устунликка эришдик. Энг муҳими, халқимиз партиямиз Сайловолди дастурини фаол қўллаб-қувватлади. Такрорий овоз бериш ўтказиладиган округларнинг 9 тасида Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодлар курашади. Маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун эса 500 дан ортиқ округларда партия номзодлари курашни давом эттиради.  Кўпроқ ўринларни қўлга киритиш, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги, парламентдаги позициясини яхшилаш долзарб вазифадир, – деди партия етакчиси.

Видеомулоқотда 2020 йил 5 январь куни бўлиб ўтадиган такрорий овоз беришга қаттиқ тайёрланиб, барча куч ва имкониятларни ишга солиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш