Аҳоли ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда

 

Қонунчилик палатаси депутати Ф. Шариповнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашувларида давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга кўпроқ эътибор қаратилди.

Учрашувларда «Яшил макон» умуммиллий ҳаракатининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Ҳудудларда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида икки мавсумда оммавий равишда ниҳол экиш амалга оширилмоқдаки, бу келажак авлод олдидаги масъулият ва мажбуриятимиз эканлиги эътироф этилди.

Шу билан бирга, Сирдарё вилояти Сайхунобод тажрибаси хусусида атрофлича сўз юритилди. Бу тажриба бўйича аввало, ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонларнинг ўз маҳсулоти учун бозор топишига кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олиши баён этилди. Умуман, ушбу янги тизим республикамизнинг барча 9 минг 452 та маҳалласида йўлга қўйилиши билдирилди.

Мазкур тажрибанинг Денов туманида жорий этиш ҳолати қандайлигини билиш мақсадида хонадонларда ҳам бўлинди. Айтиш керак, бу борада туманда аҳоли томонидан масъулият билан ишлар олиб борилмоқда.

Аҳоли вакиллари, “маҳалла еттилиги” билан учрашувлар асносида қонун ижодкорлиги соҳасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, ўтган ҳафтада Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Эр участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмуни ҳақида тушунтиришлар берилди.

Кўплаб фуқаролар ушбу қонун аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўткир муаммоларни ҳал этиши нуқтаи-назаридан мазкур ташаббусни олқишлашди. Аҳоли вакиллари бу Қонун фуқаролар ва минглаб тадбиркорлик субъектлари кутган муҳим ҳужжат бўлганини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, мазкур қонун фуқароларимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, одамларни давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Яна бир масала, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг моҳияти ҳақида ҳам тарғибот ишлари олиб борилди. Аҳоли истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ тўловларнинг “ижтимоий норма” асосида амалга оширилишини асосли ҳамда адолатли тарздаги ёндошув бўлганлигини таъкидлашди. Шунингдек, фаоллар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Ушбу таклифларнинг ҳар бири ёзиб олиниб, Қонунчилик палатасидаги фракция, қўмита ҳамда бошқа тегишли йиғилишларда масъуллар иштирокида муҳокама қилиниши белгилаб олинди.

Умуман олганда, аҳоли вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганига гувоҳ бўлинди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш