Республика ёшлари ғоя ва таклифлар берди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида “Республика ёшлари онлайн форуми” ўтказилди. Партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш депутатлар ҳамда жойлардаги фаол ёшлар иштирок этган форумни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси У.Иноятов кириш сўзи билан очиб берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиш борасида кўп янгиликлар бўлди. Мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, янгича тизим яратилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида муҳим вазифалар белгилангани қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, манзилли қўллаб-қувватлаш ва фаолликни рағбатлантириш каби устувор ғоялари ёшлар манфаатларига ҳар томонлама уйғундир.

Шунинг учун партиянинг дастур ва лойиҳаларини такомиллаштиришда, янги ташаббусларни илгари суришда, ижтимоий масалаларга янгича ечимлар топишда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ниҳоятда муҳим эканига урғу берилди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўшимча имкониятлар яратиш ҳақидаги энг яхши фикрлар уларнинг ўзидан чиқади, албатта.

Онлайн форумда 14 та ҳудудий студиядан уланган йигит-қизлар турли мавзу ва масалалар бўйича таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда ёшларнинг фаол иштирокига эришиш, ҳаётга очиқ ва тўғри муносабатни шакллантириш каби масалалар бўйича ҳам форум қатнашчилари тақдимотлари билан иштирок этишди.

Масалан, фарғоналик ёшлар қатор қонун ҳужжатларини кодификациялаб, ягона “Ёшлар кодекси”ни қабул қилиш таклифини билдирган бўлса, қорақалпоғистонлик ёшлар ҳудудларда таълим сифатини ошириш, бухороликлар медиасаводхонликни ривожлантириш ва медиатаълимни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, навоийлик ёшлар экологик тоза бинолар қуриш ва чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш, хоразмлик фаоллар эса иқтисодиёт тармоқларида тежамкор ва юқори самарага эга инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш йўналишлари юзасидан тақдимотларини асослаб беришди.

Самарқанд вилояти вакилларининг ҳаракатланишда махсус аравачалардан фойдаланувчиларни туризмга жалб қилиш борасидаги аниқ таклифлари ҳам ўзига хослиги билан ажралиб турди.

Умуман, форумда қизиқ, асосли, оптимистик ғоя ва таклифлар берилди, турли ҳудудлардан битта платформага йиғилган ёшлар ўзаро фикр алмашиш, саволларига биргаликда жавоб олиш имкониятига ҳам эга бўлишди.

Форумда давомида илгари сурилган ҳар бир ғоя ва ташаббусга алоҳида эътибор берилиши, улар партиянинг барча ҳудудлардаги депутатлик корпуси, турли даражадаги ташкилотлари фаолиятини кучайтиришда долзарб аҳамиятга бўлиши мамнуният билан таъкидланди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш