Бу йил ҳисобот йили. Депутатлар учун сайловдан кейин ўтган 5 йил давомида нималар қилдигу, нималарни бой бердик, деган саволларга жавоб берадиган палла. Тўғри, бу ҳақда ҳар кимнинг ўз фикри ва қарашлари бор. Аммо халқ берган баҳо, қилинган иш натижаси кўп нарсани ойдинлаштиради.
Зеро, бугунги одамлар кечагидан тубдан фарқ қилади. Улар жуда фаол. Жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш, нуқтаи назарини баён этиш билан бирга, иштирокчига ҳам айланган. Фақатгина томоша қилиб туриш билан кўнгли жойига тушмаяпти. Масалаларни ҳал этиш, яхшироқ яшаш, жамиятни ривожлантириш учун одамларнинг ўзлари бирлашиши кераклигини тушуниб, англаб турибди. Ўзини шу жамиятнинг фаол аъзосиман, деб ҳисоблайдиган ҳар бир шахс депутатларнинг фаолиятини кузатиб, керак бўлса, талаб қилмоқда.
Шулар ҳақида ўйлар эканмиз, маҳаллий депутатларга юзландик. Маҳаллий Кенгашлар учун ажратилган саҳифамизнинг бу галги меҳмони Қашқадарё вилояти бўлади. Улардан айрим саволларимизга шахсий қараши ва кузатувларидан келиб чиқиб, жавоб кутдик. Партия гуруҳининг тумандаги обрўси, ўрни, кенгашдаги позицияси қанақа? Депутатларнинг бугунги кайфияти ҳақида нима дейиш мумкин?
Ҳудудлардаги фаолларнинг жавобларидан сўнг, рақам ва фактларга тўхталамиз.
«Уриб қолиш»га барҳам бериладиган бўлди
Султон Ҳамроев,
Ўзбекистон ХДП Касби туман кенгаши раиси,
туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
— Халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги 27 нафар депутатнинг 9 нафари Ўзбекистон ХДП партия гуруҳи аъзоларидир. Бир нарсани ишонч билан айта оламан, партия гуруҳимизнинг халқ орасида ҳам, депутатлар орасида ҳам обрўси яхши. Партия гуруҳимиз туман Кенгаши доимий комиссиялари, ҳокимлик ва ижроия органлар олдида ўз сўзига ва мустаҳкам позициясига эга. Бирорта сессия йўқки, унда партия гуруҳи томонидан долзарб масалалар киритилмаган бўлса.
Масалан, туман Кенгашининг учта доимий комиссияси Ўзбекистон ХДП партия гуруҳи аъзолари раислигида бошқариб келиняпти. Бу ҳам бизга катта имконият беради. Юбораётган депутатлик сўровларимиз жавобсиз қолмайди. Аҳоли билан учрашувлардаям энг кўп мурожаатлар бизга билдирилади. Чунки кўтарилган масалалар ҳал этилгач, натижаси етказилади, одамлар ўзгаришларни ўз кўзи билан кўради.
Агар бирор жўяли таклифимиз инобатга олинмасдан қолса, тортишишга, фикримизнинг асосли эканини исботлашга тўғри келади. Баъзида таклифимизни яхшироқ ўрганиб, қабул қилинишини котибиятдан қаттиқ талаб қиламиз ва мақсадимизни охирига етказамиз.
Яқинда фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тизимида олиб борилаётган ишлар ўрганилди ва 4 апрель куни сессияга киритилди. Ўзбекистон ХДП гуруҳи томонидан ўрганишлар жараёнида маълум бўлдики, пенсияларни тайинлашда иш стажини ҳисоблашда муайян камчиликлар бор. Шунингдек, пенсияларни туманнинг олис ҳудудларига етказиб беришда ечимини кутаётган бир қатор масалалар аниқланди. Пенсиядан кам бериш каби салбий ҳолатлар ҳам учраётганини ўргандик.
Юқоридагиларга асосланиб ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг тегишли моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қабул қилди. Унга кўра, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғига йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилиши белгиланди. Халқ банки туман бўлими бошлиғи эса огоҳлантирилди.
Умуман, одамларни қийнаб келаётган яна бир масала ечим топадиган бўлди. Албатта, сессия қарорига эришиш бу йўлдаги илк натижа бўлса, унинг ижросини таъминлаш муҳим ва асосий жараён саналади. Бунда эса биз депутатлар фаоллик ва зийракликни бой бермай, назорат ўрнатишимиз зарур.
Энди депутатларнинг бугунги кайфиятига келсак, уларда бироз тушкунлик, лоқайдликни сезяпман. Чунки бу йил сайловлар йили, ҳисобот беришимиз керак. Кимдир 5 йилда нима иш қилдим, нима деб жавоб бераман, деган андишада юргандир. Яна мени сайлашадими ёки йўқми, деган кетиш кайфияти ҳам, афсуски, йўқ эмас. Лекин энди ҳаммаси ўзгаряпти, депутатларга янги ваколатлар берилиши айтиляпти. Ҳеч иккиланмасдан токи ваколатимиз тугагунга қадар шахдам ҳаракат қилишимиз зарур. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
«Нега депутат бўлганини билмайдиганлар ҳам йўқ эмас»
Назира Элмуродова,
Ўзбекистон ХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси,
туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:
— Ҳамма ишларимиз «беш», демайман, қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Фуқаролар асосан кундалик турмушида дуч келаётган муаммолар билан ёнимизга келади. Инсонга меҳр улашиш, руҳий мадад бўлиш ҳам катта гап. Афсуски, орамизда ҳеч бўлмаса шу ишга ҳам ярамайдиган депутатлар учраб туради. Менимча, улар нега депутат бўлганини ҳам тушунмаса керак.
Партия гуруҳимиз туман Кенгаши билан ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга оширди. Улардан бири ҳар чоракда ҳудуддаги ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишади. Бу жараёнда муаммоларни ўрганиб, сессия муҳокамасига қўйиш вазифаси ҳам юклатилади. Шу тариқа камчиликлар бартараф этиб келинмоқда.
Депутатларимиз орасида сўзи ўткир кишилар кўп. Аммо негадир улар панада юришни афзал кўради. Шунча ваколат ва имкониятлар берилишига қарамасдан, «сен менга тегма, мен сенга тегмай» қабилида ўз соясидан ҳам гумон қилиб юрувчилар ишимизни орқага тортади, деб ўйлайман. Улар учун депутатлик на шараф, на бурч. Шунчаки, дахлсизлик ҳуқуқини берувчи бир асос, менимча. Ваҳоланки, уларни билимсиз ва ташаббускор эмас, деб бўлмайди. Сабаби, ўз соҳасида яхшигина натижаларни қайд этган инсонлар кўп. Фақат ижро органининг қайсидир тармоғида ишлайдиган, шу орқали даромад топаётган кишилар ишидан айрилиб қолишдан ёхуд иш жойида босимга учрашдан чўчир балким.
Бор, айрим депутатларимиз анча ташаббускор, ғоявий жиҳатдан илғор. Улар билан ишлаганинг сари ишлагинг келади. Фақат уларнинг сафини кенгайтириш, барча депутатларни ана шу даражага олиб чиқиш ёки шундай хусусиятдаги, юраги ёниб турган инсонларни номзод сифатида кўрсатиш лозим.
Ташаббус кўрсатмаса, ҳурмати бўлмайди
Асқар Бекжонов,
Ўзбекистон ХДП Нишон туман кенгаши раиси:
— Партия гуруҳининг тумандаги обрўсига келадиган бўлсак, айни пайтда қониқарли, десам адашмайман. Чунки Ўзбекистон ХДП Нишон туман Кенгашида партия гуруҳи ҳар чоракда режадаги масалларни доимий комиссияларда кўриб чиқяпти ва сессия кун тартибига киритиб, қарор қабул қилинишига эришмоқда. Вазият танқидий-таҳлил қилиниб, масала доимий комиссияларда ва сессияларда кўриб борилмоқда.
Жумладан, партиямиз гуруҳининг таклифига биноан аҳолига тиббий хизматни кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини оширишга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори ижроси бўйича туманда олиб борилган ишлар хусусида тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ж.Жўраевнинг ҳисоботи эшитилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, ҳар чорак якуни бўйича назорат тадбири ўтказилиши белгиланди.
Депутатлар ҳақида шахсий фикримни баён қиламан. Депутатларнинг бугунги кайфияти жуда аъло бўлмаса ҳам қониқарли. Сабаби, ўзининг депутатлик мақомини, хақ-ҳуқуқини билган, вазифа ва мажбуриятларини ҳис қилган депутатлар бор. Лекин, афсуски, суст, ишлашга хоҳиши йўқ депутатлар ҳам йўқ эмас.
Ўйлашимча, депутатлик ваколатлари, бурч ва мажбуриятларини билмаган одам бу ишни юритишни ҳам билолмайди. Халқ билан мулоқот қилолмайди. 5 йил давомида битта депутатлик сўрови чиқармаган, борингки, халқ олдида бир марта ҳам ҳисобот бермаган депутатлар чиқиб қолади. Депутатлик гуруҳлари, халқ депутатлари Кенгаш котибияти қийинчиликларга дуч келамиз. Шуниси аниқки, ташаббус кўрсатмаган, одамларнинг оғирини енгил қилмаган депутатнинг ҳурмати ҳам, обрўси ҳам бўлмайди. Депутатларимиздан фаоллик, ташаббускорлик, танқидий-таҳлилий фикрлашни кутиб қоламиз.
Вилоятда вазият қандай?
Марказий Кенгаш масъул бўлими берган маълумотларга қараганда, Қашқадарё вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан жорий йилнинг 3 ойида 25 та масала партия гуруҳларида ва доимий комиссия йиғилишларида муҳокама қилинган. Уларнинг 15 таси сессиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Бу кўпми ёки кам, деган хулоса қилмаймиз. Шунчаки, кўтарилган ҳар бир масала ортида инсон манфаати, ҳудуд ривожи турган экан, унинг долзарблиги, аҳамияти юқори бўлаверади.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, тафовутни кўриш мумкин. Масалан, Касби туманида 5 масала сессияга киритилган бўлса, Шаҳрисабз шаҳри, Ғузор, Китоб, Қамаши, Кўкдала, Муборак ва Чироқчида бирор масала муҳокамага қўйилмаган.
Шу каби фарқни Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар сонидан ҳам кўриш мумкин. 3 ой давомида 4-5 та мурожаат қабул қилган туманлар ҳам бор. Бу одамларнинг мурожаати йўқлигидан эмас, ўша ташкилотга ишончи бўлмаганидан далолат эмасми? Электорати ва сайловчилари олдида бош кўтариб юра олиш учун ҳам депутатдан амалий натижа кутилади.
Сизнинг ҳудудингизда аҳвол қандай? Ваколатларингиздан тўлиқ фойдалана оляпсизми? Асосийси, депутат деган номга муносиб ишлар қилиняптими? Шу каби саволларни сизга ҳам беришимиз мумкин.
Зилола Убайдуллаева,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 24.04.2023, №17