Халқ депутатлари Сайхунобод туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Сессияда Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар, вилоят ҳокими, республика даражасидаги вазирликлар ва идоралар, тижорат банклари мутасаддилари, МФЙ раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари иштирок этдилар.
Видеоконференц алоқа шаклида ўтган сессияда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари раҳбарлари, тегишли ташкилот ҳамда идоралар масъуллари қатнашди.
Сессия ишида Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р. Мамутов сўзга чиқиб, аҳоли давлатимиз раҳбарининг “Сайхунобод тажрибаси”ни яратиш бўйича бошлаб берган ташаббусини якдиллик билан қўллаб-қувватлаган ҳолда, белгилаб берилган вазифаларнинг изчил амалга оширилишини сидқидилдан хоҳлаётганини, ушбу ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўзи ҳам ташаббуслар кўрсатиб, фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади.
Қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ш. Назаров ўз сўзида тумандаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш билан боғлиқ кўплаб масалалар фақат маҳаллий идораларга эмас, бевосита республика ташкилотларига боғлиқ бўлиб қолаётганлиги, шундан келиб чиқиб, улар томонидан вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши таъминланиши зарурлигини билдирди.
Сессияда Сайхунобод тумани ҳокими К.Муллажоновнинг ҳам ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, 19 та маҳаллага вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 794 та кўчага 174 нафар масъул бириктирилган, тижорат банклари томонидан 623 та фуқаро ва тадбиркорлик субъектига 8,7 млрд. сўм кредит ажратилган, тумандаги 3 340 гектар томорқа майдонларининг 3 273 гектарига экинлар экилган.
Туман ҳокими муҳокама этилган масала юзасидан маҳаллий Кенгаш депутатларининг барча саволларига атрофлича жавоб берди.
Йиғилишда “Ўзагролизинг” АЖ бошқаруви раиси Н. Отажонов 19 та маҳаллага мини-трактор ва 76 та мото-культиватор тарқатилгани, агроном штати жорий этилиб, маҳаллаларга бириктирилганини айтиб ўтди.
Кун тартибидаги масала юзасидан туман тижорат банклари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман бўлими бошлиғининг ҳисоботлари ҳам тингланди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимиз Президентининг Сайхунободга ташрифи туман аҳолиси ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар, кенг кўламли бунёдкорликлар ва янгиланишларга йўл очганини, “Сайхунобод тажрибаси” бутун республикада оммалаштирилаётганини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.
Қонунчилик палатаси депутатлари тумандаги хонадонларда доимий равишда юргани, белгиланган вазифаларнинг ижросига кўмаклашиш мақсадида маҳаллаларда томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати мунтазам равишда ўрганилаётгани ижобий самара бераётганини маҳаллий Кенгаш депутатлари эътироф этдилар. Шунингдек, белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан назоратни янада кучайтириш, ушбу масала уларнинг кун тартибидан тушмаслигини алоҳида таъкидладилар.
Бундан ташқари, ўз ечимини кутаётган айрим масалалар борлиги қайд этилиб, уларни ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан халқ депутатлари Сайхунобод тумани Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
***
Назира ҒАНИЕВА, халқ депутатлари Сайхунобод туман Кенгаши депутати:
— Юртбошимизнинг Сайхунобод туманига ташрифи одамларда катта ишонч, ҳаётга муҳаббат, шукроналик туйғусини янада оширди, десам муболаға бўлмайди. Бугун қайси хонадонга, қайси кўчага, қайси ташкилотга кирмайлик одамларда кўтаринки кайфият, янгиликларга интилишни кўряпмиз. Бунга аҳолининг томорқа ва шахсий хўжаликларидан олаётган даромадлари, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган фуқаролар мисол бўлади. Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам доим Сайхунободда, халқнинг ичида юриб биз депутатларга ёрдам беришмоқда. Бугунги сессия ишида ҳар бир масалани атрофлича муҳокама қилиб, устувор вазифаларни белгилаб олдик. Шундан келиб чиқиб, биз депутатлар ҳам маҳаллабай ишлаш, томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини доимий назорат қилиб борамиз.
Тоҳир ЖАВЛОНОВ, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг Сайхунобод тумани бўлими бошлиғи:
— Бугунги сессияда Президентимизнинг Сайхунободга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси юзасидан шу даврга қадар бажарилган ишлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. Бугун Сайхунободда жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Бу каби ислоҳотлардан ўзгармасликнинг иложи йўқ. Аҳолимиз шахсий томорқасидан самарали фойдаланиб, мавсумий экинлар экиш орқали даромад оляпти, қолаверса аҳоли қуёнчилик, балиқчилик, чорвачилик, асаларичилик каби даромад келтирадиган тадбиркорлик йўналишларига ўқитилиб, уларнинг иш бошлашлари учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Айниқса, “Ўрикзор” ва “Янгиҳаёт” маҳалларида қуёнчилик ва балиқчиликни ривожлантиришга катта маблағлар ажратилди ва бу ҳозирда ўз самарасини бера бошлади.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитлар, имкониятлар мавжуд. Агар бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилса, ҳудуд иқтисодий юксалади, аҳолининг фаровонлиги ошади. Сессияда белгилаб олинган вазифаларни бажаришда “маҳалла еттилиги” албатта фаол бўлади.
Исломбек МАХАТОВ, Сайхунобод тумани “Олғабос” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
— Ўтган бир ой давомида Қонунчилик палатаси депутатлари, туман масъуллари иштирокида аҳоли хонадонларида бўлиб, маҳалла аҳли билан юзма-юз суҳбатлар қилдик. Ушбу жараёнда аҳолига кредитлар ажратилди, иссиқхоналар қуриб берилди, томорқадан унумли фойдаланиши учун мини-тракторлар, мото-культиваторлар олиб берилди. Ҳали туманимизда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Агар биз улардан унумли фойдалансак, ҳудудда табиркорлар кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади. Натижада аҳолининг турмуши яхшиланади. Шу боис, бугунги сессия йиғилишида ҳам бу борада бажарилиши лозим бўлган ишлар атрофлича муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.