Давлат ёшларнинг интеллектуал ривожланишини рағбатлантиради

 

Дунёвий тараққиётдан маълумки, ёшлар барча даврда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатламни доимий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш лозим ҳисобланади. Ёшлар сиёсати – бу давлатнинг демократик тараққиётида ёшларни муҳим стратегик куч сифатида тан олиши, замонавий дунёда ёшларнинг эҳтиёжлари, уларнинг мавжуд демократик муҳитга тўғри мослашувига йўналтирилган қонунчилик ва ижро этиш хусусиятининг йиғиндиси ҳамда ўзининг ёшларга нисбатан бошқарув ва ижтимоий функцияларини демократик сиёсий тизим, халқаро ёхуд миллий ҳуқуқ нормалари талаби даражасида тўлиқ бажаришидир.

Бир йил аввал умумхалқ референдуми орқали янгиланган Конституциямизнинг XIV-боби Оила, болалар ва ёшлар деб номланиб, ёшлар ҳуқуқи ҳар томонлама кафолатланди. 79-моддада Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши, давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, 44-модда билан мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланди. Мажбурий меҳнатнинг Конституция даражасида тақиқланиши халқимизнинг илмий, маънавий салоҳияти ошишига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади. Навқирон авлод вакилларининг манфаатини умуммиллий манфаат билан уйғунлаштириш ёшлар сиёсатининг ўзаги ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш мамлакат истиқболини янада юксалтиришга замин яратади.

Жамиятни ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида ёшларда ўз билимларини мустақил бойитиш, профессионализм ва замонавий таълим асосларини чуқур эгаллаш кўникмаларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ёшларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини ўрганиш ва уларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, ғайрат-шижоатидан мамлакатимизнинг умумманфаати йўлида фойдаланиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бугун ҳар қачонгидан долзарб.

Дарҳақиқат, халқ ҳокимиятчилигига асосланган бошқарувни қарор топтириш, фуқаролик институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини жонлантириш, ижтимоий тенглик ҳамда ижтимоий барқарорлик асоси бўлган демократик қадриятлар устуворлиги кўп жиҳатдан аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларимизга боғлиқдир.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш