Янгиланган Конституция билан бир йил

 

Ўтган йили Янги Ўзбекистонни бунёд этишда яна бир муҳим тарихий қадам ташланди. Конституциямиз янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбекистон ўзини «ижтимоий давлат», деб эълон қилди. Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари асосида амалга ошириши белгиланди.

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов кириш сўзи билан очиб берди:

– Ўтган йили бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилди. Президентимиз конституциявий ислоҳотларнинг ҳам ташаббускори, ҳам илҳомлантирувчиси бўлди. Айтиш керакки, Бош қомусимиз миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги босқичида жамият ва давлатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берди.

Ҳақиқатан ҳам, янги таҳрирдаги Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди. Мамлакат ўзини ижтимоий давлат сифатида эълон қилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилди. Яна бир эътиборга молик жиҳати, давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг самарали янги модели яратилди.

Конституциямизда муайян меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигидан ёки қабул қилинмаганлигидан қатъи назар, Конституция қоидаларининг тўғридан тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш механизмлари мустаҳкамланди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид аниқ нормалар сони уч баробардан зиёд кўпайди. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари кенг кўламли масалаларни қамраб олган нормалар билан янада мустаҳкамланди. Атроф-муҳит билан боғлиқ ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, Интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, давлат хизматларидан фойдаланишдаги тенглик, банк операциялари ва ҳисобварақларининг махфийлиги Конституция даражасида мустаҳкамланди.

Фуқаролар қонун лойиҳасини тўғридан тўғри парламентга киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу янги ташаббус фуқароларнинг ўз ҳаётига, умуман, жамиятга ва давлатга таъсир этувчи қарорлар қабул қилишдаги иштирокини оширишга қаратилган. Хусусий мулк ҳуқуқи, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва капитал ҳаракати эркинлигининг кафолатлари мустаҳкамланди.

Ўз навбатида, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ бўлган қоидалар сони уч баробар кўпайди.

Давлат томонидан болалар меҳнатининг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, меҳнат бозорида аёлларга нисбатан камситишларнинг, ишсизликнинг олдини олиш чоралари кўрилиши, узлуксиз таълим тизими конституциявий жиҳатдан кафолатланди.

Конференцияда қайд этилишича, Олий Мажлис палаталари томонидан 38 та банддан иборат Конституция моҳиятини тушунтириш бўйича комплекс дастур қабул қилинди. «Янги Ўзбекистон Конституцияси» ягона миллий портали «konstitutsiya.gov.uz» ва унинг мобиль иловаси ишга туширилди.

Ҳозир парламент, суд ва ижро ҳокимияти, жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари янгича Конституциявий шароитда иш олиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Умуман, барча давлат органлари Бош қомусимизнинг ҳар бир қоидасини тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилишига масъуллиги, натижадорлик эса бош мезон этиб белгилангани қайд этилди.

 

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ўз сўзида шундай деди:

– Ўтган бир йил давомида биз жойларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини ўрганиб чиқдик. Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах ҳамда Қашқадарё вилоятларида Сенатнинг сайёр йиғилишларини ўтказдик. Энг асосийси, маҳаллий Кенгашларга ёрдам бериш, уларнинг муаммоларини ечиш мақсадида Кенгаш йиғилишларига вазирлик ва идоралар вакилларини ҳам жалб қилдик. Муаммолар борми, уларнинг ечимини шу жойнинг ўзида кўриб чиқдик.

Албатта, бу борадаги ишларимиз давом этади. Энг асосийси, олдимизда катта вазифалар турибди. Биз амалдаги қонунларимизни Конституцияга мослаштиришимиз керак. Бу борада ишларимиз кўп, деб ўйлайман. Ҳудудларда ўтказилган учрашувларимизда кўп муаммоли масалалар борлиги аниқланмоқда.

Айниқса, Конституциямизда аниқ белгилаб берилганидек, Ўзбекистон ҳудуди ягона иқтисодий макон. Демак, молиявий ресурслар, меҳнат ресурслари ҳамда товар-хизматларнинг ҳаракати ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов сўзга чиқди. Конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кафолатларни мустаҳкамлаганини алоҳида таъкидлади:

– Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда сиёсий партияларнинг ғоялари, ўз олдига қўйган вазифалари ҳуқуқий меъёр сифатида ўз аксини топди. Бизнинг партиямизнинг ҳам узоқ йиллардан бери илгари суриб келган ғояси, яъни ижтимоий давлат тамойили Бош қомусимизда аниқ белгилаб қўйилгани катта тарихий ютуқ бўлди. Албатта, биз ҳам ана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда, Конституциямизда белгиланган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ижтимоий тенглик, адолат нуқтаи назаридан ҳимоя қилишни ўз олдимизга вазифа сифатида белгилаб олдик.

Бу йил олдимизда катта сиёсий жараён турибди. Ҳар бир сиёсий партия Сайловолди дастурини шакллантиради ва албатта, ундаги ғоя ҳамда мақсад-вазифалар янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳамоҳанг бўлиши керак.

Бизнинг партиямиз ҳам бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, бўлғуси сайловлар олдидан бунга алоҳида эътиборини қаратади. Бунинг учун биз маҳаллаларда юриб, халқимиз билан мулоқот қилиб, айнан қуйидан Конституциямизда белгилаб берилган ҳуқуқларни рўёбга чиқариш бўйича 2 муҳим масалада ўз вазифаларимизни белгилаб олдик.

Биринчидан, Сайловолди дастурида қонун ижодкорлиги орқали ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш механизмидан фойдаланиш, иккинчидан, парламент назорати орқали конституцион ҳуқуқ ва меъёрларнинг амалда таъминланишини назорат қилишни мақсад қиляпмиз.

Тадбирда Конституцияни изчил амалга ошириш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Унинг мазмуни ҳар бир давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида, инсонлар ҳаётида аниқ акс этиши зарурлиги қайд этилди.

 

Лазиза Шерова,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 1.05.2023, №18

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш