Миллий университетда иқтидорли ёшлар беллашуви

 

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Асосийси, бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, 2024 йилнинг Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши ҳам бунга мисол бўла олади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ёшлар билан ишлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини оширишда ўзига хос ёндашув ва тажрибага эга бўлиб, бир қатор самарали лойиҳаларни ўтказиб келмоқда. Мақсад партиянинг асосий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилган ҳолда ёшларни сиёсий жараёнларга кўпроқ жалб этиш, аъзолар орасида ёшларнинг салмоғини оширишдан иборатдир.

Иқтидорли ёшларнинг мантиқий фикрлаш даражасини ҳамда интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш мақсадида партия Марказий Кенгаши Ёшлар сектори ташаббуси билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда университетнинг партиямиз ёшларидан ташкил топган 10 та жамоа иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини синаб кўришди.

Ўйин давомида ёшларга хос шижоат, топқирлик, ғалабага бўлган интилиш сезилиб турди. Ҳар бир савол муҳокамаси учун 1 дақиқа вақт ажратилиб, очколар саволларнинг мураккаблигига қараб белгиланди.

Қизғин ва қизиқарли кечган ўйин натижаларига биноан 1-ўрин соҳибига Ўзбекистон ХДП МК томонидан саёҳат учун йўлланма берилди.

Якунда ғолиб ва совриндорларга энг кўп ўқилувчи бадиий китоблар, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Халқ демократик партияси талабалар иштирокидаги “Заковат” интеллектуал ўйинларини йил давомида ўтказади.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш