2-3 май кунлари ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 93 мамлакатдан келган 2,5 минг нафардан ортиқ вакиллар қатнашди. Ўзбекистон пойтахти глобал мулоқот ва инвестициявий соҳада илғор тажриба алмашиш майдонига айланди.
Форумда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, биронта давлат мавжуд муаммоларини ёлғиз ўзи ҳал қила олмаслигини, фақатгина ўзаро ишонч доимий равишда ҳамкорлик қилишга асос бўла олишини, сўнгги етти йил мобайнида инвестицион муҳитни яратиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганлигини таъкидлаб ўтди. Олдинда турган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари иштирокида минтақавий энергетика лойиҳаларининг (Қамбарота ГЭС-1 ва Явон ГЭСни қуриш) хорижий инвесторларга тақдимоти бўлиб ўтди.
Форум доирасида етакчи хорижий компаниялар иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган янги замонавий йирик лойиҳаларга старт берилди. Энг муҳими, шу орқали янги бизнес имкониятлар кашф этилди. Тадбир доирасида панель сессиялари, муҳокамалар, бизнес нонушта ва давра суҳбатлари ўтказилди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда давлат, инвесторлар ва тадбиркорларнинг роли марказий мавзулардан бирига айланди.
Форум якунига кўра, жами қиймати $26,6 млрд.га тенг келишувлар имзоланди.
Катта келишувлар
Форумда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди:
— “Data Volt” компанияси (Саудия Арабистони) билан ҳамкорликда “Янги Тошкент”да шаҳар инфратузилмасини қуриш ($1 млрд) ва яшил технологияларга асосланган “маълумотлар марказларини” қуриш ($3 млрд);
— “Acwa Power” компанияси (Саудия Арабистони) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 5 ГВт шамол электр станциясини ҳамда қуввати 2 ГВт бўлган электр энергиясини сақлаш қурилмаларини қуриш ($6,2 млрд);
— “Amea Power” компанияси (БАА) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш ($1,1 млрд);
— “Saudi Tabrid” компанияси билан Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш ($750 млн);
— “Nil Shugar” компанияси (Миср) билан Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш ($500 млн);
— “Shaynxay Knud Interneshnl” компанияси (Хитой) билан Наманган вилоятида текстил ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ($205 млн);
— “Vilmar Interneshnl” компанияси (Сингапур) билан Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун озуқа ишлаб чиқариш ($200 млн).
Шунингдек, форумда дунёнинг бир қатор йирик компаниялари ҳисобланган Orascom Investment (Миср), Bonafarm Group (Венгрия), Sayar (АҚШ), Goldwind, Sinoma (Хитой), Sam Yapi (Туркия), Pasha Development (Озарбайжон), Lasselsberger (Австрия), Petrosat Chexelsoton (Эрон) каби компаниялар билан қиймати 6,6 млрд долларга тенг янги инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ҳамкорлик намунаси
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари:
— Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми халқимиз турмушини яхшилаш бўйича Ўзбекистон дунёга очиқ сиёсат юритаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Президентимиз форумдаги нутқида жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасайиб бораётгани, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаётгани, 2023 йилда ривожланаётган давлатларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 9 фоизга камайганини қайд этди. Бу фикр ва рақамлар дунёда очиқ, тенг манфаатли ҳамкорлик бўйича мураккаб вазият юзага келаётганини аниқ тушунишимизга ёрдам берди.
Ҳақли равишда таъкидланганидек, ҳеч бир мамлакат ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмаслиги ҳақидаги ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Барчамизни қувонтирадигани Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилига қатъий амал қилиб, юқори натижаларга эришмоқда.
Бундай ютуқлар кейинги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсгани, ўтган йилда умумий ўсиш 6 фоизни ташкил этгани, инфляция 9 фоизгача пасайганида, пировардида, халқимизнинг даромади ошгани, оилаларнинг ҳаёти яхшилангани, иқтисодий фаоллик ортаётганида кўринмоқда.
Дунёда ҳар куни ўзгараётган вазиятда ислоҳотларни тизимли давом эттириш жуда муҳим. Шунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди. Бу ҳужжатда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича кенг аҳоли қатламлари фикрлари асосида 100 та вазифа белгилангани халқимиз, давлатимиз дунё давлатлари билан очиқ, ўзаро манфаатли ҳамкорликка бундан кейин ҳам тайёр эканини англатади.
2030 йилгача аҳоли даромадларини икки баробар ошириш, бу кўрсаткич бўйича ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш мақсад қилинган. Фаол ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик билан албатта, бунга эришиш мумкин.
Кези келганда таъкидлаш керакки, халқ билан бамаслаҳат, улар билан кенгашиб қабул қилинган қарор ва ташланадиган қадамлар мамлакат учун ҳам, унинг тараққиёти, одамларнинг розилиги учун ҳам ўта муҳим экани ойдинлашди. бу борада Ўзбекистон тажрибаси намуна бўлиши мумкинлиги халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда.
Ички сиёсатдаги халқона ёндашув, одамларга яқинлашиш ташқи сиёсатда ҳам ўз самарасини бермоқда.
Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу – катта натижа. Сабаби, бу орқали юз минглаб ўзбекистонлик ишли бўлди, оиласи ва рўзғорини бут қилишга эришди, ўз уйида, яқинлари даврасида орзуларини амалга оширмоқда. Муҳими, халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.
Нуфузли тадбирда бир қанча мақсадлар, манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Эътибор берсангиз, уларнинг ҳар бирида янги иш ўринлари, замонавий касб ва соҳаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.
Мисол учун, мамлакатнинг IT трансформацияси йўналишида охирги бир йилда нималарга эришилгани ва келгуси режалар ҳақида сўз борди. Таъкидландики, IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошган. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режа қилинмоқда. IT-парк резидентлари сони ўн баробар кўпаяди, келгусида 100 минг янги иш ўрни яратилади.
Бундай истиқболли ташаббуслар самараси ўлароқ яқин бир неча йил ичида Ўзбекистонга хорижий инвестицияларнинг кириб келиш кўлами янада ошади. Ўз навбатида, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар учун соғлом рақобат муҳити шаклланади. Ишлаб чиқариш сифати ҳамда ҳажмининг ортиши янги иш ўринлари яратиш, истеъмол бозорини тўлдириш билан бир қаторда, аҳолининг даромади ҳамда турмуш фаровонлиги ошишида ҳам муҳим манба бўлади.
«Ўзбекистон овози», 8.05.2023, №19