Ўзбекистон ва Россия: ўзаро стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг янги босқичида

 

Ўзбекистонга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифини тарихий ташриф деб аташ мумкин. Бу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқични бошлаб берди.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон билан Россия ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатларимизнинг умумий тарихи, маданий яқинлиги, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувлари тарихий алоқалар ривожида муҳим ўрин тутмоқда.

Навбатдаги учрашувларда ҳам икки давлат ўртасида энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлиги, инновациялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, миграция каби қатор муҳим йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.

Маълумки, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Россия томонидан 1992 йилнинг 20 мартида тан олинган ва ўша кундан эътиборан икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Шундан кейин икки томонлама бир қатор стратегик битимлар ва келишувлар имзоланди.

Хусусан, 2004 йил 16 июнда Стратегик ҳамкорлик, 2005 йил 14 ноябрда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар тузилган. 2012 йил 4 июнда эса Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида Стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация қабул қилинган.

Икки томонлама муносабатларда сўнгги йилларда савдо, инвестиция ва ҳарбий соҳаларда катта ютуқларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо алоқалари Ўзбекистоннинг Россия билан савдоси икки томонлама ва кўп томонлама келишувларга мувофиқ эркин савдо режимида амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Айни пайтда савдо кўрсаткичларининг ўсиши юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда. 2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 9,88 млрд долларга етди ва Россия Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик савдо шериги бўлди. Ўтган йили умумий ташқи савдо айланмасида Россиянинг улуши 15,8 фоизни ташкил этди. Жорий йилда ҳам бу тенденция давом этмоқда.

Маълумки, Россия – Ўзбекистон учун энг катта экспорт бозори. Жумладан, 2024 йил январь-апрель ойларида ушбу мамлакатга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 фоизга ошиб, 811,5 млн доллардан 1 млрд 21,4 долларгача кўпайди. Тайёр қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг асосий қисми Россияга сотилади.

Шунингдек, Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан бири ҳамдир. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётига тўпланган Россия инвестицияларининг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошади. Айни пайтда 150 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти, уларнинг умумий қиймати қарийб 14 млрд долларни ташкил этади.

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 107,1 трлн сўм бўлиб, шундан 13,8 фоиз қисми Россия ҳиссасига тўғри келади.

2023 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Россия томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича биринчи ўринда туради – 2854 корхона. Бу хорижий инвестициялар иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар умумий сонининг 21,9 фоизини ташкил этади.

Таъкидлаш керак, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги шартнома бўлиб, 1999 йил декабрь ойида имзоланган. Бу келишув доирасида томонлар тезкор ва жанговар тайёргарлик, таълим, ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, ҳаво кемалари ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб тадбирларни ташкил этиб келади.

Ҳудудлар ўртасида фаол ва самарали алмашинувлар амалга оширилмоқда, шу йилнинг кузида учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилган. Муҳим инвестицион лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурлар давом эттирилиши эса келгусида икки давлат ўртасида ўзаро ишончга асосланган стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш