ХДП фракцияси йиғилишида икки вазир ўринбосари депутатларнинг саволлар ёмғири остида қолди

 

Парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишларидан келиб чиқиб, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликларининг мазкур соҳаларда олиб борилаётган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Ахборотларни Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев ва Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Юлдашев тақдим этди.

Кенгайтирилган йиғилишда тегишли вазирликлар мутасаддилари билан бирга партия Марказий ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳам иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг 28-29 февраль кунлари сайловчилар билан учрашиб, аҳолига мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун хужжатлари тўғрисида атрофлича маълумотлар бериш билан бирга, ҳудудларда халқимизни ўйлантириб келаётган масалалар ва уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ўрганилди.

Таълим сифатини яхшилаш, ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари соҳадаги муаммолар ва камчиликларни мунтазам ўрганиб, таҳлил этиб бормоқда, депутатлик ва парламент назорати кучайтирилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ХДП фракцияси аъзолари февраль ойи охирида сайлов округларида бўлганида 75 та учрашув ўтказди, уларда 4 мингдан зиёд фуқаро иштирок этди. Учрашувлар давомида таълим муассасалари фаолияти билан ҳам танишилди. Ҳудудлардаги мактаблар, мактабгача таълим муассасаларидаги шароит ўрганилди. Жойларда ўзгариш  ва ютуқлар билан бирга, аҳолини, тарбияланувчи ва ўқувчиларни қийнаб келаётган муаммолар борлиги маълум бўлди.

Кенгайтирилган йиғилишда соҳаларда кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижалари, муаммоли ҳолатлар, жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил қилиш масалалари чуқур ва атрофлича муҳокама этилди.

Халқ демократик партияси сайлов кампанияси пайтида ўқувчиларга жамоат транспортидан бепул фойдаланиш масаласини кўтарди.
Буни ташкил қилиш мумкинми?
Халқ таълими вазири ўринбосари бу саволга жавоб берди!

Фарзандларимизнинг, ёшларнинг тақдири, келажаги таълим сифатига бевосита боғлиқлиги алоҳида таъкидланди. Лекин жойларда таълим муассасаларининг ишини талаб даражасида йўлга қўйишга салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, мактабларда бинолар ҳолатини яхшилаш, қўшимча бино ва спорт майдончалари барпо этиш муҳим масалалардан биридир.

Таълим тизимидаги ислоҳотлар бор куч-имкониятларни тўлиқ сафарбар этишни, янги тушунча ва кўникмаларни тезроқ жорий қилишни тақозо этади. Давлат раҳбари ташаббуси билан икки тизимга эътибор кучайди, соҳалар ходимларининг мавқеи, ойлик маошлари оширилди. Бу жараён ҳали яна изчил давом этади. Депутатлар ушбу икки соҳа ходимлари ҳам рағбат ва эътиборга яраша ўзгариши, билим, тажриба ва масълият нуқтаи назаридан янги даражага кўтарилиши кераклигини таъкидлашди.

Халқ демократик фракцияси аъзолари Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида таълим сифати ва самарадорлигини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидлашди.

Тизимдаги ислоҳотлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Жумладан, 418 та мактабгача таълим муассасасини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда болаларга таълим бериш тизимини янада такомиллаштириш, боғча ёшидаги болалар қамровини республика бўйича 60 фоизга етказишдек аниқ ва масъулиятли вазифа белгиланган.

Кенгайтирилган йиғилишда депутатлар давлат ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан вазирлик томонидан кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот сўради. Давлат-хусусий шериклик битимлари бўйича қурилиш-таъмирлаш ишларининг бажарилиши юзасидан аниқ масалалар ўртага қўйилди.

Давлат дастурида янги умумтаълим мактабларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва хусусий мактаблар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 36 та янги умумтаълим мактабини қуриш, 160 та мактабни реконструкция қилиш ва 114 тасини капитал таъмирлаш, 80925 та ўқув ўрнини ва 54 та спорт залини фойдаланишга топшириш, 55 та хусусий мактаб ташкил қилиш кўзда тутилган. Бу вазифаларнинг вақтида ва сифатли ижро этилиши – жуда долзарб масала.

Ахборотлар эшитилгач, вазирлар ўринбосарлари депутатларнинг саволлар ёмғири остида қолди. Чунки ушбу соҳалар ҳамма учун муҳим, халқимиз катта ўзгаришларни, фарзандларимизга шароит бугун яхшиланишини  кутяпти. Йиғилишда бошқа партиялар фракциялари аъзолари ҳам фаол қатнашди, вазирликларга савол ва таклифларини берди.

Иккала вазирлик ўринбосалари ҳам соҳаларда ислоҳотлар бўлаётганига қарамай, муаммолар кўплиги, уларни парламент, депутатлар ва мутасадди тузилмалар билан ҳамжиҳатликда босқичма-босқич ҳал этишда ёрдам сўради. 

Фракция йиғилишида вазирликлар ахборотлари маълумот учун қабул қилиниб, ушбу соҳаларда депутатлик ва парламент назоратини изчил, қатъий ҳамда доимий йўлга қўйиш, тизимдаги муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўриш бўйича қарор қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш