Тиббиётда илғор рақамли технологияларни жорий этиш – бугуннинг талаби

 

Саломатлик инсонлар турмуш тарзи, ҳаёт даражаси ва сифатининг яққол кўрсаткичи ҳисобланади. Худди шундай, аҳоли саломатлиги давлат бошқаруви самарадорлигининг мезони сифатида ҳам қаралади. Бошқача айтганда, тиббиёт соҳасининг қай даражада ривожлангани маълум маънода мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий тараққиётини ўзида акс эттиради.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқаролар саломатлигига эътибор бир неча карра ошди. Бунда “Инсон-жамият-давлат” тамойилининг жорий этилиши соҳадаги ислоҳотларнинг ҳаётбахшлигини таъминлашга имкон бермоқда.

Хусусан, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг омма ўртасида шакллантириш, оилаларда тиббий маданиятни ошириш саъй-ҳаракатлари янги суръат ва мазмун касб этаётир.

Ижтимоий соҳанинг салмоқли қисмини ташкил этувчи соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар, албатта, аҳолининг ҳаёт тарзига, жамият кайфиятига бевосита таъсир кўрсатади. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилгани кенг жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинди. Ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма электрон навбат асосида берилаётгани тизимдаги айрим муаммоларга ечим бўлди.

Умуман олганда, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича 200 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилингани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни замон талабларига мувофиқлаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 28 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса соҳада шаффофликни таъминлашда, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш ва иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қарор билан соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш, тиббиёт ходимларининг иш унумдорлигини яхшилаш, шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилинган рақамли трансформация дастурларини самарали амалга ошириш мақсад қилинган.

Тиббиёт тизимини тўлиқ рақамлаштириш нафақат юртимиз, балки ҳар қандай давлат учун хос бўлган қатор муаммолар, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли тиббиётни йўлга қўйиш учун кенг имконият эшикларини очади. Бу борада АҚШ, Япония, Буюк Британия, германия, Австралия, греция, Ирландия, Испания, Канада, Франция, Швеция, Швейцария каби давлатлар анча илғор. Шунингдек, Россия, Украина, Беларусь, Mолдова, грузия, Арманистон, Қозоғистонда ҳам телетиббиёт бўйича йирик кўламдаги лойиҳалар амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Бугунги кунда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантираётган асосий омиллардан бўлиб, кўплаб мамлакатларда оммалашаётгани бор гап. Негаки, унинг ёрдамида одамларнинг вақти ва моддий ресурслари тежалади. Уйда ўтириб клиникани, шифокорни танлаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга тиббий хизматлардан тенг ва осон фойдаланади. Онлайн теледиагностика эса энг илғор маҳаллий ва хорижий экспертлар маслаҳатини олишда қўл келади. Бу орқали бир қанча бюрократик тўсиқларга барҳам берилади.

Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Бу орқали тиббиёт тизими билан алоқадор соҳаларни интеграциялаш, аҳоли соғлиғини назорат қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш, врач қабулидаги тирбандликларни барҳам топтириш, телемедицина имкониятларидан фойдаланиш орқали энг узоқ ҳудудларда яшовчиларни ҳам юқори малакали мутахассислар маслаҳатидан фойдаланишига шароит яратиш, бирламчи бўғиндан тиббий марказларгача ахборот алмашинувини таъминлаш мумкин.

Бироқ бу йўналишда белгиланган аниқ вазифалар бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бирдек амалий ижросини топяпти, дейиш қийин. Жумладан, вилоятларда соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги тиббиёт муассасалари юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига улангани ҳолда олис туманларда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш даражаси талабга жавоб бермаслигини ҳам айтиб ўтиш керак.

Масалан, Тошкент вилояти тиббий муассасаларида фойдаланишга киритилган электрон дастурлар сони 10 та бўлиб, улар бир-бири билан интеграция қилинмагани аниқланди. “Электрон поликлиника” ахборот тизимидан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилинганида, аксарият ҳолларда беморларни рўйхатга олиш ва уларга тиббий хизмат кўрсатиш анъанавий қоғоз шаклда экани маълум бўлди. Бунга сабаб бирламчи тиббий муассасаларда компьютер жамланмалари етишмаслиги билан изоҳланди. Шу билан бирга тиббий ходимларнинг компьютер саводхонлиги етарли эмаслиги ва амалдаги электрон дастурлардан фойдаланиш қулайлик даражаси пастлиги ҳам “Электрон поликлиника” ахборот тизимини жорий этишга тўсқинлик қилмоқда.

Маълумки, бирламчи бўғиндан электрон ордер юбориш mis2.ssv.uz тиббий ахборот тизими орқали амалга оширилади. Беморларни тор доирадаги мутахассисларга йўналтириш, вилоят шифохоналари ва республика илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларига электрон ордерлар юбориш ҳолати ўрганилганида ҳам айрим камчиликларга дуч келинди. Яъни, оилавий поликлиника ёки оилавий шифокорлик пунктларидан туман марказий поликлиникаларига беморлар қоғоз шаклидаги йўлланма орқали келмоқда. Электрон йўлланма оилавий поликлиникада қайд этилиши мумкин, лекин интеграция йўқлиги сабабли аниқ вақт белгиланмаслиги тор мутахассислар ҳузурида катта навбатлар ҳосил бўлишига олиб келяпти. Марказий поликлиникаларда йўлланма орқали келган беморларнинг кунлик ёки ойлик ҳисоботларини онлайн кўриш имконияти яратилмаган.

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳасига чуқур кириб бормоқда. Давр талаби ҳам шу аслида. Мана шундай паллада аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда қабул қилинган рақамли трансформация дастурларини самарали амалга ошириш республикамиз соғлиқни сақлаш тизими олдида турган энг долзарб вазифадир. Бу жараёнда соҳа мутахассисларининг масъуллигини, керак бўлса, билим ва салоҳиятини ошириш, жамоат ва парламент назорати воситаларидан унумли фойдаланиш кутилган натижаларни беради. Асосийси, халқимиз саломатлик кўрсаткичларида ижобий ўзгаришлар намоён бўлади.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш