Мақсадимиз бир...

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда яққол кўришимиз мумкин. Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари Президент ҳузурида фармацевтика тармоғида эришилаётган натижалар ва истиқболли режаларга оид тақдимот қилишди.

Президент ҳузурида 23 май куни бўлиб ўтган тақдимотнинг илдизи 2023 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишига бориб тақалади. Сабаби, ўша йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантиришга қаратилган жуда кўплаб вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур тақдимотда ўша вазифаларнинг қанчалик бажарилгани ва эндиликда қилинадиган ишлар муҳокама қилинди.

Айтиш керакки, аҳоли саломатлигини асраш кенг қамровли масала бўлиб, бу борада кўзланган натижага эришиш йўлида тиббиёт ютуқлари билан бирга аҳолининг дори-дармон таъминоти ҳам муҳим омил саналади. Шу мақсадда тиббиёт билан бирга фармацевтика саноатини ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Халқ демократик партиясининг депутатлик бирлашмалари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фармацевтика соҳаси бўйича, жумладан, ҳудудларда дорихоналарнинг қанчалик талабга жавоб бериши, у ерда фаолият олиб бораётган ходимларнинг мутахассислик даражаси, дори-дармон нархларининг мутаносиблиги каби йўналишларда мунтазам ўрганишлар ўтказиб боради.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда юртимизда фармацевтика соҳасини тартибга солишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Қонун, Президентнинг фармон ва қарорлари мавжуд бўлиб, яна янгилари имзоланди. Биргина 2024 йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг 10 январь санасида имзоланган Қарори ва 23 январда имзоланган Фармони мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Булар тўғридан-тўғри соҳада мавжуд бўлган муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган.

Фармацевтика соҳасида жуда катта маблағ айланади. Эътиборлиси, ўша маблағнинг катта қисми импортнинг ҳиссасига тўғри келади. Шу мақсадда энг кўп истеъмол қилинадиган 50 та дорини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали маҳаллий ишлаб чиқаришнинг улушини 35 – 40 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Тақдимотда ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга ўтказиш, нарх ва сифат мутаносиблигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда соҳада рақамлаштиришни бу йил 65 фоизга етказиш, кейинги йил эса тўлиқ якунлаш вазифаси қўйилди. Бу орқали дори-дармон воситаларининг нархини 20 фоизга арзонлаштириш режалаштирилмоқда.

Соҳадаги янги лойиҳалар учун 100 миллион доллар арзон ресурс ажратилди. Бундан ташқари, Асака банк томонидан 200 миллион доллар жалб қилинди.

Бу имкониятлар натижасида ўтган 4 ойда 30,5 миллион долларлик иккита лойиҳа ишга туширилиб, 160 та иш ўрни яратилган. 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 51 миллион долларлик экспорт қилинган.

Тақдимотни кўриб, ўзим учун хулоса қилдим. Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фармацевтика соҳаси бўйича тайёрланаётган қонунлар устида кўпроқ ишлаши, амалдаги қонунларни такомиллаштириши, қолаверса, доимий назорат-таҳлил ишларини олиб бориб, натижалари бўйича керакли тавсиялар беришни бизнинг вазифамиз, деб ўйлайман. Чунки, исталган соҳада тараққиётга эришиш учун бир томоннинг ҳаракати етарли бўлмайди. Бунда масъуллар ҳам, депутатлар ҳам, жамоат фаоллари ҳам ва, албатта, халқимиз ҳам тенг иштирок этиши, ўзини алоқадор ҳис қилиши лозим. Аслида ҳаммамизнинг мақсадимиз бир, дори-дармон воситаларининг арзон ва сифатли бўлишидир. Бирдамлик ва масъулият билан қилинган ҳаракат эса бизни мақсадга элтади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш