Кар ва соқовлардан иборат оила нега ўз уйидан ҳайдаб чиқарилмоқда?

 

“Бундай бўлиши мумкин эмас, ногиронни ким ҳам қақшатарди”, демоқчимисиз? Афсуски...
 
Уйидан айрилаётганлар додлаб дунёни бошига кўтарай деса, забони йўқ!

Халқимизда уй, яъни шахсий хонадон қадрият даражасидаги мулк. Асрлар оша яшаб келаётган “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, деган нақл бежиз айтилмаган.

Кутилмаганда ўз уйидан жудо бўлиш хавфи ҳар қандай одамни изтиробга солиши тайин. Снослар, оммавий уй бузилишларида одамларнинг қай ҳолатга тушгани барчага маълум. Айниқса, болта кўтариб, ўз уйини ҳимоя қилган аёл қиёфаси ҳали ёдимиздан чиқмади.

Ўша аёл ҳақини таниган, қандай гапиришни билар эканки, бошига тушган ишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини торта олди. Унинг ўрнида кар ва соқов одам бўлса нима қиларди? Нима бўлаётганини тўлиқ англай деса, эшитмаса, сезса ҳам додлай деса, тили йўқ бўлса? Оғир савдо, шундай эмасми?

“Бундай бўлиши мумкин эмас, ногиронни ким ҳам қақшатарди”, демоқчимисиз? Афсуски...

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод фуқаролар йиғинида шундай оила бор. Бу Жилкиналар оиласи бўлиб, оила аъзоларининг барчаси — эр ва хотин ва уларнинг уч нафар фарзанди ҳам кар ва соқов. Яъни эшитмайди ва гапира олмайди. 
 
Бу оилада 2018 йилдан буён тинчлик йўқ. Чунки уларни ўз уйларидан ҳайдаб чиқаришга уринишмоқда. Боиси айнан шу хонадон жойлашган ер шу хонадонга яқин жойда фаолият юритаётган “Қўйлиқ” агрофирмасига негадир керак бўлиб қолган.

Оила бекаси Татьяна Жилкинанинг (қизлик фамилияси Перегудова) Зангиота тумани мутасаддиларига қилган мурожаатлари эса изсиз кетган.

Таассуфки, ёрдамга муҳтож бу оилани ҳимоя қиладиган бирорта ҳам мард топилмади.Бир оилани қақшатиб, мулкини тортиб олишга уринаётган тадбиркорни эса нима деб аташни ҳам билмайди киши.

Бу оила ҳақида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусовадан эшитдим.

Шундан бери ўзимни қўярга жой топа олмайман. Уларнинг ҳеч бўлмаса забони бўлганда ҳам бошқаларга ўхшаб дод соларди, ўзларини қақшатаётганларнинг исмини бирма-бир айтиб, дунёни бошига кўтарарди, деб ўйлаб дилим куйди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳаллий раҳбарларга халқ томонида бўлишни топширса ҳам улар амалда аксини қилаётгандек. Ҳокимликлар фойда учун ҳеч нарсадан тап тортамаётгандек.

Фақат тадбиркорни қоралай дейману, лекин туман ҳокимлиги имкон бермаса, у бировнинг уйини тортиб олишга жазм эта олармиди? Бироқ, бари бир унда ҳам инсоф йўқ эканки, ногиронлар оиласини қақшатиб, бирор нарсага эришгандан эришмаганим яхши эди, деб мард кета олмаган. Эҳ, нафс қурбони!

Ҳаммадан ҳам ҳали вояга етмаган фарзандлар оиладаги саросимали муҳитдан кўпроқ озор чекди. Ахир болакайлар эшитмаса ҳам, гапирмаса ҳам ота-она чекаётган изтиробларни ҳис қиладику.

Татьяна Жилкина ҳозир яшаб келаётган уйида болалигидан яшайди. 1993 йилда мазкур хонадон унинг номига хусусийлаштириб, ҳужжатлаштирилган. 
 
 
 
Бу уйда Татьяна аввал ота-онаси билан яшаган бўлса, ҳозир ўз оиласи, яъни турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан истиқомат қилади.

2018 йилга келиб эса “Қўйлиқ” агрофирмаси эгалари бу оилага босим ўтказа бошлаган. Тадбиркорнинг мақсади – қўшнининг ерини тортиб олиб, ўз фаолиятини кенгайтириш экани эса кундай равшан. Бу борада мулкдорга тегишли ҳужжатлар маҳаллий мансабдорлар томонидан бекор қилинганига нима дейсиз? 
 
 
 
Шу ер керак экан, хонадон эгасини рози қилиш ёки бошқа уй олиб бериб мақсадни амалга ошириш мумкин эди. Бироқ, тадбиркор шундан кўра, мансабдорларни “рози” қилишни маъқул кўрган, шекилли.

Ушбу можароли ҳолатни Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова батафсил ўрганиб чиқди.

- Менга тақдим этилган ҳужжатлар, ҳокимлик ва суд қарорлари билан танишдим, – дейди А.Юнусова. – Энг қўпол хато шундаки, бу оила тақдирига таъсир қиладиган масала судда кўриб чиқилганда уларнинг кар ва соқовлиги эътиборга олинмаган. Яъни, сурдо таржимони судга таклиф этилмаган. Гарчи улар судда иштирок этган бўлса ҳам, нима гаплар бўлганини, табиийки, эшитмаган. Бироқ, шунга қарамай Татьяна Жилкинанинг мулк ҳуқуқи бекор қилинган. Бу судда сурдо таржимони қатнашмаганининг ўзи суд қарорини бекор қилишга асос бўла олади. Қолаверса, судда прокурор ҳам иштирок этмаган. Т.Жилкинанинг мулки ҳуқуқини қонун бўйича кўриб чиқиб, унга албатта ёрдам берамиз. Боиси бу оилада вояга етмаган болалар бор. Қонун уларнинг манфаатини ҳимоя қилади. Улар кўчада қолиши мумкин эмас. Янада муҳимроғи, бу оила ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифага киради.

Бу оилага товон пули ажратилмасдан ёки уй бермасдан туриб мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши инсон ҳуқуқлари,шу жумладан, бола ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир.

Демак, оғриқли бу мавзу ҳали ёпилмади. Масалага қонуний баҳо бериш фурсати эса яқин. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Аммо, умид қиламизки, қўпол хатони қилишга жазм этганлар хатосини кеч бўлса-да англаб, уни тузатишга ҳаракат қилади. Ахир хато қилган хатосидан тўғри хулоса чиқарса, ҳалол йўлни танласа, кечирилибгина қолмай, раҳматга ҳам, савобга ҳам эга бўлади.
 

Норгул АБДУРАИМОВА,
 
 
← Рўйхатга қайтиш