Ишимизда ўзгариш бугун сезилиши, натижа бўлиши керак

 

Партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилиши видеомулоқот тарзида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов партиямиз фаолларининг жойларда ечимини кутаётган масалалар бўйича берган таклифлари Давлат дастурида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилдики, бу йилги Давлат дастури бир қатор ижтимоий муаммоларни ҳал этишда катта аҳамиятга эга. Айниқса, Халқ демократик партияси илгари сурган принципиал масалаларда муҳим вазифалар ҳам белгиланди. Айрим йўналишлар партиямиз Сайловолди дастуридаги таклиф-ташаббуслар билан уйғун экани партиямиз, барча даражадаги депутатлар зиммасидаги масъулиятни янада оширади.

Ўзбекистон ХДП тизимидаги масъуллар, партия фаоллари ҳамда депутатлик бирлашмаларини жалб этган ҳолда, Давлат дастурини мазмун-моҳиятини партия электорати орасида кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидланди.

Давлат дастурида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид вазифалар, уларнинг ижросини таъминлашда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда жамоатчилик назорати ролини кучайтириш масалалари кенг муҳокама этилди. Ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ҳамкорлик ўрнатиб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим вазифа экани таъкидланди.

Давлат органларида халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлаш тизими самарадорлигини баҳолаш механизмини ишлаб чиқиш, давлат органлари раҳбарлари ва ҳокимларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида мунтазам эшитиш тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Халилла Ешимбетов, ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси:

– Бир таклиф бермоқчиман. Биз аввало, қуйи ташкилотлар билан ишлаш механизмини тўғри йўлга қўйишимиз керак. Юқори партия ташкилотлари билан бўлаётган йиғилишларни кескин қисқартириб, бунинг ўрнига ҳар ойда бир, икки маротаба туман Кенгашлари, бошланғич ташкилотлар фаолиятини муҳокама қилишимиз, хато ва камчиликларни очиқ-ойдин таҳлил қилиб, таклифларни беришимиз керак. Маълум бир муддат белгилаб, яна ўша ташкилот фаолиятига қайтиб, фаолиятида ўзгариш бўлган ёки бўлмаганини кўриб чиқишимиз лозим, деб ўйлайман. Давлат дастурида маҳаллий Кенгашлар ваколатини кенгайтиришга доир бир қатор вазифалар белгиланган. Демак, биз ҳам маҳаллий партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтирмас эканмиз, вазифалар қоғозда қолиб кетаверади. 

Йиғилишда қайд этилганидек, Давлат дастурида халқимиз турмуш сифатини ошириш мақсадида кўплаб муҳим вазифалар белгиланди, уларнинг ҳаммаси муҳим. Партиямиз дастурий йўналишларидан келиб чиқиб, айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз жоиз. Дастурда кўрсатилгандек, камбағалликни белгилаш мезонлари, методолияси бўйича ҳали мамлакатимизда мустаҳкам ҳужжат йўқ, тартиб-қоида белгиланмаган. Йиғилишда бу мавзу атрофлича таҳлил қилинди. Партиямиз сайловлар олдидан яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси тўғрисида қонун қабул қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Партия бу ваъда ва вазифани бажаришга қатъий киришди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ва Марказий Кенгаши экспертларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳозирда улар қонун лойиҳасининг концепциясини тайёрлаяпти.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосарлари Улуғбек Вафоев, Меҳрожиддин Дарханов, бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов, Тошкент вилоят партия кенгаши раиси Сайёра Файзиева ва Сирдарё вилоят партия кенгаши раиси Холбек Жалолов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда, албатта, парламент, сиёсий пар­­­­тия­лар, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари зиммасида ҳам масъулиятли вазифалар турибди. Бу масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз билан маҳаллий Кенгашлар депутатларининг узвий ҳам­корлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда парламент эшитувига олиб кирилаётган масалалар, электоратни қийнаётган муаммоларнинг аввало қуйи бўғинларда, яъни ­туман, шаҳар, вилоят Кенгашлардаги партия гуруҳларида, доимий комиссиялар мажлисларида, сессияларда муҳокама қилинишини кучайтириш, асосли, аниқ хулоса ва таклифларни парламентдаги партия фракциясига етказиш ишларини янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш