Мамлакатнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва аҳамияти унга амалга оширилаётган ташрифларда ҳам яққол кўринади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон дунёдаги энг меҳмондўст давлатлардан бирига айланмоқда, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.
Июль ойи ҳам олий даражадаги ҳамкорлик ташрифи билан бошланди. БМТ Бош котибининг юртимизга келиши, давлатимиз раҳбари билан юқори самарали учрашув ўтказиши кўп томонлама аҳамиятли жараёндир.
Ғурур билан қайд этиш керакки, кейинги йилларда Ўзбекистон БМТ билан, унинг муҳим институтлари билан яқин ҳамкорлик қилаётган, реал натижаларга эришаётган мамлакатлар қаторига кирди. 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилингани бу фикрнинг амалий исботи бўлиб турибди.
Энг муҳим йўналишлардан яна бири Ўзбекистонда БМТнинг конвенциялари муваффақиятли ратификация қилинаётгани билан боғлиқ. Бу миллий қонунчилигимиз умумэътироф этилган ҳужжатларга мувофиқ ривожланаётганидан, мамлакатимизда юритилаётган барча соҳаларга доир сиёсат халқаро ҳуқуқ билан интеграциялашаётганидан далолат беради. Масалан, Ногиронлар ҳуқуқлари конвенцияси ратификация қилингани юртимиздаги ногиронлиги бўлган шахслар, партиямиз электорати вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари янада самарали ҳимоя этилишини ҳам англатади.
Жаноб Антониу Гутерриш ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, энергетик лойиҳалар, маҳалла институти фаолияти билан яқиндан танишиб, юртимиз ҳаётидаги ўзгаришларни ўз кўзи билан кўрди. Ўйлайманки, кўпроқ қуйи тизимда, одамлар билан мулоқот қилиб олиб борилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатлари учун нақадар муҳимлигига бевосита амин бўлди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси БМТ нинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Хусусан, соғлиқ ва фаровонлик, сифатли таълим, гендер тенглик, тоза сув ва санитария, арзон ва тоза энергия, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш, тенгсизликни камайтириш каби вазифалар тараққиёт стратегиямизда ҳам ўз ифодасини топган. Яна бир жиҳати, бу мақсад ва вазифалар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғояларига жуда мос келади.
Олий даражадаги музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди. Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаноблари Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирланишида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Давлатимиз раҳбари жаноб А.Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги юксак даражага етишига қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбарининг минтақавий сиёсатини юксак баҳолади: «Марказий Осиёда тарқоқлик жуда кенг илдиз отган эди. Сизнинг фаолиятингиз туфайли Марказий Осиё минтақасида янгича муҳит яратилди. Бу дўстлик, ўзаро ҳурмат, мулоқот, ҳамжиҳатликда масалаларни кўриб чиқиш, минтақада мавжуд бўлган қийинчиликларни енгиб ўтишга асосланган муҳит бўлди. Марказий Осиёни дунё цивилизацияси маркази, деб биламан. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Самарқанд ва Бухорога боришнинг ўзи кифоя қилади».
Халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашга, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришга, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликка интилувчи нуфузли ташкилот билан алоқалар янада мустаҳкамланиб бораётганини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар бир инсон учун муҳим бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларига биргаликда эришамиз.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 3.07.2023, №26