1 фоиз

 

Яқинда Халқ демократик партиясининг YouTube каналидаги «Бу муҳим» лойиҳасида «Банкоматдан пул ечилганда 1 фоиз комиссия ечиб олиниши нақадар адолатлидеган савол билан ҳамюртларимиз ўртасида сўров ўтказилибди. Турли ёшдаги аҳоли вакилларининг аксарияти банк муассасалари томонидан киритилган айни тартибга қатъий норозилик билдириб, буни ёқламаган. Айримларгина, аксинча, маъқуллаган. «Менга фарқи йўқ», дегувчилар ҳам бор.

 

Мазкур видео остидаги изоҳларда эса пластик картадаги маблағни банкоматлар орқали нақдлаштиришда 1 фоиз олиш амалиёти куппа-кундузи кишини тунаш билан баробарлиги, пенсионерлардан ҳам 1 фоиз олиб қолиш уят экани каби негатив фикрларни қайд этганлар нисбатан кўплигини кўрамиз. Шу қаторда яқин ўтмишда картадаги пулни нақдга айлантиришда ҳатто 25-30 фоиздан ҳам воз кечилганини эслаб, бунга шукр қилиш кераклигини уқтирувчиларни-да учратамиз. Яна кимдир эса шунчаки «Бизнинг қишлоқдаги банкоматда пул йўқ», деб қўя қолган.

Хўш, нега бу мавзуни кўтаряпмиз? Чиндан ҳам бундан 7-8 йил олдин кўча-кўйда банкоматдан тўғридан-тўғри пластик картамиздаги маблағни нақдлаштириш биз учун тасаввурга сиғмас ҳолат эди-ку! Бугун эса қишлоқ туманларда аҳоли гавжум масканларда, бозорларда, шаҳарларда эса деярли ҳар қадамда банкоматлар хизматидан беминнат фойдаланяпмиз. Бир неча тугмани босамиз ва истаган суммамиз қўлимизга тегади. Бундай қулайлик ҳамда тезкорлик учун даромадимизнинг атиги бир фоизидан воз кечсак, нима бўпти?

Лекин... инсоф, адолат, ҳалоллик мезонлари билан қараганда, айни амалиёт ростдан ҳам баҳсталаб ва эътирозларга лойиқ.

 

Бирники мингга, мингники туманга

2024 йил 1 февраль ҳолатига мамлакатимизда муомаладаги банк пластик карталари сони 46 миллион 73 минг 524 тани ташкил этгани ҳолда жойларда ўрнатилган банкоматлар ва инфокиосклар 28 минг 700 тадан ошган. Эътибор қилинг, аҳоли қўлида 46 миллионтадан зиёд пластик карталари мавжуд. Биламизки, ҳозирда иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар деярли тўлиқ ҳажмда пластик карталарга ўтказиб берилаётир. Дейлик, аҳолимизнинг энг камида 10 фоизи бир ойда банкоматлар орқали ўртача 1 миллион сўмни нақдлаштирса ҳам, ойига 35 миллиард сўмдан, йилига эса 400 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари банклар ҳисобида қолади. Бу энди минимал даражадаги рақамлар. Ваҳолонки, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни, халқона айтганда, ҳалол пешона тери билан топган даромадини нақдлаштираётган аҳолидан банкоматлар орқали олиб қолинаётган бир фоизлик устама туфайли банклар ихтиёрига ўтаётган ана шу миллиардлаб сўмлар бундан кўп бўлса кўп, асло кам эмас. Ахир бирники мингга, мингники туманга, дейди доно халқимиз.

Хуллас, бугунги кунда маҳаллий карталардан (Humo, Uzkard) банкоматларда нақд пулни олиш бадали 1 фоиз бўлиб қолмоқда. Жамоатчиликни, депутатларимизни, умуман, аҳолини ўйлантираётган ҳолат ҳам шуки, нақдлаштириш учун тижорат банклари томонидан ҳамон максимал даражадаги 1 фоиз ушлаб қолиняпти. Ҳали ана шу 1 фоиз 0,7 ёки 0,5 фоиз даражага тушган реал вазиятга дуч келганимизча йўқ.

Танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак, албатта. Шу маънода мавзу юзасидан Марказий банк матбуот котиби Акмал НАЗАРОВга юзландик. Масъул ходим ушбу масалада қуйидагиларни баён этди:

– Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 61-моддасига кўра, банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади ҳамда мазкур Қонуннинг 62-моддасига асосан кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари ва банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.

Марказий банк юқоридаги қонун ҳужжатларига зид равишда тижорат банкларининг операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдорини белгилашга аралашиш ёки уларни бекор қилиш ваколатига эга эмас, қонун ҳужжатлари билан ундирилиши тақиқланган комиссиялар бундан мустасно.

Тижорат банклари ҳам иқтисодиётдаги бошқа барча тадбиркорлик субъектлари қатори ўз хизматлари учун нархларни мустақил белгилайди. Бугунги кунда тижорат банклари томонидан аҳолига нақд пул билан боғлиқ операциялар кўрсатишда ўз операцион харажатларидан келиб чиққан ҳолда тарифлар белгиланиб, хизмат ҳақлари ундирилади.

Хусусан, банкларнинг нақд пул билан ишлаш бўйича операцион харажатлари банкоматларни сотиб олиш, сақлаш, нақд пулни ташиш, касса ишларини ташкил этишдан тортиб кассирларнинг иш ҳақигача бўлган бир қанча харажатларни ўз ичига олади. Мазкур харажатлардан келиб чиққан ҳолда тижорат банклари банк картасидаги маблағларни банкомат ёки касса орқали нақдлаштиришда ундириладиган комиссиялар миқдорини белгилашга, шубҳасиз, ҳақлидир.

 

Халқаро амалиётда қандай?

Соҳа экспертларининг фикрича, банклар учун пул эмиссияси харажат моддаси ҳисоб ланади: молиявий ташкилот ўз ликвидлигининг бир қисмини йўқотади, кредит лимити мавжуд бўлса, у ҳам қарзни тўламаслик хавфига тўқнаш келиши мумкин. Банкоматларнинг бутун иш цикли, жумладан, уларни сотиб олиш ва сақлаш харажатлари, мунтазам равишда нақд пул тўлдириш, хавфсизликни таъминлаш каби масалалар банклар учун арзонга тушмайди. Йирик банклар бу харажатларни бошқа даромад манбалари ёки ҳамкорлар билан банкомат тармоқларидан ўзаро фойдаланиш ҳисобига қоплашлари мумкин, бироқ кичик ва ўрта молия институтлари учун кенг кўламли тузилмани сақлаб қолиш осон эмас. Мижозлардан нақд пул ечиб олишда фоиз ундирилиши улар учун айни заруратдир.

Шундай қилиб, узоқ-яқин давлатларда бу борада қандай амалиёт йўлга қўйилгани билан қизиқдик.

Мисол учун, Қозоғистондаги банкларда картадаги электрон пулларни бир ойда маълум бир миқдоргача нақдлаштиришда комиссия тўловлари ундирилмас экан. Масалан, пластик картадан 1 ойда 500 минг тенгени комиссия тўловисиз нақдлаштириш мумкин, 500 минг тенгедан ортиқча қисмидан эса бир фоизгача (кўпгина банкларда бир фоизга ҳам бормайди) комиссия тўлови ундирилади.

Россияда агарда нақдлаштириш пластик карта очилган банкка тегишли банкоматларда амалга оширилса, комиссия тўлови ундирилмайди. Пластик карта очилган банкдан бошқа банкларда карталардан пул нақдлаштирилганда 1 фоиз комиссия тўлови олинади.

Германияда ҳам банкоматларда нақд пул ечишнинг ўзига хос тизими қарор топган. Ушбу давлатда аҳолининг катта қисми ЕC-карта («Electronic cash») дан фойдаланади. EC-картаси очилган банкка тегишли банкоматларда ва ушбу картани ўқийдиган бошқа махсус банкоматларда картадаги пулларни нақдлаштириш учун комиссия тўлови йўқ. Қолган банкоматларда эса картадаги пул нақдлаштирилганда ҳар бир операция учун ўртача 5 евро ундирилади.

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, пластик карта қайси банкда очилган бўлса, ўша банкка тегишли банкоматларда пул нақдлаштирилганда маълум бир суммагача комиссия тўлови ундирилмайди. Фақатгина белгиланган лимитдан ошган қисмидан 1 фоизгача банкка ўтади. Шунингдек, айрим давлатларда картадаги пенсия ва ижтимоий тўловлар бўйича мавжуд пуллар нақдлаштирилганда ҳеч қандай фоиз ушлаб қолинмайди.

 

ХДП фаоллари таклиф беради

Давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий мувозанат барқарорлигини кафолатлаш тарафдори бўлган Халқ демократик партияси фаоллари Сайловолди дастури учун тайёрлаётган таклифлари орасида электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда банк пластик карталаридан фойдаланишни янада қулай қилиш шартларини ҳам илгари сурмоқдалар. Бунда:

– коммунал, давлат хизматлари, маъмурий жарималар, таълим учун тўловлар ва бошқалар бўйича тўлов амалга оширилганда амалдаги 1 фоизгача бўлган воситачалик ҳақини аҳолига бепул этиб белгилаш ҳамда воситачилик ҳақини тўловларни олувчи ташкилотлардан олдиндан ундириб қолиш;

– пластик карталардан пулни банкоматлар орқали нақдлаштирганда, агарда ушбу пластик карта банкомат қарашли бўлган банкники бўлса, 1 фоиз олиш амалиётини бекор қилиш, бошқа банкники бўлса, 0,5 фоизга тушириш;

– пластик картадаги маблағлар банк кассаларида нақдлаштирилганда тўлов ундиришни бекор қилиш амалиётини жорий этиш таклифлари фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга, халқ розилигини олишга, «Инсон қадри учун» тамойилининг ҳаётбахшлигига замин яратиши билан аҳамиятлидир.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Айтиш керакки, Халқ демократик партияси ва депутатлик бирлашмалари томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотларда, айниқса, эҳтиёжманд қатлам вакилларининг мурожаатларини ўрганишда банк карталаридан пулни нақдлаштиришда фоиз ушлаб қолиниши масаласи ҳам бот-бот ўртага чиқади. Бу бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифа учун қандайдир қонуний енгиллик ёки имтиёзлар мавжудми-йўқми, шулар ҳақида кўп сўрашади.

Бир қарашда картадаги пул маблағини нақдга айлантиришда арзимас 1 фоизнинг ушлаб қолиниши ёки шунча миқдорда воситачилик ҳақлари олиниши у қадар катта муаммо эмасдек. Бироқ иш ҳақидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан ташқари ихтиёрида қолаётган муайян бир сумма тийин-тийинигача фуқаронинг даромадидир. Нақд ва нақдсиз шаклдаги пул қонунан тенг қийматга эга. Пластик картадаги пулни нақдлаштиришда ёки картадан картага ўтказишда ёки бошқа тўловларни амалга оширишда фоиз ушлаб қолиниши охир-оқибат оддий одамнинг ҳамёнига зарар, у юз сўм бўлса, минг сўм бўлса ҳам. Айниқса, пенсионерлар, ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланганларнинг бундай амалиётга салбий муносабатда бўлишлари асосли.

Шу нуқтаи назардан навбатдаги сайлов олдидан тайёрланаётган дастурда банк пластик карталаридан фойдаланишни аҳоли кенг қатлами учун янада қулайлаштириш, бунда, аввало, фуқаролар манфаати устуворлигини таъминлаш ғояси ҳам ўрин олгани адолат тарозиси билан ўлчаганда олий мақсадимизга уйғундир.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 3.07.2023, №26

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш