Ишли бўлиш ҳаммамиз учун муҳим

 

Салоҳияти ва лаёқатига яраша муқим иши, барқарор даромад манбаи бор одамнинг ҳаётга қараши бошқача бўлади. Унинг бугунидан, эртасидан кўнгли тўқ бўлади. Айниқса, оилапарвар, болапарвар халқимиз учун ишли бўлиш нафақат рўзғорни бутлаш, фаровон ҳаёт кечириш, балки фарзандларини оёққа қўйиш, улар келажаги учун сармоя киритиш омили ҳам ҳисобланади.

 

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда жорий йил бошида ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилгани ҳолда йил охирига қадар яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келиши прогноз қилинган.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда бугунга келиб меҳнат бозоридаги вазият ўзгарди. Меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келди. Мулкдорлар ва иш берувчиларнинг сони ошмоқда, жисмоний шахслар ҳам иш берувчи мақомига эга бўлмоқда. Ишсизлик даражасини камайтириш мамлакатда камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш сифатини ва тўлов қобилиятини оширишнинг асосий шарти сифатида қаралмоқда.

Маълумки, Халқ демократик партиясининг асосий ғояларидан бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдир. Зеро, ишсизлар ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланади. Шунинг учун партия Сайловолди дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, партия фикрича, аҳолини ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш – кечиктириб бўлмайдиган масала. Ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш эса ижтимоий ва демографик хусусиятга кўра ҳал қилувчи куч саналган бу қатлам манфаатларини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

 

«Биз ҳар бир шахс муносиб шароитларда меҳнат қилишининг тарафдоримиз

Партиянинг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олдига қўйган мақсадлари ана шу шиор орқали ифода этилган. Бунда партия демократик таъсир механизмларини ишга солган ҳолда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган квоталарга қатъий риоя этилишига эришишни кўзда тутган.

Шунингдек, партия ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган аёллар, «Меҳрибонлик уйлари» битирувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар учун ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни ошириш ҳамда «Тенг иш учун – тенг иш ҳақи» тамойилига қатъий риоя этилишига интилади.

Айни мақсадда партия Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тегишли норма ва процессуал механизмлар билан тўлдириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали уларни қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни режалаштирган.

Партия уй меҳнатини ташкил этишнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Хусусан, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул ва иш жойига эга бўлмаган аёллар учун уй меҳнати ҳамда уларнинг давлат-хусусий шериклигининг тегишли шаклларидаги иштирокини ошириш бўйича эҳтиёжларини аниқлаш, шу йўсинда ишлаб чиқилган таклифларни халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, бирламчи тиббий муассасалар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига билимли, тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия бундай ходимларни моддий-маънавий рағбатлантиришнинг қонунчилик механизмларини яна такомиллаштириш керак, деган фикрда.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Партиянинг 2024 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича долзарб вазифалар белгиланган. Жорий йилнинг ўтган даврида бу бўйича 121 та масала партия гуруҳларида, 109 та масала доимий комиссияларда ва 96 таси сессияларда кўриб чиқилди.

Масалаларни қандай ўргандик? Аввало, мурожаатларни кўриб чиқдик, сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган муаммоларни таҳлил қилдик. Партия электорати бўлган эҳтиёжманд, камбағал оилалардаги ҳақиқий муҳитни ўрганиш, бундай оилалар вакилларининг бандлигини таъминлашга тўсиқ бўлаётган ҳар қандай масала эътибордан четда қолмади. Муаммоларни ечиш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилди, бу борадаги жўяли таклифларни доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқдик.

Аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб ишлаб чиққанмиз. Масалан, қайсидир ҳудудда касаначиликни ривожлантиришга эҳтиёж бўлса, қаердадир косибчиликни ривожлантириш имконияти кенг. Қайсидир маҳаллада сартарошхона керак.

Ҳар бир ҳудуд бўйича ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш масаласини ўрганиб чиқдик, иш бошламоқчи бўлган йигит-қизлар билан суҳбатлашдик. Кредит олиши, ўз устахонасини ёки сартарошхонасини очишга яқиндан кўмаклашдик. Бундай амалий ишларимиз жуда кўп.

Тўғри, айрим ҳолатларда камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Белгиланган вазифалар ижросида сусткашлик қилган ҳудудлар йўқ эмас. Бундай ҳудудларга алоҳида диққат қаратиш, депутатлик сўрови, назорат институтлари орқали электорат манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари изчил олиб борилмоқда.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир. Бу жараёнда партиямиз фаол ташаббускорлардан бўлаётганини айтиб ўтишни истардим.

Жорий йилнинг 24-27 апрель кунлари Бухоро вилоятида «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун, шунингдек, 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича дастурлар ижросини назорат-таҳлил тартибида ўргандик. Ўрганишлар танлов асосида Бухоро вилоятининг Когон шаҳри, Когон, Пешку ва Шофиркон туманларида ўтказилди.

Бухоро вилоятида 2024 йил 1 январь ҳолатига иқтисодий фаол аҳоли 858 минг 832 нафарни, шундан жами банд аҳоли 829 минг 489 нафарни ташкил этган. Иш билан таъминланганларнинг 70,3 фоизи иқтисодиётнинг расмий секторида, 21,5 фоизи норасмий секторда фаолият юритаётгани, хорижга ишлаш учун кетганлар 8,1 фоиз экани маълум бўлди. Ҳудудда ишсизлик даражаси 3,4 фоиздир.

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоят маҳаллаларида ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида 2 млрд. 964 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилиши ҳисобига 587 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиш учун зарур асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари олиб берилган.

Бугунги кунда Бухоро шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида 1 минг 542 нафар, Жондор касб-ҳунарга ўқитиш марказида 233 нафар, Ромитан касб-ҳунарга ўқитиш марказида 220 нафар ҳамда Қоракўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида эса 550 нафар ишсиз фуқарога малакали уста, ўқитувчилар томонидан таълим берилмоқда.

2024 йил 25 апрель ҳолатига 60 минг 100 нафар аҳолига жами 14100 гектар ер майдонлари ижарага берилган. Яъни, деҳқончилик қилиб рўзғор тебратаман, даромад топаман, деган талабгорларга ўртача 23 сотихдан ер тўғри келган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали хонадонлар даромадини ошириш ва маҳаллабай ишлаш, ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва дастурда белгиланган вазифаларнинг ижроси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ва доимий комиссиялар томонидан мунтазам муҳокама қилинган.

Назорат-таҳлил тадбирлари давомида ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида мавжуд муаммоларни ҳам ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар бердик.

Умуман олганда, бу каби назорат-таҳлил тадбирлари нафақат ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, балки электорат манфаатларига дахлдор долзарб масалаларнинг қонуний ечимига оид конструктив таклифларни, кенг қамровли фракция позициясини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент назорати самарадорлигини ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Унга мувофиқ, 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг тасдиқланиши ва амалга оширилиши ҳолати ўрганилди.

Натижалар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинмоқда. Аниқланган муаммолар ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, идора ва ташкилотлар билан бирга жойида ҳал этилмоқда.

Бандлик, янги иш ўринлари, барқарор даромад манбаи каби муҳим масалалар партиямиз фракцияси кун тартибида ҳар доим олдинги ўринларда туриши зарур. Чунки бу масала бевосита партиямиз электорати манфаатлари билан боғлиқдир.

Бу борадаги фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида фракция аъзолари томонидан 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилди ва қабул қилинди.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳамда сайловчилар билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олишга урғу берилди.

Шунингдек, шу йилнинг 25 апрель куни ўтказилган фракция мажлисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун етиб боришида қулай ва хавфсиз шарт-шароитларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари Ж.Чориевнинг ахбороти эшитилди. 21 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевга «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юборилди.

Ҳозир фракциямиз айнан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича парламент эшитувига тайёргарлик кўрмоқда. Биз жойларга чиқиб, назорат-таҳлил ишларини олиб боряпмиз, сайловчилар билан учрашувларда вақтинчалик ишсиз фуқаролардан тушган мурожаатларни бирма-бир ўрганиб, таҳлил қиляпмиз. Шу асосида вазирликка бир қатор савол ва таклифларни баён қилишни режалаштиряпмиз.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

– Партиямиз Сайловолди дастуридаги вазифалар ижроси ҳамда вилоят партия Кенгашининг 2024 йилга мўлжалланган иш режасига асосан аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Вилоятда 2023 йилда 480 минг нафар аҳолини даромад келтирадиган меҳнат билан банд қилиш бўйича тармоқлар кесимида мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилди ва халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашида қизғин муҳокама қилиниб тасдиқланди.

Назорат-таҳлил жараёнларида маълум бўлдики, ўтган йили меҳнат бозори ҳолатидан келиб чиқиб, касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни ташкил этиш бўйича вилоятда «Ишга марҳамат» мономаркази 4 та (Бекобод шаҳар, Бекобод туман, Пискент тумани, Қибрай тумани), касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва нодавлат ўқув марказларига жами 28 та касб йўналиши бўйича 11 минг 324 нафар ишсиз фуқаролар қамраб олинган.

Яна бир муҳим масала. Ўтган йили депутатлик назорати орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш масаласини ҳам ўргандик. Маълум бўлишича, 1 минг 195 нафар имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилган. 46 та тадбиркорлик субъекти томонидан 83 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ишга қабул қилингани учун иш берувчиларга субсидиялар ажратилган. 372 нафар ногиронлиги бўлган ҳамюртларимиз касб-ҳунарларга ўқитилган.

Эътиборлиси, бундай тизимли ва самарали чора-тадбирлар вилоятимизда жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Биз эса депутатларимиз билан давлат ва нодавлат секторларда юқори малака талаб этмайдиган иш ўринларини кўпайтириш, хусусан, ўзини ўзи банд қилишни янада рағбатлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқдик. Яқинда бу борадаги таклифларимизни сессиялар муҳокамасига олиб чиқишни мўлжаллаяпмиз.

 

Иноятхон ҲОШИМОВА,

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

– Туман ва шаҳарлар иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган таклиф ва ташаббусларимизда нафақат иш ўринларини кўпайтириш, балки даромадни, меҳнат шароитини ҳам босқичма-босқич яхшилаб боришга эътибор қаратилмоқда.

Шу йилнинг май ойида халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳининг жамоатчилик эшитувини ўтказдик.

Унда дастлаб Андижон вилоятида янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш якунлари ҳамда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи А. Нурматовнинг ҳисоботини эшитдик.

Ҳисоботдан келиб чиқиб ўз таклифларимизни бердик. Масалан, касбга ўқитиш муассасалари томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотларни бозорга олиб чиқиб сотиш амалиётини жорий этиш бўйича вилоят ҳокимлигига таклиф киритдик. Пиллачиликда яратилган мавсумий иш ўринлари учун имтиёзлар бериш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳақидаги маълумотларни манзилли рўйхатлар асосида вилоят ИИБ (узоқ муддатга кетган шахслар ахборот-электрон маълумотлар базаси) орқали ҳоким ёрдамчиларига доимий етказиш, «Онлайн маҳалла» электрон платформасини ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг «Labormigration» дастурий мажмуаси билан интеграция қилишга доир таклифларимиз ҳам мазмун-моҳиятига кўра аҳамиятлидир.

Шунингдек, партия гуруҳи қарори билан депутатлар, партия фаоллари, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳ 10-24 май кунларида Андижон шаҳри, Олтинкўл, Асака, Улуғнор туманларида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш масаласини ўрганди.

Андижон вилоятида 2023 йилги дастур доирасида барча йўналишларда 470 минг 341 нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилгани ҳолда амалда 531 минг 685 нафар киши ишли бўлган. Бошқача айтганда, режа қуруқ гап бўлиб қолмай, амалда зиёди билан уддаланган.

Жорий йилда ҳам барча йўналишларда 293 минг 838 нафар ишсиз аҳолини даромад келтириладиган меҳнат билан банд қилиш назарда тутилган. Дастур ижроси юзасидан инвестицияда 33,1 минг нафар, хизмат кўрсатишда 108,5 минг нафар, қишлоқ хўжалигида 145,3 минг нафар, қурилишда 6,8 минг ишсизлар бандлигини таъминлаш «янги иш.меҳнат.уз» электрон платформасига киритилиб, ҳар ой якуни билан Солиқ қўмитаси орқали ҳаққонийлиги ўрганилмоқда.

Яқинда депутатларимиз иштирокида биз ҳам жорий йил учун белгиланган бандлик дастурлари ижросини ўрганиш режасини туздик. Дастурга киритилган, кўзда тутилган иш жойларининг ўз вақтида очилиши бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб борамиз.

 

***

Фикрларни тингладик. Дарҳақиқат, партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалаларни жойига чиқиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга ўрганиш амалиёти кенгаймоқда. Натижалар ҳам шунга яраша тарози босадиган. Аммо бу масалага сусткашлик билан ёндашаётган депутатлар, партия ташкилотлари ҳам бор. Маҳаллий Кенгашлар аҳолини иш билан таъминлаш масаласида таҳлилий фаолиятни янада кучайтириши, доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига ўз позициясини, таклифини тақдим қилиб, уларни дадил ҳимоя этиши керак.

Ҳар ҳолда сайлов яқин. Сайловга ва сайловчилар ҳузурига ёруғ юз билан пешвоз чиқишга нима етсин?!

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.07.2023, №27

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш