Фарғонада саноат янада ривожланади

 

Бугун барча жойда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам аҳоли саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, Ўзбекистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Водий жавоҳири - гўзал Фарғонада янги-янги лойиҳалар ишга тушурилиб, одамларнинг турмуш тарзи янада яхшиланмоқда.

Хусусан, Қўқонда янгидан очилган аэропорт энди халқимизнинг узоғини яқин қилиш билан бирга, туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи давомида Қўқон шаҳридаги собиқ Қўқон суперфосфат заводи негизида ташкил этилган “Indorama Kokand Ferilizers and Chemicals” акциядорлик жамиятида бўлди. Ушбу корхонага 70 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, қўшимча 150 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 30 миллион доллар маҳсулотни экспорт қилиш қувватига эга. Ташриф доирасида корхонани кейинги босқичлари ҳақида ва унда яратиладиган иш ўринлари кўлами ортиши ҳақида маълум қилинди.

Кейинги етти йилда Фарғона вилоятига киритилган инвестициялар ҳажми 77 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бунинг натижасида 116 мингта иш ўрни ва 4,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган.

Шунингдек, товар айланмаси 10 миллион доллардан ошган 122 та корхона пайдо бўлди ҳамда Фарғона корхоналари 60 та янги бозорга кириб борди. Жорий йил вилоятимизда 1,3 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Фарғона вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Ушбу лойиҳалар ишга тушурилиши натижасида 23 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади. Мазкур лойиҳалар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Киритилаётган инвестиция лойиҳалари Австрия, АҚШ, Хтой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Қувайт, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўтган йилларда вилоятга киритилган ҳар бир минг доллар хорижий инвестиция солиқ тушумларини ўртача 207 долларга кўпайтирган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи давомида фаоллар билан ўтказилган йиғилишда вилоятнинг 19 та туман-шаҳарида Хитой тажрибаси асосида саноатнинг аниқ йўналишига ихтисослаштириш ва уларда саноат зоналарини ташкил қилиш белгиланди.

Саноатни туман ва маҳаллага тушириш учун инфратузилма харажатларига 50 миллион доллар ажратилади.

Фарғонада саноатга катта туртки берадиган лойиҳалар кўпайтирилади. Хусусан, энергетика, нефт-газ ва кимё соҳаларида 2 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган.

Вилоятнинг Бешариқ туманида 500 мегаваттли, Ўзбекистон туманида 180 мегаваттли фотоэлектр станциялари қурилишига старт берилди. Қувасой шаҳрида электромобилни зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш корхонаси жорий йилда ишга туширилса, Риштонда йилига 17 минг тонна биологик парчаланадиган нотўқима мато ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишлари жадаллаштирилади. Ушбу замонавий станциялар энергетика хавфсизлигини таъминлашга, иқтисодий самарадорликни оширишга, экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, бугун Фарғона вилоятида ўзгаришлар жуда катта. Айниқса, саноат, қурилиш соҳаларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар салмоғи ниҳоятда кенг. Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи том маънода, ҳудуд тараққиётида янги даврни бошлаб беради.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш