Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолиятини кузата туриб, қизиқ ҳолатларга дуч келади киши. Баъзи қонун лойиҳалари биринчи ўқишнинг ўзида бир неча марта қонун ижодкорларига қайтарилса, яна бошқалари ҳар бир ўқишда катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, узоқ тортишувлар, фикр алмашувлар остида кейинги босқичга ўтади. Лекин шундай қонунлар ҳам борки, бир йиғилишнинг ўзида бирданига учта ўқишдан ўтиб Сенатга юборилади.
Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида Оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамасида шундай ҳолат содир бўлди.
Хўш, нега?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида аёллар ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг 38 фоизида эр ёки бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади.
Мамлакатимизда 2023 йил ва жорий йилнинг май ойига қадар содир этилган 894 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган бўлса, қолган 44,4 фоизи, яъни 388 таси бўйича суд томонидан тегишли жазолар тайинланган. Шу билан бирга бугун жамиятимизда оилавий зўравонликлардан болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳам кун тартибидаги масалалардан бирига айлангани сир эмас.
Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлса-да, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Қонун лойиҳасида Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддасини болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдириш ҳамда оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамаси пайтида бериш тартиби жорий қилинмоқда.
Яъни, оилавий (маиший) зўравонлик бўйича жиноят ишлари юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат ишни судда кўриш жараёнида, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик аниқ қилиб кўрсатилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқу зўравонликларга учрашининг олдини олиш самарадорлигини ошириш ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни, хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Хуллас, лойиҳа учта ўқишдан ўтиб, Сенатга юборилди.
Буни кузатган киши бир хулосага келиши мумкин. Демак, жамият учун ғоятда сув ва ҳаводек зарур, кечиктириб бўлмайдиган қонунларни халқ вакиллари – депутатлар ҳам ортиқча савол-жавобсиз қўллаб-қувватлайди.
Ёшлар учун масъулмиз
Шу куни мажлисда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А. Саъдуллаевнинг “Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти ҳам эшитилди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида жами 200 га яқин қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатлашга, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этишга, бандлигини таъминлашга ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун зарур шароитларни яратишга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Ахборотда келтирилишича, 2021 йилдан бошлаб ёшлар муаммоларини самарали ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида мутлақо янги тизим – “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Тизимни рақамлаштириш, ижтимоий ёрдамларнинг манзилли етиб боришини таъминлаш мақсадида “yoshlardaftari.uz” электрон платформаси ишга туширилиб, 25 та вазирлик ва идора таҳлиллари электрон платформа билан интеграция қилингани эвазига ҳақиқатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар рўйхатлари шакллантирилди.
“Ёшлар дафтари” орқали ушбу қатлам вакилларининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш имконияти яратилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунгача қисқариб, кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етказилди.
Бундан ташқари, Агентлик директори хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат қилиш учун жўнаб кетган йигит-қизлар билан манзилли ишлаш масаласи ёшлар етакчиларининг устувор вазифаларидан бири этиб белгилангани, хонадонма-хонадон хатлов ишлари орқали 268 минг нафар хориждаги ёшлар баланси шакллантирилиб, улар билан доимий мулоқот ўрнатилганини қайд этди.
“Келажак касблари” лойиҳаси доирасида 1 минг 38 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тиллар бўйича ўқув курсларида бепул ўқитилди.
Парламент эшитувида депутатлар олий маълумотли ёшларнинг доимий иш билан таъминланиши, иқтидорли ёшларнинг таълим кредитига эга бўлиши, ўз йўлини топа олмаётган ука-сингилларимизни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш масалаларида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратди.
Анвархон ТЕМИРОВ,
ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Республикамиз ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз мумкин, лекин чет элда юрган йигит-қизлар ҳам бор. Ахборотингизда 268 мингдан ортиқ шундай ёшлар билан мулоқот ўрнатилди, дедингиз. У ердаги ёшларга Агентлик томонидан нима ёрдам кўрсатилаётгани очиқланмаган. Қолаверса, сиз айтган маълумот ўтган йилнинг ноябрь ойига тегишли. Бугунги кунгача нима ишлар қилингани ҳақида маълумот берсангиз?
Агентлик директори ушбу депутат саволига хориждаги ёшлар орасида 1000 АҚШ долларидан кам даромад топаётганларига юртимиздан иш таклиф қилинаётгани, қолаверса, жорий йилда ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш мақсадида ер ажратилиши 30 мингга яқин ёшларимизнинг она Ватанга қайтиб келишига сабаб бўлганини айтиб ўтди.
Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган парламент эшитувида депутатлар ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.
Мамлакатимиз аҳолисининг улкан қисмини ташкил қиладиган ёшлар масаласини биргина Агентликка юклаб қўйиш билан кутилган натижага эришиш қийин. Демак, ҳар биримиз, ҳечқурса, ўз фарзандимиз, яқинимиз ҳақида қайғуришимиз, уни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Ўзбекистон ёшлари учун ҳаммамиз масъулмиз. Шундагина ёшлар қўлидаги келажагимиз бугунимиздан-да яхшироқ бўлишига умид қилиш мумкин.
Аҳмад ҚУРБОНОВ
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 17.07.2023, №28