Ижтимоий масалалар ечими иқтисодий барқарорлик гарови

 

Ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ҳамда уни қўллаш тартибини амалиётга киритиш айни заруратдир.

Очиғи, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси(аввалги таҳрир)нинг 39-моддасида “пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас“лиги қайд этилган, бироқ ушбу Конституциявий норма амалда 27 йилдан бери ишламай келаётганди. Мамлакатимизда яшаш минимумини аниқлашнинг ҳуқуқий механизмлари ва мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатан муҳтож оилаларни аниқлаб олишга имкон бермаётганди.

Бу Халқ демократик партияси учун ўта муҳим масала ҳисобланиб, аввало, камбағалликни белгиловчи мезонларни аниқлаштириб олиш мақсадга мувофиқ эди.

2020 йилнинг 3 июнь куни Президент раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2020 йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шу йили минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 минг 400 та уй хўжалигида сўровнома ўтказилиб, улар 10 та гуруҳга бўлинди ва ушбу оилалар орасидан энг кам харажат ва даромадга эга бўлган 30% уй хўжаликлари ажратилди.

Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар 2021 йилда киши бошига 440 минг сўмни ташкил этиши белгиланди.

2021 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Шу тариқа мамлакатимизда минимал истеъмол харажатлари амалиётга жорий қилинди. Бу камбағаллик чегарасини аниқлашда ҳам асос қилиб олинди.

Демак, партия Сайловолди дастуридаги энг муҳим мақсадлардан бири амалга ошди, минимал истеъмол харажатлари расман белгиланиб, халқимизга фойдаси тегмоқда, давлатнинг ижтимоий масъулиятини ошириш кафолатларидан бирига айланмоқда.

Бундан ташқари, фракциямизнинг партия билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, пенсионер ҳамда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича ташаббуслари ҳам эътиборга молик.

Хусусан, «Депутат маҳаллада», «Маҳаллада ижтимоий хизмат», «Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш», «Тўсиқсиз ҳаёт», «Тенг ҳуқуқ, тенг имкониятлар!», «Соғлом она, соғлом оила», «Хотин-қизлар ҳуқуқлари - қонун ҳимоясида», «Сафимиздаги ёшлар», «Депутат ва ёшлар», «Қонунчилик – ёшлар нигоҳида» каби қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳалар доирасида фракция аъзолари ҳамда партия ходимлари томонидан 30 дан ортиқ ҳудудга ташриф буюрилиб, 5 000 нафардан зиёд сайловчи, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилинди, мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

«Ўзбекистон овози», 17.07.2023, №28

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш