ЎзА: Хориждаги ёшлар тақдири: улар билан қандай ишланмоқда?

 

Мамлакатимизда ёшлар билан индивидуал ишлаш, уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳтож ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш ҳамда бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Нафақат юртимиздаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, балки хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат қилиш учун жўнаб кетган ёшлар билан манзилли ишлаш масаласи ҳам доимий эътиборда бўлиб, ёшлар етакчиларининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Яқинда бир қариндошимизникига меҳмонга борганимизда маҳалласининг профилактика инспектори қариндошимизга телефон қилиб, хорижда ишлаётган ўғли ҳақида сўраб-суриштириб бошлади. Очиғи, бундан хавотирга тушдим — тинчликмикан, нимадир бўлганми дея ҳадик билан қариндошимга қараб турсам, у киши гаплашиб бўлганидан сўнг хавотирга ҳожат йўқлигини, хориждаги ёшлар ҳолидан хабар олиш учун, улар билан алоқа ўрнатиш учун қўнғироқ қилишганини ва тез-тез шундай сўраб туришларини айтди. Тўғриси, бундан қувондим. Маҳалла, ҳокимият, давлат ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатаётгани, чет элда бўлиб турган фарзандлар билан мунтазам алоқа ўрнатилганидан хотиржамлик ҳиссини туйдим.

Дарҳақиқат, профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари хонадонма-хонадон юриб, ёшлар билан тизимли ишлашмоқда. Ёшлар ишлари агентлигининг маълумотларига кўра, хатлов ишлари орқали 268 минг нафар хориждаги ёшлар баланси шакллантирилиб, улар билан доимий мулоқот ўрнатилган. Шунингдек, ўтган давр мобайнида миграциядаги 328 минг ёшлар Ватанга қайтарилиб, муносиб иш ўринлари билан таъминланган. Хориждаги 89 минг ёшларнинг оилаларига моддий, ҳуқуқий, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.

Яқинда парламент қуйи палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев ёшларни ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар, тизимли чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берар экан, хориждаги ёшлар ҳақида ҳам тўхталди. Унда ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров хориждаги 268 мингдан ортиқ йигит-қизнинг бир қисми билан мулоқот ўтказилгани, лекин уларнинг кейинги тақдири нима бўлгани, агентлик қандай ёрдам кўрсатгани билан қизиқди.

 

Бунга жавобан Алишер Саъдуллаев қуйидагиларни таъкидлади:

— Муаммони ечиш учун муаммонинг борлигини тан олиш керак. Айтиш керакки, жойларда хорижга кетаётган ёшлар ҳақидаги маълумотлар бўйича энди катта бир тизим шакллантириляпти. Мавжуд маълумотлар асосида ўтган йили Россия Федерациясининг Новосибирск, Томск, Самара, Москва, Санкт-Петербург каби шаҳарларига борилди. Чунки энг кўп ўзбекистонликлар ушбу мамлакат ҳудудида фаолият олиб боряпти. 25 мингга яқин ёшлар билан мулоқот қилдик. Ўзбекистонга қайтиб келиб ишлаш истагини билдирганларни яшаш ҳудудидаги ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, масъуллар билан боғлаб бериб, бандлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Шароити яхши бўлиб, минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ топаётганларга эса йўл-йўриқ, зарур тавсиялар кўрсатилди. Агар топаётган пули ундан паст ёки қийналаётган, оғир шароитда бўлса, Ўзбекистонга олиб келиш ва касб-ҳунар ўрганиши, ер ажратилиб бандлиги таъминланишига эътибор қаратилмоқда. Бу бўйича алоҳида дастур қабул қилинган.  

Бошқа мамлакатлардаги ёшлар билан ҳам алоқа ўрнатилди. Чет элда ташкил қилинган савдо уйлари бор, иқтидори етадиганлари ўша ерларга ишга олиняпти. Қайтиб келишни истаганларни эса завод-фабрикаларга маслаҳатчи сифатида ишга олиш, касб ўрганаман деганларини касбга ўқитиш чоралари кўриляпти, — деди Ёшлар ишлари агентлиги директори.  

Дарҳақиқат, бугун хорижда меҳнат қилаётган ёшларимизга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар тизимли равишда йўлга қўйилмоқда. Бу эса давлатимиз фарзандлари қаерда бўлмасин, уларнинг тақдирига бефарқ эмаслигидан далолатдир.

 

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш