Ўзбекистон ва Қирғизистон: Дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатлари ривожланмоқда

 

Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшни давлатлар сифатида узоқ йиллик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил ва ўзаро ҳамоҳанглик касб этувчи маданий-маънавий қадриятлар ва анъаналар уйғунлиги билан бир-бирига чамбарчас боғланган.

Маълумки, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1993 йил февралдан бошлаб, то шу кунга қадар яқин биродарлик алоқалари асосида мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу ўтган давр мобайнида икки давлат муносабатлари турли хил ривожланиш босқичларидан ўтиб, сайқалланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган ҳолда, аниқ амалий мазмун билан бойиди.

Айни пайтда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли томонлар кўплаб долзарб масалаларни бартараф этиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ижобий ўсиш суръатига эришди. Сўнгги йилларда, айниқса, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, ҳамкорлик кўлами барча йўналишларда кенгайди.

Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада, яъни 18 июль куни давлатимиз раҳбари таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Ушбу ташриф ҳам икки давлатлараро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим сиёсий ҳодиса бўлди, десак муболаға саналмас.

 

16 та ҳужжат имзоланди

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотни имзолади. Ташриф давомида 16 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

 

Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим;

Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;

Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома;

Қурилиш фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

— 2024−2030 йилларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

— 2024−2026 йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;

— 2024−2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»;

— 2024−2026 йилларда Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти ўртасидаги меморандум ва бошқалар.

 

«ХитойҚирғизистонЎзбекистон» темир йўли қурилади

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Бу галги ташриф самараси ўлароқ қайта тикланувчи энергия манбалари, автомобилсозлик ва тўқимачилик соҳаларида кооперация лойиҳалари ишга туширилади.

Стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни, жумладан, "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.

Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни, жумладан, Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар алмашинув фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Бу ҳафта мамлакатимизда Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилмоқда. Куни кеча Самарқандда иккинчи Ректорлар форуми муваффақиятли ўтказилди. Томонлар келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олдилар.

Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

 

Қирғизистонлик меҳмонлар қадимий Хивани томоша қилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров икки мамлакат биринчи хонимлари билан биргаликда Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуаси ва Нуриллабой сарой мажмуасига ташриф буюрди.

Хива шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йилда унинг 2500 йиллиги нишонланган. Шаҳар 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.

“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар ҳисобланади. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обидалар жойлашган.

Олий мартабали меҳмонлар танишувни "Ота дарвоза"дан бошлаб, ноёб "Кўҳна арк" мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, "Тошҳовли" мажмуаси ва бошқа обидаларда давом эттирди.

Меҳмонлар шарафига ўзбек халқ қўшиқлари янграб, театрлаштирилган томоша намойиш этилди.

Шундан сўнг Нуриллабой саройига ташриф буюрилди.

Сарой-боғ мажмуаси XX аср бошларида бунёд этилган. Мажмуа мадраса, 100 дан ортиқ хоналар, галереялардан иборат. Сарой хоналарини безашда хивалик моҳир усталар билан бирга чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этганлар, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар.

Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қирғизистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Икки кунлик ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, уларнинг якунида етакчилар Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди. Энергетика, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноатида йирик қўшма лойиҳаларга старт берилди.

 

Умуман, Қирғизистон Президентининг бу галги ташрифи ҳам жуда самарали ва манфаатли якунланди. Муҳими, икки мамлакат ўртасидаги изчил ва дўстона ҳамкорлик икки қардош халқни бир-бирига янада яқинлаштиришга, биродарлик, қўни-қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 24.07.2023, №29

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш