Ваҳимага тушманг ваҳиманинг ўзи ярим касаллик

 

Маълумки, бугунги кунда жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус – COVID-19 ни пандемия деб эълон қилди. Куни кеча Президентимиз маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус муаммосига тўхталиб, халқимизни короновирусни енгиб ўтишда якдил бўлиш, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарурлигини таъкидлаб, аҳолига мурожаат қилди.

Мурожаатда халқимизга касаллик аломатларини ўзида ҳис қилса, уни яширмасдан, ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилиш лозимлигига тўхталди. Чунки касаллик аломатларини ҳис қилиб, шифокор кўригига боришга ботина олмаётган кимсалар ҳам учраши мумкин. Бундай фуқаролар ўзин ва яқин қариндошлари, оиласи, атрофдагиларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди.

Президентимиз эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилаётганлигини эътироф этдилар. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилиб, дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланган.

Ушбу касаллик ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқиши мутахассислар томонидан кенг тушунтирилмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, инсонлар кўча куйда, бозорларда бош чайқаб бир-биридан ҳол-аҳвол сўрамоқда. Белгиланган чораларга қатъий амал қилиб, гигиена қоидаларига риоя қилинсагина, биз вирусга қарши тура оламиз. Президентимиз мурожаати кўп оғир синовларни ва яхши-ёмон кунларни бошидан кечирган халқимизга янада умид берди.

Бу ҳам бир синов аслида. Мутахассислар вирусга иссиққа чидамсизлигини, кунлар исиши билан у чекинишини кўп бора таъкидлашди. Демак, ваҳимага ўрин қолдирмай, бир-биримизга елкадош бўлиб, курашсак бу синовларни ҳам ортда қолдиришимиз аниқ.

Мурожаатда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашишнинг бирдан бир усули шахсий гигена қоидаларига амал қилиш, асоссиз ваҳима ва хавотирлар келиб чиқишига йўл қўймаслик лозимлиги эътироф этилди. Бунинг учун барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, нуронийлар, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари, сиёсий партия масъул ходимлари ижтимоий тармоқлар, матбуот ва телевидениеларда холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишларини олиб боришда фаол бўлиши керак.

Тиббиёт илми асосчиси бобокалонимиз Ибн Сино “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлиқ, сабр эса шифонинг бошланишидир” деб таъкидлаган. Тўғри, ҳар қандай касаллик инсонга қўрқув ва хавотирга солиши табиий. Лекин психологик нуқтаи-назардан қарасак, бу киши руҳиятига таъсир қилиш орқали касалликни янада кучайтириши мумкин. Касалликка чалиниш ва уни келиб чиқишида ҳиссиётлар, эмоциялар ҳам ўз таъсирини ўтказади. Бундай пайтда қўрқиш ва хавотирга тушишдан кўра касалликдан ҳимояланиш яхши самара беради.

 Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсоннинг фикрлари қандай бўлса унинг ҳаёти ҳам шундай кечади. Тасаввур қилинг, сизда оддийгина шамоллаш аломатларини сезаяпсиз, ваҳимага тушиб, ҳиссиётларга берилсангиз, касалликнинг ўтиш даври қийин кечади. Ва аксинча, сиз хаёлларингиз орқали соғлом эканлигингизга ўзингизни ишонтирсангиз, тез фурсатда соғайиб кетасиз.

 Давлатимиз раҳбари кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга даъват қилди. Лекин айрим кимсалар ана шундай шароитда ҳам виждонсизларча даромад топиш илинжида турли қинғир йўлларни ўйлаб топишмоқда.

Халқимизда "Отнинг ўлими итнинг байрами” деган гап бор. Айниқса, охирги 4-5 кун ичида бунга кўп гувоҳ бўлдик. Мамлакатда эълон қилинган чекловлар туфайли такси нархи уч баравар кўтарилди. Бу уйига қайтаётган талабаларни қийин вазиятга солди. Ана шундай шароитда ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлаб, синовларни баҳамжиҳатликда енгиши керак бўлган бир пайтда айрим фуқароларнинг нафсини жиловлай олмаслигини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Келинг, шу ўринда бир воқеани эслаймиз. Иккинчи жаҳон уруши... 1941 йилда Смоленск остонасида асир тушган ва Голландиянинг Амерсфорт концлагерига жўнатилган 101 нафар ўзбек ўғлонининг аянчли тақдирини биласиз. Нацистлар 101 нафар ўзбекистонлик асирни маълум вақт мобайнида овқат беришмаган. Очликдан силласи қуриган ўзбек асирларининг олдига битта буханкани ирғитишади. Уларнинг назарида асирлар бир бурда нон учун бир-бирини ғажишга тайёр туриши керак эди. Аммо, бундай бўлмади. Ўзбеклар нонни тенг бўлакларга тақсимлаб, бир-бирларига узатишди. Аслида нацистларнинг мақсадиди нонга талашган ўзбекларни бутун дунёга кўрсатиб шарманда қилиш эди. Лекин улар баҳамжиҳат, бир-бирига елкадош ватандошларимиз орқали ўз мақсадига ета олмади.
 Шуни эсдан чиқарманг, ўзбек халқи мана шундай ориятли халқ. Асрлар оша қанчадан-қанча қийнчиликлардан қўрқмай, ўз бошидан кўплаб оғир синовларни ўтказган халқ. Бу синов халқимизни янада кучлироқ, янада аҳил миллат сифатида шаклланишга, юрт танчлиги, халқимиз фаровонлиги ва равнақи йўлида бирлаштиради.

 

Меҳрожидин ДАРХОНОВ,

 Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

 

← Рўйхатга қайтиш