Тадбиркорлар “соядан чиқиб”, қонуний фаолият, соғлом рақобат йўлига ўтмоқда

 

Президентимизнинг жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган навбатдаги учрашуви кўплаб ишбилармонларимиз, бизнес вакиллари томонидан кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олинди.

Айтиш жоизки, бу галги очиқ мулоқот йил мобайнида давом этди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби Президентимиздан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси раҳбари, Бизнес омбудсман тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида тасдиқланган режадан ташқари, тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди. 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди.

Биламизми, илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолар эди. Мамлакатда бизнес вакилларига бўлган эътиборнинг ўзгаргани натижасида бугунга келиб, уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етган.

Эътиборлиси, бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади. Бу тадбиркорлар “соядан чиқиб”, қонуний фаолият, соғлом рақобат йўлига ўтаётганидан далолат эмасми?!

Давлатимиз томонидан тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган катта эътибор, уларни самарали фаолият юритиши учун яратилаётган шароитлар натижасида бугун Ўзбекистон нафақат маҳаллий корхоналар, балки чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди.

Иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар амалий натижаларда бўй кўрсатмоқда. Буни мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли чоралар натижасида биргина жорий йил олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Очиғи, бундай рақамлар 33 йиллик тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган. Буларнинг барчаси саккиз йил олдин юртимизда бошлаган изчил ислоҳотлар натижасидир.

Тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган ва яхши анъанага айланган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотнинг навбатдагиси айнан Қорақалпоғистонда ўтказилгани бежиз эмас. Бунинг замирида катта маъно бор. Сабаби бу ерга инвестиция киритиб, бизнес қилишни бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор.

Масалан, Қорақалпоғистонда бизнес учун биронта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар пакети қилиб берилган. Иккинчидан ҳудудда ер ажратишнинг содда тизими жорий этилган бўлса, учинчиси бу ўлка катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд ҳисобланади.

Тарихий учрашувда бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган 5 та йўналиш белгилаб берилди. Мавжуд муаммолар ечими, натижалари ҳақида аниқ манзилли кўрсатмалар берилиб, тадбиркорларнинг амалий таклиф ва ташаббуслари тингланди. Ўзингиз айтинг, илгари тадбиркорларимизга шундай имкониятлар, имтиёзлар бўлганми?!

Бугун-чи? Ҳозир мамлакатимизда бизнес вакилларига бўлган муносабат бутунлай ўзгарди. Уларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Бугун тадбиркорларимиз аввалгидек ҳадиксираб эмас, балки янги-янги лойиҳалар устида ишлаб, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Шу билан бирга, ер ва инфратузилма билан боғлиқ айрим масалалар борки, бу тадбиркорларни фаолиятини янада кенгайтиришига халал беряпти. Очиқ мулоқот доирасида келиб тушган 2 мингта мурожаат ҳам айнан шу масала билан боғлиқ. Чунки янги инвестиция лойиҳаларида ер сотиб олиш харажатлари кескин ошаяпти.

Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, энди тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда, унга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш бекор қилинишини қайд этди. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида эса сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун, ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Бу ҳам тадбиркорлар учун катта имконият ва рағбат, десак янглишмаймиз.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Энди янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади. Ҳар бир ер участкаси учун асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиши аниқ белгилаб берилади. Бунинг учун 1 январдан ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилиши айни муддаодир.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти кенг қамровли ва кўплаб масалаларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Учрашувда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси биз депутатлардан янада фаолликни, қонун ижодкорлиги жараёнига янада жиддий ёндашиб, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишни тақозо этади.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш