Депутатлар ва ёшлар ҳамкорликда кўплаб амалий ишларни олиб боришмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар гуруҳлари билан узвий ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва амалий натижадорликни таъминлаш мақсадида “Депутат ва ёшлар ҳамкорлиги” бўйича истиқболли лойиҳалар асосида иш олиб бормоқда.

Бугун вилоятда жами 2 миллион 700 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, шундан 284,5 минг нафари пенсионерлар, 798 мингдан зиёди ёшлардир.

 44 мингдан зиёд наманганлик ЎзХДП аъзоларининг қарийб 17 000 нафарини навқирон авлод – ёшлар вакиллари ташкил этмоқда.
 Мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшлар орасида партиянинг мақсад – вазифалари ва ғояларини оммалаштириш ҳамда партияга хайриҳоҳ ва тарафдорлар сафини кенгайтирган ҳолда улардан таклиф-мулоҳазалар олиш, қизиқиш ва интилишларини аниқлаш мақсадида бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Вилоят ҳудудидаги шаҳар ва туманларда олий таълим муассасаси ва касб-ҳунар коллежларида, шунингдек йирик меҳнат жамоаларида “Ёшлар-келажагимиз бунёдкорлари”, “Ёшларга-кўмак”, “Беш ташаббус-беш имкон!”, “Ҳар бир депутатга–бир ниҳол!”, “ Меҳр улашинг”, “Доимо эътиборимиздасиз”, “Китоб- менинг дўстим” каби қатор лойиҳалар асосида ўтказилаётган давра суҳбати, очиқ мулоқот, ўқув семинар тренинглари ўтказилмоқдаки, лойиҳалар доирасидаги тадбирлар давомида депутатлар ва ёшлар ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда.

– Партия вилоят ва Косонсой туман кенгашларининг аввалдан эътибори туфайли менинг ўз келажагимга ишончим ортганди, – дейди иккинчи гуруҳ ногирони, косонсойлик Жавлонбек Абдуллаев. – Бугунги кунда Наманган Давлат университетида таҳсил олиш билан бирга халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати сифатида фаолият юритяпман. ЎзХДП вилоят кенгашининг тарғибот тадбирларидаги иштироким билан нотиқлик қобилиятим шаклланди. Етакчилик, ташкилотчилик кўникмаларимни мустаҳкамлашимга ҳам партия вилоят кенгашининг амалий кўмаги катта. Бундан миннатдорман ва албатта келгусида ЎзХДП дастурий ғояларини оммалаштириш ва амалий натижадорлигини таъминлашга бор билим ва қобилиятимни сафарбар этаман.

Жавлонбек вилоятдаги энг ёш депутатлардан бири ҳисоблангани учун унга тажрибали партиядошларимиз ва парламентдаги вакиллардан устоз-мураббий тайинланган.

– Фаолият бошлаганимизга кўп вақт бўлмади, – дейди “Истиқболли авлод” одам савдосига карши курашиш ва унинг олдини олиш нодавлат нотижорат ташкилоти валонтёри Мариана Зарипова. – Табиийки, ўзимизга муносиб ҳамкорларни белгилаб олишимиз керак эди. Кузатишларимиз ва ўрганишларимиз натижасида хулосага келдикки, ЎзХДП вилоят кенгаши томонидан олиб борилаётган фаолият биз мақсад қилган жўшқин интилишларга жуда мос. Дастлабки ҳамкоримиз сифатида жойларда ўтказилаётган тарғибот ишларимиз таъсирчанлигини таъминлашда ЎзХДП вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, йирик бошланғич партия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишладик.

ЎзХДПдан вилоят Кенгашига депутатларимиз Гулхумор Тоғаева, Равшан Абдуллаев, Нафиса Мамасолиева ҳамда шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари Азимов Абдувохид, Мухторжон Исақов, Илхом Атабаев, Сохиба Жуманова, Умид Солиевларнинг ҳар бири партияга хайриҳоҳ ва аъзо бўлган фаол ёшлар билан мунтазам ҳамкорликда устоз шогирд анъаналарига мувофиқ иш олиб боришмоқда.

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши ташаббуси билан ёшларга фуқаролик паспорти топширилишини тантанали тарзда ташкил этиш анъанасининг депутатлар иштирокида ўтказилаётгани ҳам депутатлар ва ёшлар ўртасидаги ишчанлик муносабатларини мустаҳкамламоқда. Учқўрғон туманининг Янгиер қишлоғи ҳудудида умсумий қиммати 34 миллард сўмлик спорт мажмуасининг қуриб битказилиши ёшлар таклиф-истакларига мувофиқ вилоят кенгаши депутати Гуландом Тоғаева саъйи ҳаракатлари билан амалга оширилди.ЎзХДП Учқўрғон туман кенгаши масъул ходими Жаҳонгир Тўхтасинов жамоатчилик қабулхонасига келиб тушган мурожаат асосида “Гуландом” фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби депутат Г.Тоғаевага учраб, аҳолининг талаб ва таклифлари асосида Янгиерда 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилишини тезлаштиришга эришди. Умумий қиймати 3 миллиард сўмлик бўлган МТТда Россияга бориб ишлайдиган қурувчи йигитлар жалб этилди. МТТ фойдаланишга топширилгач 22 нафар ёш мутахассислар доимий иш ўрнига эга бўлади.

167-Ойбек сайлов округидан Чортоқ туман Кенгаши депутати Нуриддин Сотиболдиев ЎзХДП дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқда. Ойқирон шаҳарчасининг Боғ маҳалласида яшовчи Мопархон Қорабоева болаликдан ногирон. Ота-онаси вафотидан кейин акаси Ёқубжон Қорабоев унинг ёнидан жилмайдиган бўлди. Мана шунга ҳам 17 йил бўлибди. Ўтган давр мобайнида Мопархонга 2-гуруҳ ногирони сифатида нафақа бериб келинган. Ишдан ажралган ҳолда доимий қаровга муҳтож синглисининг парвариши билан банд бўлиб келган акага нафақа белгиланмаган.

Ёши 60га етгач, тенг-тўшлари қатори пенсия учун ҳужжат тайёрлаган ака муаммога дуч келаверади. Сарсонгарчиликдан зерикиб, пенсия таъминотидан воз кечган паллада депутат Н.Сотиболдиев маҳалладаги ёшлар рўйхати бўйича Мопархондан хабар олгани келади.

Хуллас натижа шундай бўлдики, Мопархон қайта тиббий текширув хулосасига кўра, 31 ёшли М.Қорабоева биринчи гуруҳ ногиронлигига ўтказилди. Унинг доимий қаровчиси бўлган акаси Ё.Қорабоевга тегишли идоралар томонидан қонуний тартиблар асосида кам бўлмаган пенсия тайинланадиган бўлди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

“Тарғиботчилар гуруҳи” аъзоси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат
← Рўйхатга қайтиш