Иш берувчилар учун имтиёзлар кенгайтирилади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Меҳнат ва ижтимоий масалалар” қўмитасида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси, одамларнинг турмуш, ҳаётига дахлдор бўлган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг (янги таҳрирдаги) лойиҳаси иккинчи ўқишга кўриб чиқиш учун қизғин муҳокама этилмоқда.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (янги таҳрирдаги) лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги
Фармонига асосан ишлаб чиқилди.

"Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бир неча объектив сабаблар билан боғлиқ.

Аввало, шуни айтиш керакки, амалдаги 1998 йилда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати ва воқеликни акс эттирмайди. Ушбу қонун меҳнат ва бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ва долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилмаган. Шунингдек, сўнги 20 йил ичида меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди, хусусан иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробар (8,8 млн. дан 13,5 млн.гача киши) кўпайди, иш берувчилар сони 4,5 баробар (203,2 мингдан 928,9 мингача) ортди.

Шунингдек, амалдаги қонунда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида жорий этилаётган меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги воситалари хусусан, тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини-ўзи банд қилиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш стажини ҳисобга олишда янги ахборот тизимларидан фойдаланиш масалалари акс эттирилмаган.

Бундан ташқари амалдаги Қонун тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳисобланмайди ва замонавий шароитларда самарасиз бўлган эскирган норма
ва қоидаларни ўз ичига олади. Хусусан, ишсизлик нафақалари ҳамда ишсизларга касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш даврида (минимал миқдори 152 минг сўм) ижтимоий вазифани бажармаяпти, уларнинг ҳажми ва миқдори ишсизларни иш қидириш даврида асосий эҳтиёжларини қопламаяпти.

Шундай қилиб, бандликни таъминлаш, ишсизликда ҳимоя қилиш, меҳнат бозори ва меҳнат миграциясини тартибга солиш билан боғлиқ янги муносабатларни қонуний тартибга солиш зарурати туғилмоқда.

Қонун лойиҳаси орқали амалдаги қонунга бир қатор янги қоидалар киритилиши назарда тутилмоқда. Яъни, янги иш ўринлар яратиш ва бандлигини таъминлаш борасидаги фаолияти учун иш берувчини рағбатлантириш, аҳолини иш билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, яъни, грант ва субсидиялар ҳамда имтиёзли кредитлар ажратилиши белгилаб берилмоқда.

Қонун лойиҳасида илк маротаба иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш борасидаги фаолияти учун иш берувчини рағбатлантириш, аҳолининг иш билан бандлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, жумладан, субсидиялар, грантлар ва имтиёзли кредитларнинг ажратилиши, иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки аниқ белгилаб берилмоқда.

Ходимнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлашни назарда тутган янги қоида сифатида киритилаётган аутстаффинг агентликлари тўғрисидаги норма депутатлар ва мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар яъни, норасмий ишсизларни камайтириш учун янги механизмни жорий қилиш нуқтаи-назаридан келиб чиқиб қонун лойиҳасида қолдирилди.

Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини кенгайтиришга ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган бир қатор моддалар киритилиши кўзда тутилмоқда. Меҳнат органлари томонидан ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турлари кенгайтирилди, шунингдек, ишсиз деб эътироф этиш, ишсизлик даврида ижтимоий кафолатлар ва компенсация бериш тартиблари қайта кўриб чиқилди ва соддалаштирилди.

Банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил, ҳаволаки нормаларсиз баён этилди.

Яна бир муҳим жиҳат. Қонун лойиҳасида иш берувчиларнинг мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотларни ўз вақтида тақдим этиб бормаслиги юзасидан тегишли жавобгарлик белгиланмоқда.

Умуман олганда, мазкур Қонун лойиҳаси меҳнат муносабатлари соҳасини тартибга солиш, иш берувчилар учун имтиёзлар яратиш, бўш иш ўринлари ҳақида ўз вақтида ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

 

Ўрал ЎРОЗБОЕВ,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш