Президент фармони аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади

 

Бутун жаҳонда кузатилаётган Коронавирус пандемиясининг нафақат инсонлар соғлигига балки, давлатларнинг иқтисодий ҳолатига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бунинг натижасида Жаҳон иқтисодиётида катта йўқотишлар ва инқироз ҳолатлари ҳам келиб чиқмоқда.

Бундай ҳолат мамлакатимизнинг иқтисодига, инсонларимизнинг турмуш тарзига ўзининг таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилинган фармон, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилганлигги билан аҳамиятлидир. Мазкур чора-тадбирлар ўз вақтида қабул қилинганлиги албатта, соҳаларнинг тўхтаб қолмаслиги, уларга нисбатан давлат томонидан биринчи навбатда бериладиган кўмак сифатида ижобий баҳолаймиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фармонда иқтисодий инқирознинг салбий таъсирларидан халқимизни тўлиқ ҳимоя қилиш борасида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилди. Бунда инқирозга қарши курашиш жамғармасини ташкил этилиши ва бунга 10 трлн. сўм миқдорида маблағ ажратилиши барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга .

Фармонда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий вазифаларига мос равишда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш масалалари кенг ўрин олган. Нега айнан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда. Сабаби, мана шундай қийин вазиятда биринчи навбатда партия электорати бўлган кам таъминланган аҳоли қатламлари кўпроқ зарар кўради. Шу боисдан,фармонда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши орқали кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш вазифалари белгиланди. Бундан ташқари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига жамоат ишларини кенгайтиришни, “Ишга марҳамат” мономарказларини ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш, шунингдек, меҳнат мигрантларини касбга ва тилга ўргатишни ташкиллаштириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этилиши юззасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар белгиланди. Бу албатта жамиятда ижтимоий танглик ҳолатни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, фармонда, иқтисодий инқироз таъсирларидан биринчи навбатда зарар кўриши мумкин бўлган субъектларга солиқ имтиёзларининг берилиши ва банклардан олинган кредитларнинг қайтарилишидаги енгилликларнинг барчаси иқтисодиётимизга бўладиган салбий таъсирларни камайтириш ва сақлаб қолиш ҳамда аҳолимизнинг турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилгандир.

Фармонда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан ҳам вазифалар белгиланди. Яъни, ижтимоий нафақаларни 10 фоизга ошириш, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратилади. Бундан ташқари, даволаш ва бошқа муассасаларни зарур дори-дармон ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ҳамда тест тизимлари билан таъминланади.

Барча давлатлар пандамиядан аҳолисини асраш учун биринчи навбатда уларни ижтимоий ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқда. Шу маънода фармондаги ҳар бир вазифа аҳолини ижтимоия ҳимоясини ҳамда уларнинг саломатлиги ва осойишталиги таъминлашга хизмат қилади.

Бутун халқимиз билан биргаликда короновирус пандамиясига қарши курашишга ҳаракат қилсак, бу балони остонамиздан чекинишга, ўзимизни, оиламиз ва фарзандларимизни саломатлигини асраб қолган бўламиз.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш