Фирдавс ШАРИПОВ: Ишга жойлаштириш бўйича агентлар пайдо бўлади

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган жорий йилги Мурожаатномасида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттириш, бунинг учун, биринчи навбатда, аҳоли фаровонлигини ошириш, унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бири бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Айтиш жоизки, айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ишчи гуруҳи иштирокида кенг муҳокама этилаётган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳам мазкур вазифаларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қонун лойиҳасига жуда кўплаб янги муҳим нормалар киритилмоқда. Жумладан, ҳужжатда ишга жойлаштириш бўйича агент институти акс эттирилмоқда. Ишга жойлаштириш бўйича агент – туман(шаҳар) Аҳолини бандликка кўмаклашиш маркази билан шартнома асосида аҳоли бандлигига кўмаклашиш ваколати берилган юридик ва жисмоний шахс ҳисобланади.

Соддароқ қилиб айтганда, ишга жойлаштириш бўйича агент бугунги кундаги маклер вазифасини бажаради. Фақатгина бу расмий фаолият бўлиб, фуқарони ишга жойлаштиришга кўмаклашгани учун агентга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан маблағ тўланади.

Ишга жойлаштириш бўйича агент – айни кундаги замонавий машғулот турларидан бўлиб, қўшимча фаолиятдан даромад олиш билан бирга, долзарб масалалардан бири — аҳолини бандлигига ҳисса қўшишга хизмат қилади.

Бу фаолият учун алоҳида бино ёки бошқа қўшимча воситалар муҳим эмас. Ушбу иш билан маҳалла ходими, юридик шахслар ёки оддий фуқаро ўз уйида ҳам шуғулланиши мумкин. Мисол учун, ёшлар иттифоқи етакчиси маҳалласи ҳудудидаги ишсиз фуқароларни компьютер орқали туман(шаҳар) Аҳолини бандликка кўмаклашиш марказининг автоматлаштирилган ахборот тизимидаги бўш иш ўринлари базасидан фойдаланган ҳолда, ишсиз фуқарога маъқул бўлган ишга йўлланма расмийлаштириш орқали ишга жойлаштириши мумкин.

Шу билан бирга, агент бўш иш ўринлари миллий базасига ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган шахсларни, шунингдек, салоҳиятли иш берувчиларни, микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларидаги, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳунармандлардаги бўш иш ўринларининг мавжудлиги тўғрисидаги ишончли маълумотларни киритиш билан ҳам шуғулланади.

Юқорида санаб ўтилган ишлари учун, албатта, унга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

Умуман, мазкур фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатлари қонунда акс эттирилиши унинг тўғридан-тўғри ижро этилиши, аҳоли бандлигини ишончли таъминлашда қўшимча куч бўлиб хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш