Бу мураккаб вазият халқимизни янада жипслаштиради

 

Бугун жаҳонда кенг тарқаб бораётган коронавирус пандемияси нафақат инсонлар соғлиғига хавф солмоқда, балким - давлат бошқаруви, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти учун ҳам жиддий синов бўлмоқда.

Бундай мураккаб вазиятда, давлат бошқарувида тўғри қарор қабул қилиш, барча йўналишда ишларни тўғри ташкил қилиш ва жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлаш муҳимдир.

Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини қабул қилиниши жуда муҳим аҳамият касб этади. Аҳамиятли томони, Фармонда коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш масаласига комплекс ёндошилмоқда.

Яъни, коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш баробарида, ушбу жараёнда мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш масалалари ҳам аниқ белгилаб берилмоқда.

Фармон билан 10 трлн. сўм миқдорида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилмоқда. Ушбу жамғарма маблағлари: коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш; тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш; аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш; иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун йўналтирилади.

Эътиборли томони, Фармонда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Фармонга асосан карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади. Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.

Маълумки, ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли бу - аҳоли бандлигини таъминлашдир. Айниқса, иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис, Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига жамоат ишларини кенгайтириш бўйича қўшимча маблағлар ажратилмоқда. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади.

Мамлакатимизда вужудга келган мураккаб вазиятда, давлатимиз раҳбари томонидан тўғри қарор қабул қилинди, барча йўналишда ишлар тўғри ташкил қилинмоқда, минглаб масъул ходимлар кечаю-кундуз фидокорона меҳнат қилмоқда, фуқароларимиз ўртасида меҳр-оқибат кучаймоқда. Ишончимиз комил - ушбу мураккаб вазият халқимизни янада жипслаштиради.

Зеро бу мураккаб синовларни енгиб ўтишнинг асосий омиллари – қатъий интизом, юксак масъулият ҳамда жамиятимизнинг аҳил ва ҳамжиҳат бўлишидадир!


Улуғбек ВАФАЕВ,

Олий Мажлис Конунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш