БИРДАМЛИГИМИЗГА ХАВФ ТАҲДИД СОЛОЛМАЙДИ

 

Хитойнинг Ухань шаҳрида вужудга келиб, кейин бутун дунёга кутилмаган таҳдид билан хавф солишга улгурган коронавирус муаммоси қўшни давлатлар қатори бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади ва бу, табиий жараён, албатта. Зеро, Жаҳон Соғликни Сақлаш Ташкилоти томонидан бу офатга нисбатан “пандемия” атамасининг ишлатилганлиги ҳам бежиз эмас.

Шундай бўлса-да, бу пандемия неча минг йиллик тарихга эга, не-не синовли кунларни ўз бошидан кечирган матонатли халқимиз юрагига хавотир сололмайди. Президентимиз раҳнамолигида бу касаллик кириб келишидан анча олдин керакли чора-тадбирларнинг бошланганлиги, фуқароларимизнинг жаҳонда кузатилаётган статистик ўзгаришлардан Ватанимизда мавжуд шаффоф ва ошкора фаолият юритаётган Оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам хабардор бўлиб бораётганлиги, қолаверса, халқимизнинг ўзигагина хос бўлган некбинлик, яъни фақат яхши кунларга интилиш, эзгулик тилаш ва ўзаро аҳиллик каби такрорланмас фазилатлари сабаб аҳоли томонидан тўғри қабул қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки,  ваҳима ва хавотир ҳолатни енгиллатмайди, балки бу кишилар ҳаёти ва мустаҳкам ишончига, азалий қадриятларига путур етказиши мумкин.

Ватани, оиласи, болалари учун қайғуришни ҳаётининг мазмуни деб биладиган матонатли халқимиз учун бу муддат – бир олий мақсад – муаммодан беталафот қутулиб олиш, синовни енгиш йўлида бирлашиш, ўзаро тушуниш ва сабрли бўлиш давридир. Бу давр ичида биз ҳуда-беҳуда ваҳимага, сохта таъсирга берилмасдан, юксак фаросатли бўлишимиз, онгли қарорлар қабул қилишимиз, мутахассислар томонидан берилаётган барча тавсияларга – ҳам ўзимиз ва яқинларимиз манфаати учун, умуминсоний қадриятлар юзасидан муносиб жавоб қайтара олишимиз лозим.

Жумладан, гигиена қоидаларига риоя этиш (қўлни тез-тез совунлаб ювиб туриш ёки антисептик геллар ёрдамида тозалаш), жамоат тўпланадиган жойларда бўлишни чеклаш, фарзандларимиз назоратини таъминлаш, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш ҳамда бошқа қоида-қонунларга жиддий эътибор қаратиш ўта муҳимдир. Зеро, тинчлигимиз ва соғлигимиз ўз қўлимизда эканлигини асло унутмайлик!

 

Робия Казимова,

ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш