Аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қандай омиллар таъсир этади? Бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда партия ташкилотлари, депутатлар нималага эътиборни кучайтириши зарур?
Бу саволларга жавоб бераётганда кўпчилик ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш масалаларига тўхталиб ўтади. Лекин яна бир масала бор. Саволга жавоб бериш билан муаммо ҳал бўлмайди. Бунинг учун ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини ўрганиш, шу асосида партия дастурини шакллантириш, кейин эса ғояни, фикрни ҳаракатга айлантириш талаб этилади.
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика ташкилотининг конференциясида иштирокчилар шундай хулосага келди.
Анжуманда даставвал жорий йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар ўтиши муносабати билан партия ташкилотлари зиммасидаги ташкилий ва сиёсий вазифалар, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Партиянинг янгидан тайёрланаётган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси кенг муҳокама этилди, партия фаоллари, депутатлар томонидан муҳим таклифлар билдирилди.
ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси Халилла Эшимбетов республика партия ташкилотининг ўтган беш йиллик фаолияти, депутатлик бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб ўтди:
– Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика ташкилотига 35642 нафар партия аъзоси бирлашган. 16 та туман ва Нукус шаҳар кенгашида 630 та бошланғич партия ташкилоти бор. Ҳисобот даврида партия сафига 10102 нафар янги партия аъзолари қабул қилинди, 29 та бошланғич ташкилоти янгидан тузилди. Ҳисобот даврида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан 59 маротаба сиёсий ўқув-семинар ўтказилди. Партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари томонидан эса 825 маротаба машғулотлар ташкил этилди. Бошланғич партия ташкилотларида 1843 маротаба сиёсий ўқув семинарлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ташаббуси билан «Электоратимиз вакиллари доимо эътиборимизда» акцияси доирасида 126 нафар кам таъминланган, 306 нафар ногирон, 78 нафар нафақадаги, 23 нафар якка-ёлғиз ва ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинди. Акция давомида фуқораларнинг 90 дан ортиқ мурожаатлари ижобий ҳал қилинди ва қолган мурожаатлар назоратга олинди.
Жойлардаги аҳолини ижтимоий жаҳатдан қўллаб қувватлаш ва партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб партия амалий Ҳаракат Дастурида белгиланган 286 та масаланинг барчаси депутатлик гуруҳлари йиғилишларида мукоҳама килинди. Шундан 284 та масала доимий комиссиялар кун тартибида кўрилган бўлса, 186 та масала сессияга олиб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Таъкидландики, партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Партия фикрича, мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражасини яхшилаш учун ҳам хизмат қилиши керак. Бу ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ушбу устуворликдан келиб чиқиб, партия ўз депутатлари орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб боришни, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришни, ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришни кўзда тутади.
Биламизки, ЎзХДП мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилаш учун фойдаланишга қаратилган стратегик йўналишни фаол қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб, Сайловолди дастури лойиҳасида кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қатор таклифлар баён этилган. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини фақат давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига самарали таъминлаб бўлмайди. Демак, кам таъминланган оилалар аъзоларига ўз ишини очиши, мустақил бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш керак. Бунинг учун уларга барча шароитларни яратиш, имтиёзли микрокредитлар бериш тизимини янада такомиллаштириш керак бўлади. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлса, нафақат уларнинг ижтимоий ҳимояси учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди, балки уларнинг ўзи солиқ тўловчига айланади, дейишди сўзга чиққанлар.
Конференция иштирокчилари 2019 йилга мўлжалланган партия сайловолди лойиҳасида аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга оид қатор таклифларни ўртага ташлади.
Конференцияда партия ташкилоти фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Конференцияда партия ташкилотининг 5 йиллик фаолиятига оид ҳисоботи қабул қилинди. Партиянинг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.