Вирус ижтимоий барқарорлик ва бирдамликка рахна солмасин

 

Коронавирус пандемияси дунёнинг кўплаб давлатларида нафақат аҳоли саломатлиги, шу билан бирга, ижтимоий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Касалланганлар сони ошиш, вирус тарқалаётган ҳудудлар кенгайиш билан вазият янада таранглашмоқда.

Кеча Президентимиз бошчилигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилган факт ва рақамлар ҳаммамизга вазиятни яқиндан тушуниб, ҳис этишга ёрдам бериши керак, деб ўйлайман. Вазият жиддийлашаётгани учун давлат катта куч ва имкониятларни сафарбар қилаяпти.

Хусусан, вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган. Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари сафарбар этилиб, уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашяпти.

Карантин амал қиладиган муддатда зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар ойда қўшимча 25 миллион сўм, ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўм, санитар ходимларга 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм рағбатлантириш тўловлари берилиши белгиланди.

Аммо фақат давлат идоралари, тиббиёт ходимларининг ўзигина хавфли вирусга қарши кураша олмайди. Касалликка чалинганлар қанчалик даволанмасин, юқтириб олувчилар кўпаяверса, ҳолат ёмонлашаверади. ОАВ орқали эшитяпмиз, айрим давлатларда вазият назоратдан чиқиб кетяпти, вирус етиб бормаган кўча ва мавзелар қолмади ҳисоб. Ҳар биримиз хулоса чиқаришимиз керакки, давлат билан халқ бирлашиб ҳаракат қиладиган, бир-биримизга яқиндан ёрдам берадиган ҳақиқий синов даври бошланди.

Афсуски, айрим юртдошларимизнинг эътиборсизлиги ортидан мамлакатимизда ҳам коронавирус юқтириб олганлар сони ортиб бораяпти. Аксарият вирус юқтирганлар бир оила аъзолари ёки уларнинг яқинлари бўлиб чиқяпти. Шундан ҳам тушунишимиз керакки, вирус тарқалишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бизнинг оддий эҳтиётсизлигимиз оиламизни, яқинларимизни хавф остида қолдириши мумкин. Шунинг учун вирусдан сақланиш қоидаларига амал қилишимиз, лозим бўлса, атрофимиздагилардан ҳам шуни талаб қилишни бошлашимиз зарур. “Ўзимни асрасам, бўлди”, деган фикрдан воз кечиб, “бир-биримизни асраб-авайлайлик”, деган мақсадга ўтишимиз шарт.

Гарчи юртимизда вазият оғирлашмаган, муайян чекловлар билан ижтимоий ҳаёт бир маромда давом этаётган бўлса-да, саноқли кишиларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги оқибатида ҳолат ўзгариб кетиши мумкин.

Партиямиз илгари сурадиган ижтимоий барқарорлик ва бирдамлик ғоялари учун кураш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Карантин ҳолати қанча чўзилса, бундан биринчи навбатда ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам вакиллари кўпроқ азият чекади. Биз қанчалик ҳамжиҳат бўлсак, ижтимоий муаммолар кўпаймасдан, барқарорликка путур етмасдан коронавирус хавфини енгиб ўта оламиз.

Шунинг учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам кўрсатаётган партиямизнинг барча даражадаги ходимлари, фаоллари ва депутатларига, саховатпеша ҳамюртларимизга миннатдорлик билдирамиз. Синовли кунларда муҳтожларни қўллаб-қувватлаш юксак қадрият даражасига кўтарилишига умид қиламиз.

Партиямизнинг фаоллари, ҳайрихоҳлари ва албатта депутатлар карантин даврида нарх-наволарнинг сунъий оширилишига қарши курашиши, ҳаммани бу ишда масъулиятли бўлишга ундаши зарур. Зеро, халқимиз олдидаги бурчимиз биздан шуни тақозо қилади.


Улуғбек ИНОЯТОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш