Қонун лойиҳалари онлайн видеомулоқот тарзида кўриб чиқилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилиши илк бор онлайн видеомулоқот шаклида ўтказилди.

Депутатлар кун тартибидан ўрин олган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.

Хусусан, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Ушбу ҳужжат лойиҳасига кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш, ташиш махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилиши белгиланяпти. Амалдаги қонунга мувофиқ бу вазифани махсус ваколатли орган бажариши кўзда тутилган. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп воситаларни сақлаш ҳамда ташиш билан боғлиқ ишлар бевосита ҳукумат томонидан тартибга солиниши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.

Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди.

Унга кўра, кам учрайдиган касалликларга даволаш учун мўлжалланган Орфан дори воситалари ва кам учрайдиган (орфан) касалликларга ташхис қўйиш ва даволашда ишлатиладиган тиббий буюмлар рўйхатини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига берилмоқда. Шунингдек, ушбу вазирлик ўта хавфли касалликлар профилактикаси ва ташхисида қўлланиладиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника буюртмасини шакллантириш ваколатига ҳам эга бўлмоқда.

Депутатлар бу чоралар тезкор қарор қабул қилиш керак бўладиган ҳолатларда муҳим экани, айниқса, шу кунларда мамлакатимизда давом этаётган карантин вақтида тезкорлик катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди. Шуларни ҳисобга олиб, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини бу сафар ортиқча мунозараларсиз маъқуллади. Сабаби қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар барча қатъий саволларига ташаббускорлар ва масъул қўмитадан зарур жавоб ҳамда тушунтиришларни олган эди. Қонун лойиҳасининг асосий моҳияти акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятлар, умуман, тадбиркорлик субъектларига облигациялар чиқариш масалаларида эркинликни кенгайтириш назарда тутилган. Шу мақсадда қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ тартибот идораларининг юксак қадриятларга сўзсиз риоя этиши долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси алоҳида эътибор билан кўриб чиқилди. Ҳужжат лойиҳаси Президентнинг тегишли қарори билан тасдиқланган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури асосида ишлаб чиқилган.

Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги меъёрлар киритилиши кутиляпти:

– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва судларнинг гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаганлиги ҳақида уларнинг оила аъзоларини ёхуд бошқа яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурияти;

– шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш,
ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш, шунингдек ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видеоёзувга олиш мажбурийлиги.

Фракция аъзолари бу меъёрларни тўлиқ қўллаб-қувватлади, шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идораларининг қуйи тузилмаларида инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига қанчалик риоя этилаётгани бўйича парламент назоратини ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Онлайн видеомулоқот тарзидаги йиғилишда бошқа масалалар ҳам электорат манфаатларидан келиб чиқиб, атрофлича муҳокама этилди. Таклиф-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш